"Унвон олгунича тинимсиз елиб-югуради": Мирзиёев хонандаларни танқид қилди

Oбуна бўлиш
Ўзбекистон президенти мусиқа санъати соҳасида фахрий унвонлар, авваламбор, "Ўзбекистон халқ артисти", "Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби", "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" каби мукофотлар билан тақдирлаш масаласини танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш керак, деб айтди

ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 август куни ижодкорлар, санъат вакиллари ва журналистлар билан ўтказган учрашувида санъат оламидаги ҳозирги аҳволни қаттиқ танқид остига олди.

Мирзиёев Ўзбекистонда маданият тизимини ривожлантириш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилаётганига қарамай, бугунги кунда тизим фаолиятини қониқарли баҳолай олмаймиз. Маданият вазирлиги мутасаддиларида сусткашлик, ўзибўларчилик, хотиржамликка берилиш кайфияти давом этаётганини таъкидлади.

Шунингдек, президентга кўра яна бир муҳим масала — энг оммавий санъат бўлган эстрада санъатини ривожлантириш вазирлик эътиборидан четда қолмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев: адабиёт ва санъат, ОАВларнинг бизнесга айланишига йўл қўймаймиз
"Энг асосий камчилик — бу соҳада ижод қилаётган аксарият ижрочилар фаолиятида талабчанлик ва масъулият, ижтимоий жараёнларга дахлдорлик туйғуси тобора пасайиб бормоқда.

Мен ўз тажрибамдан яхши биламан, катта байрамларимизни — бу Мустақиллик, Наврўз ёки Конституция байрами бўладими — уларни ўтказишда бизни энг қийнайдиган, хунобимизни чиқарадиган нарса — бу эстрада дастури эканини ҳаммангиз яхши биласиз. Минг афсуски, мана шу ҳолат ҳали ҳам барҳам топгани йўқ.

Эстрада санъатидаги камчиликларнинг асосий сабаблари ҳеч кимга сир эмас. Кўпчилик қўшиқчилар масъулиятни унутиб, ўз устида ишламай қўйган, изланиш, маҳоратини ошириш, янги ижодий ғоялар билан яшаш, санъат дунёсига, мухлисларга ҳурмат каби тушунчалар уларга бегона бўлиб қолган, десак, қанчалик аччиқ бўлмасин, бу ҳам ҳақиқат.

Шундай санъаткорлар ҳам борки, унвон олгунича тинимсиз елиб-югуради, ҳол-жонингизга қўймайди. Унвон олдими, тамом, сувга тушган тошдек жим бўлиб кетади. Улардан унвонга яраша, халқнинг эътиборига яраша ижод қани, деб сўраш ўринлими ёки йўқми? Ижодкорнинг талаби билан бирга бурчи ҳам бўлиши керак эмасми?", — деди Мирзиёев.

Шу муносабат билан мусиқа санъати соҳасида фахрий унвонлар, авваламбор, "Ўзбекистон халқ артисти", "Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби", "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист", "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими" каби мукофотлар билан тақдирлаш масаласини, бу борада қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатларни танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.

"Етиволсам еб қўяман": ўзбек эстрадасидаги тумтароқ оҳанглар ва бемаъни шеърлар
"Кўпчилигимиз яхши биламиз, илгари "Халқ артисти" деган унвон олиш учун санъаткор неча ўн йиллар самарали ижод қилиши талаб этиларди. Масалан, машҳур ҳофиз Таваккал Қодиров "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" унвонини олганидан кейин — шунга эътибор беринг — орадан 25 йил ўтиб, "Ўзбекистон халқ артисти" унвони билан тақдирланган эди. Яқин ўтмишдан бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Шу маънода, унвон беришда санъаткорнинг фақат тўртта қўшиғи эмас, унинг ижтимоий фаоллиги, муносиб шогирдлар тарбиялагани, эл-юрт ўртасидаги обрў-эътибори, энг муҳими, санъатга садоқати устувор мезон сифатида белгиланиши шарт. Бошқача айтганда, биз бу юксак унвонларнинг нуфузи ва обрўсини сақлашимиз лозим.

Бизнинг халқимиз — санъатсевар халқ, ўзи севган, ёқтирган ижрочиларни нафақат телевизор ёки саҳнада, балки ўзининг яхши кунларида, тўй-ҳашамларида ҳам кўргиси келади. Буни ҳаммамиз тўғри тушунамиз. Минг афсуски, бугунги эстрада хонандаларининг аксарияти ҳали Янгийўлга, ҳали Шовотга, ҳали Янгиқўрғонга, ҳали Чироқчига тўйга қатнаш билан овора. Бошқа бирон масала билан иши йўқ.

