Жамият

Абитуриентми ё жиноятчи: 1-август томошалари

© Sputnik / Владимир Вяткин / Медиабанкка ўтишИмтиҳонга тайёргарлик
Имтиҳонга тайёргарлик - Sputnik Ўзбекистон
Обуна бўлиш
НовостиTelegram
Бугун Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда. Воқеа жойида суратга олинган видеороликларни эътиборингизга ҳавола қиламиз

ТОШКЕНТ, 1 авг — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Маҳаллий ОАВларда 1-август куни тест синовлари бўлиб ўтадиган бинога уяли телефон ёки бошқа алоқа воситалари ҳамда шпаргалка олиб киришга уринган абитуриентлар имтиҳондан четлаштирилиши ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Шунингдек, бу йил абитуриентлар тест синови ўтказилган бинони соат 12дан илгари тарк этмасликлари ҳам эълон қилинди.

Айтилишича, бу қоида айрим "билимдон"ларнинг фаолиятига чек қўйиш мақсадида жорий этилган. Маълум бўлишича, айримлар ўқув юртига ҳужжат топшириб, имтиҳон куни тест саволларини телефони орқали суратга олган ва хонани тарк этган. Телефонни эса уни ташқарида кутиб турган шахсга берган. Бу шахс тест саволларини ечиб, хонада имтиҳон топшираётган абитуриентга телефон орқали жавобларни етказиб берган.

Айрим "ихтирочи" абитуриентлар эса телефонни ўз пойабзали пошнасига яширишган. Шу боис бу йил ҳар бир абитуриентдан пойабзал ечиши сўралиб, туфли пошнаси болға билан урилиб текширилиши ҳам эълон қилинган эди.

Айни дамда ижтимоий тармоқдаги Тролл.уз гуруҳида эълон қилинган видеода абитуриентлар имтиҳон олдидан қай тарзда текширилаётганини кўришингиз мумкин.

Имтиҳонга кираверишдаги жойда ходимлардан бири овоз карнайи орқали: "Шпаргалка, валюта ҳар қандай буюмларни ўз ихтиёрингиз билан топширишингиз шарт. Божхона ходимлари томонидан аниқланса тестдан чиқиб кетилади", — деган гапларни бақириб турибди.

Фестиваль Корана в Москве - Sputnik Ўзбекистон
Жамият
Ўзбекистон мусулмонлари идораси абитуриентлар учун дуолар тўпламини эълон қилди
Шунингдек, "махсус текширувчилар" ўғил бола абитуриентларнинг ечилган туфлиларини асфальтга "қарс-қарс" уриб текширишаётгани акс этган. (Дунёнинг энг машҳур аэропортларида йўловчилар бу тарзда текширувдан ўтказилмаса керак)

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Тролл жойлаган видео остидан ўз фикр мулоҳазаларини қолдиришмоқда.

Жумладан, Тим Азаматов никли фойдаланувчи текширишдан олдин "ақлли" абитуриентлар пайдо бўлиши сабабларини ўрганиш керак эмасми, деб фикр билдирган.

"Ҳозирги томоша ОТМларга кириш тизимининг нақадар ночорлигини кўрсатади. Лекин нимагадир ҳеч ким сабабларни ўрганмаяпти, ҳамма натижага қарши курашиш билан банд", — деган у.

Абдуллаева Шахида эса имтиҳонлар одамларнинг устидан кулиш тадбирига айланиб бораётганидан шикоят қилган.

"Қизим имтиҳон топширганида бечора ўғил болаларни турсикчан қилиб текширишган. Бечора ёшлар имтиҳон топширгани келадими ёки камситилиш учунми? Мен умуман "шок"ка тушганман. Қизларни тўсиқ ортида алоҳида текширишган".

"Болаларни худди улар жиноятчидек текширишмоқда, тавба", — деб изоҳ қолдирган Наталья Гурьева.

Юқорида келтирилган видеода эса "шпаргалка" билан қўлга тушиб, имтиҳондан четлаштирилган абитуриент қиз билан боғлиқ можаро акс этган.

Шу ўринда айтиш жоизки, "Ўзбектелеком" АК сал олдин абитуриентларнинг ОТМларга кириш имтиҳонларини очиқ амалга оширилишида техник қўллаб-қувватлаши, Тошкент давлат юридик университетида имтиҳон интернет тармоғида онлайн-видео йўли билан намойиш этилиши ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистондаги барча олий ўқув юртларида кириш имтиҳонлари онлайн тарзда ўтказилса, шу билан ўтган йилларда кузатилгани каби: "Х вариантни деб имтиҳонга кеч қолган ва киритилмаган" абитуриентлар ёхуд юқорида тилга олинган камситилишлар ва туфлини молоток билан уриб текширишдек кулгили ҳолатлар барҳам топган бўлмасмиди? 

Янгиликлар лентаси
0