Маданият

Ёш санъаткорларга сабоқ: Комилжон Отаниёзов ҳақида китоб чоп этилди

© records.suПоёт Комилжон Отаниёзов
Поёт Комилжон Отаниёзов - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбек санъатида беқиёс ўринга эга ҳофиз - Комилжон Отаниёзов ҳақида - "Устоздан қолган дунё" номли китоб чоп этилди. "Устоз санъаткор ҳикматлари" билан танишган, санъат оламига кириб келаётган ёшлар асл санъат фидойиси қандай бўлмоғи лозимлигини англаб етадилар, дейилган Маданият вазирлиги хабарида

ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг қудратли овози, улуғ шахсияти эл ичида афсоналарга айланган. Заҳматкаш журналист Абдулла Сафоевнинг яқинда пойтахтдаги "Турон замин зиё" нашриётида чоп этилган "Устоздан қолган дунё" китоби Комилжон Отаниёзов ҳаёти ва ижодининг янги қирраларини кўрсатувчи манбадир, деб хабар қилди Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот-хизмати.

Поёт Комилжон Отаниёзов - Sputnik Ўзбекистон
Маданият
Комилжон Отаниёзовга ҳайкал ўрнатилади
"Улуғлар ҳақида сўз айтмоқ, китоб ёзмоқ анча мушкул иш. Бу заҳматли меҳнат жараёни ижодкорлардан катта билим ва тажриба талаб қилади. Тиниб-тинчимас, сермаҳсул ижодкор Абдулла Сафоев ана шундай қаламкашлардан. Унинг янги китоби машҳур санъаткор ҳаёти ва ижод йўлини далилий маълумотлар асосида гўзал бадиий лавҳаларда акс эттиргани билан эътиборлидир. Комилжон Отаниёзовнинг "Раҳматнома" номли шеърида шундай мисралар бор:

Мендан олдин ким келса гўзал санъат ичига,

Барчасини пеш тутдим, бўлди ходироҳ менга.

Дарҳақиқат, бу мисралар улуғ ҳофиз санъатининг камтарона, холис ва гўзал тасвирларидир. Муаллиф Комилжон Отаниёзовнинг бошқа бир қанча дурдона қўшиқларининг яратилишини ҳам ўзига хос йўсинда ёритишга ҳаракат қилган. Комилжон Отаниёзовнинг улуғ санoаткор бўлишида оилавий муҳитнинг ўрни катта. Отаси шоир, таржимон, мударрис, "Қуръони Карим"ни ёд олган Отаниёз Ниёзийнинг ажиб хислатлари ҳофиз истеъдоди ва шахсиятининг шаклланишига асос бўлганлиги шубҳасиз. Бу ҳақда китобнинг "Ота изидан бориб…" қисмида батафсил ҳикоя қилинган. Айниқса, Комилжон Отаниёзовнинг бадиҳагўй шоирлиги, Республикамизнинг қайси ҳудудига борса, шу гўшани улуғловчи шеърий туҳфа тайёрлаганлигига урғу берилган", — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, муаллиф ушбу китобида буюк санъаткорнинг сермазмун ҳаёти, жўшқин ижодий фаолияти, саҳна ортидаги қувонч ва ташвишлари, изтироблари ҳақида янги маълумотлар беради.

Амфитеатр - Sputnik Ўзбекистон
Маданият
Инсофга келмаган эстрада хонандалари санъаткорлар сафидан чиқарилади
Шунингдек, ҳофизнинг эл ардоқлаган шогирдлари Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажонов, Олмахон Ҳайитоваларнинг хотиралари билан ўртоқлашгани ҳамда китобга санъаткор ижро этган машҳур қўшиқлар матнлари берилгани қўшимча қилинган.

"Устоз санъаткор ҳикматлари" билан танишган, санъат оламига кириб келаётган ёшлар сўз танлай билиш, бадиият мезонлари, инсонийлик ва меҳр-оқибат, маънавият, санъаткор одоби ҳақида тегишли сабоқ оладилар. Асл санъат фидойиси қандай бўлмоғи лозимлигини англаб етадилар" ", — деб таъкидланган хабарда.

Қайд этилишича, китобдан шунингдек, Комилжон Отаниёзовнинг замондошлари, уни яхши билган, бой ижодий меросидан баҳраманд бўлган Ҳожихон Болтаев, Мадраҳим Ёқубов, Тамарахоним, Ваҳобжон Фаёзов, Санъат Девонов, Ориф Алимахсумов, Эгам Раҳим, Эркин Самандар, Сафарбой Рўзимбоев каби улуғ, таниқли инсонларнинг буюк ҳофиз ҳақидаги фикрлари, мулоҳазалари ўрин олган.

Янгиликлар лентаси
0
Аввал янгилариАввал эскилари
loader
LIVE
Заголовок открываемого материала