Албатта, санъаткорда ҳам оила, бола-чақа бор, уларнинг ҳам ҳаётий эҳтиёжлари бор. Буниям тўғри тушунамиз. Лекин ижодни пулга, мол-дунёга алмаштирган одамдан санъат шафқатсиз ўч олади. Охир-оқибатда ҳар қандай ёрқин истеъдод ҳам сўниб, эл-юрт назаридан қолади.

Ўзбек эстрадасига назар: замонавий қўшиқлар ҳақида луқмалар
Шу ўринда, яна бир масалага сизларнинг эътиборингизни қаратмоқчиман. Гап санъаткор одоби, уларнинг юриш-туриши, кийиниш маданияти, муомаласи билан бошқаларга, энг аввало, ёшларимизга ўрнак бўлиши зарурлиги ҳақида бормоқда.

Хушовоз хонанда Санобар Раҳмонованинг бир пайтлар куйлаган дилбар қўшиқларини томошабинлар ҳозир ҳам соғиниб эслайдилар. Бу санъаткор телеэкранда ҳам, саҳнада ҳам иболи, ҳаёли, ҳақиқий ўзбек қизининг қиёфасини, чинакам образини яратиб, қанча-қанча қизларимизга ибрат бўлган эди.

Афсуски, бугун телевидение орқали берилаётган баъзи клипларни оила, фарзандлар даврасида томоша қилиб бўлмай қолди. Ҳар бир ҳаракатида ғарбга тақлид сезилиб турадиган, очиқ-сочиқ кийинган ёшларни кўриб, наҳотки шулар ҳам бизнинг фарзандларимиз, бизнинг миллатимиз вакиллари бўлса, деб ўйлаб қоласан киши.

Албатта, бундай муаммолар санъатни муқаддас деб биладиган устоз ижодкорларимизни ҳам қийнаётгани табиий. Шундан келиб чиққан ҳолда, "Ўзбекконцерт" қошида "Ўзбекистон халқ артистлари" клубини ташкил этсак, нима дейсизлар?", — деб таъкидлади президент.

Ўзбекистон раҳбари клубнинг энг фаол аъзолари бўлган Халқ артистларини йил якуни бўйича эътироф этиб, рағбатлантириб боришни ҳам йўлга қўйиш лозимлигини айтиб ўтган.

"Сизларга маълумки, собиқ иттифоқ ҳудудидаги бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, фақат Ўзбекистонда эстрада ижодкорлари аҳолига маданий хизмат кўрсатишдан топадиган даромадлари бўйича солиқ тўлаш мажбуриятидан озод қилинган. Айтайлик, хонандаларимиз ўзининг гастроль-концерт фаолиятини амалга ошириш учун бир йилда бир марта белгиланган тартибда маълум миқдордаги маблағни тўлаб, лицензия олади. Бўлди. Бошқа солиқ йўқ. Аксарият қўшиқчилар мана шу лицензияга тўлайдиган пулини битта тўйда топиши ҳам сир эмас.

Шунинг учун баъзан молия ва солиқ идоралари томонидан эстрада хонандаларини, бошқа давлатлардаги каби, даромад солиғига тортиш бўйича таклифлар билдирилади. Лекин биз азбаройи санъатимиз, маданиятимиз ривожини, халқимизнинг маънавий савиясини юксалтиришни ўйлаб, бу таклифларга розилик бермай келаяпмиз.

Ҳаммангиз тушунасиз, саломга яраша алик ҳам бўлиши керак. Халқимиз санъаткорлардан яратилган ана шундай имконият ва имтиёзларга яраша жавоб кутишга ҳақли, албатта.

Блогер Мирзо Субханов - Sputnik Ўзбекистон
Блогер Мирзо Субханов Озодбек Назарбековга: сиз санъаткорми ёки тадбиркор?
Шу муносабат билан бугун бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтишни зарур, деб ҳисоблайман.

Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз.

Кимда-ким бу соҳаларга фақат пул ишлаш, фақат иқтисодий фойда кўриш мақсадида кираётган бўлса, улар, марҳамат, тадбиркорлик, бизнес соҳасига борсин. Мана, бу борада қанча-қанча имконият ва имтиёзлар яратиб беряпмиз — шу соҳага ўтиб ишласин. Лекин ижодий ишларга аралашиб, ўзини ҳам, санъат деган муқаддас тушунчани ҳам беобрў қилмасин. Буни ҳеч ким ҳеч қачон унутишга ҳаққи йўқ", — деб хулоса қилган Мирзиёев.

Янгиликлар лентаси
0