ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Хитойнинг Suzhou Weiji компанияси Ўзбекистонда чинни ишлаб чиқарувчи йирик мажмуа қуришни режалаштирган, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Яқин кунларда компания бошлиғи Ван Ютао бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга етиб келди ва ушбу лойиҳани амалга ошириш борасида музокаралар олиб борди.
“Томонлар маҳаллий хом—ашёдан чинни маҳсулотини ишлаб чиқариш бўйича мавжуд бўлган масалаларнинг аксарияти борасида келишиб олишди. Хитой томони Тошкентда ушбу йўналишда илмий-текширув институти очиш борасида ҳам келишиб олишди. Лойиҳани амалга ошириш мақсадида биргаликда ишчи гуруҳ ташкил қилинди”, — деди Инвестициялар давлат қўмитаси вакили.
Эслатиб ўтамиз, Совет иттифоқи даврида Тошкентда Ўрта Осиёда энг йирик чинни заводи бўларди. У ишлаб чиқарган “Пахта”, “Атлас” ва “Олтин кийик” номли сервизлар қисқа вақт ичида Иттифоқнинг барча бурчакларида машҳур бўлиб кетган эди. Ундан ташқари Тошкентда ҳудудда ягона бўлган ихтисослашган чинни маркази мавжуд эди.