ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ёшлар иттифоқи ходимларига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни харид қилиш учун кредит ажратиш тўғрисида чора-тадбирлар режасини тасдиқлади, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
Жумладан, "Асака" банк томонидан Қорақалпоғистон Ёшлар иттифоқи раиси, вилоят, шаҳар, туман иттифоқлари, шунингдек марказий иттифоқ ходимларига кредитлар ажратилади. Бу чоралар иттифоқ ходимларига ўзларига юклатилган хизмат вазифаларини тезкорлик ва ўз вақтида бажаришлари учун амалга оширилмоқда.
Ҳужжатга кўра, ходимларга асосан "Spark" ва "Damas" автомашиналарини харид қилиш режалаштирилган. Кредитлар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий Кенгаши томонидан тақдим этилган рўйхат асосида ажратилади. Рўйхат мавжуд бўлган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Кредитлар 10 йилгача муддатга берилади. Бошланғич бадал тўлов автомашина умумий нархининг 15 %ни ташкил қилади. Фоиз тўловининг миқдори — кредит ажратилган кундаги Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаштириш ставкаси бўйича амалга оширилади.
Ўзбекистон ҳукумати "Ўзавтосаноат" компаниясига Ёшлар иттифоқи ходимларига машина билан бетўхтов таъминлаб туриш юзасидан топшириқ берилди.
Бундан ташқари, республикада 2018-2021 йилларда ёшларга уй-жойларни қуриш бўйича дастур ишлаб чиқилмоқда. Демак, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилалар ўз уйларига эга бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, Ёшлар иттифоқи аъзоларига ўқиш контракт пулини тўлаш учун моддий ёрдам кўрсатилади. 2018 йил 1 январдан ёш мутахассислар қисман даромад солиғидан озод этилади. Лицей, коллеж ва олийгоҳлар битирувчилари дастлабки ишга кирганда биринчи меҳнат қилиш йилида даромад солиғининг ярмини, қолган икки йил давомида эса чорак миқдорини тўлайдилар. Ушбу янгилик сўнгги уч йил битирувчиларга тегишли бўлади.