Ўзбекистон Қозоғистон билан чегарадаги юк машиналари борасидаги вазиятга изоҳ берди

© Sputnik / Евгения НовоженинаВодитель в кабине автомобиля
Водитель в кабине автомобиля - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ушбу вазият билан боғлиқ шов-шувларни қонунга риоя қилмайдиган юк ташувчилар келтириб чиқармоқда, деб ҳисоблайди Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги бошлиғи ўринбосари Шоалим Шоваҳобов

ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида юк ташишни амалга ошириш бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ, деди Sputnik мухбирига Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги бошлиғи ўринбосари Шоалим Шоваҳобов.

Илгарироқ Қозоғистон ОАВ мамлакат инвестициялар ва тараққиёт вазирлиги расмий вакили Мурат Жуманбаевга таяниб 150дан ортиқ Қозоғистон автотранспорт воситалари қозоқ-ўзбек чегарасидаги ўтказув пунктларидан бирида тўпланиб қолганлиги ҳақида хабар тарқатганди. Унинг сўзларига кўра, 40та автомобилда учинчи мамлакат ҳудудига юк олиб ўтиш учун чегарани кесиб ўтиш махсус бланкалари бўлмаган.

"Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида халқаро автомобил ташувлари тўғрисида икки томонлама келишув имзоланган. Ушбу келишувга мувофиқ, икки давлат ўртасидаги ва улар ҳудуди бўйлаб транзит ташувлар рухсатномасиз асосда амалга оширилади. Қозоғистондан Ўзбекистонга ёки аксинча юк ташувларни амалга оширишда ҳеч қандай муаммо йўқ. Шунингдек, автотранспорт воситаларининг ушбу ҳудудлар орқали транзит ҳаракатида ҳам ҳеч қандай муаммо мавжуд эмас", — деди Шоалим Шоваҳобов.

Унинг сўзларига кўра, юкларни учинчи мамлакатга/дан олиб ўтиш рухсат бланкалари асосида амалга оширилади.

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида автомобиллар ҳаракати бошланди

"Жорий йил учун Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги ҳамда Қозоғистоннинг тегишли органи билан 1200 дона рухсат бланкалари алмашилган. Бугунги кунга келиб Қозоғистон томони 700га яқин бланкадан фойдаланган. Шундай экан, бланкалар йил охирига қадар етади", — деди суҳбатдош.

Ушбу вазият билан боғлиқ шов-шувларни эса қонунга риоя қилмайдиган юк ташувчилар келтириб чиқармоқда.

Шундай ҳолатлар ҳам борки, деди Шоваҳобов, айрим юк ташувчилар қўлида рухсат бланкалари бўлмаган ҳолда чегарага келишади ва уларни Ўзбекистонга ўтказиб юборишларини талаб қилишади.

"Бироқ, қонунчиликка кўра, учинчи давлатдан/га республика ҳудудига юк билан кириш чоғида мажбурий тартибда рухсат бланкалари расмийлаштирилиши шарт", — деб таъкидлади агентлик бошлиғи ўринбосари.

Янгиликлар лентаси
0