ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. 2017 йилнинг 18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов бошчилигидаги делегация Вашингтон шаҳрига ташрифи доирасида АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашида ва Давлат департаментида учрашувлар ўтказди, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Учрашувларда АҚШ томони Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида бўлиб ўтадиган Марказий Осиёдаги хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш масалалари бўйича халқаро конференциясида АҚШ юқори даражада иштирок этишини таъкидлади.
АҚШ маъмурияти вакиллари Ўзбекистонда сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда кўрилаётган қатъий чора-тадбирларни ижобий баҳоладилар. АҚШ томони келгуси йилларга мўлжалланган ривожланиш Стратегиясининг мақсад ва вазифаларига эришиш учун Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди.