Тошкент мени ички табассуми билан ҳайратга солди - режиссёр Барзу Абдураззоқов

© Sputnik / Руслан Кривобок / Медиабанкка ўтишРежиссер Барзу Абдураззаков, архивное фото
Режиссер Барзу Абдураззаков, архивное фото - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Театр шинавандалари ва режиссёрлик касби маҳоратини тушунадиганлар томонидан орқаваротдан "Илоҳий режиссёр" дея таърифланадиган тожикистонлик драматург ва режиссёр Барзу Абдураззоқов айни кунда шарқ афсонаси - "Фарҳод ва Ширин" спектакли постановкаси устида ишлаяпти

ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳридаги Муқимий номли мусиқали драма театрида декабр ойининг иккинчи ярмида янги премьера бўлиши кутилмоқда.

Тожикистонлик драматург ва режиссёр Барзу Абдураззоқов айни кунда шарқ афсонаси — "Фарҳод ва Ширин" спектакли постановкаси устида ишлаяпти.

…Барзу Абдураззоқов ўзига бериладиган юксак таърифлардан "кеккайиб" кетадиганлар тоифасидан эмас. "Мен ҳаддан зиёд иккиланувчан инсонман. Ички зиддиятларим ниҳоятда кўп. Мақтовлар мени ҳеч қачон тинчлантира олмайди, улардан иккиланишларим, аксинча, ортади. Ҳар бир янги кунни "нол"дан бошлайман. На таълим, на тажриба менга бу борада ёрдамчи бўла олмайди", дейди у.

Режиссёр, драматург, кино ва театр актёри, Тожикистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Барсу Абдураззоқов билан суҳбатимиз Муқимий театрида кечди.

— Барзу ака, сиз охирги марта Тошкентда 2007-йилда бўлгансиз ва ўзбек артистлари билан биргаликда Мольернинг "Скапеннинг ҳийласи" пьесасини қўйгансиз. Орадан 10 йил ўтиб Ўзбекистонга қайтдингиз. Тошкент сизда ҳозир қандай таассурот уйғотди?

— Таассуротларим ажойиб. Мен бу ҳақда ҳаммага айтяпман, ёзяпман. Бошқа юртларга кетган ўртоқларимга ҳам: "бекор кетибсиз, Тошкентга қайтиш керак", дедим. Биласизми, биз "Тошкент нон шаҳри" фильмини томоша қилган авлодмиз. Шу картина туфайли, ҳатто, Тошкентда бўлмасак ҳам бу шаҳарга кўнгил қўйганмиз. Ҳозир, бу ерга келгач, ўзимни катта шаҳарга тушиб қолган ёш боладек ҳис қиляпман, севинчим ичимга сиғмаяпти. Шаҳар таратаётган ифорни, унинг меҳмондўст халқини айтмайсизми! Энг муҳими, бутун шаҳар табассум қилмоқда. Ҳа, шаҳарнинг табассумга мойиллиги ҳайратга солмоқда мени. Даода "ички табассум" деган тушунчаси бор. Тошкентда ҳам мана шу сингари ички табассум пайдо бўлган. У атрофни нур билан тўлдирмоқда. Қаерга бормай — шу табассумга дуч келяпман. У шунчаки расмий эмас, ич-ичдан тараладиган, самимий табассум. Бу мени чексиз шод этмоқда, шаҳар гуллаб-яшнаётганидан, ажойиб ҳид таратаётганидан хурсандман. Тошкентда шунчаки таомлар эмас, балки — табассум ва эзгулик ифорлари таралмоқда. Менинг таассуротларим мана шундай.

Ошский узбекский академический музыкально-драматический театр имени Бабура - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон Ўш театрига 30 минг долларлик либос ва декорациялар тақдим қилди
— Тошкентга келишингиз қандай кечди?

— Тақдир тақазоси туфайли. Мен қадимги грек психологиясига эга инсон сифатида, тақдирга ишонаман. Тошкентга бориш хаёлимда ҳам йўқ эди. Чунки бошқа мамлакатда ишлар билан банд эдим. Аммо тақдир тақазоси билан бир премьерадан иккинчисига қадар 1,5 ой бўш вақт пайдо бўлди. Худди шу вақтда Мирзо Азизов (Муқимий театри раҳбари, — таҳр.) қўнғироқ қилиб, навбатдаги бор "Келасизми ёки йўқ", деб савол берди. Табиийки мен "йўқ" дея олмасдим. Аввало, Тошкентни чексиз соғингандим. Ўзбек тили, ўзбек миллий мусиқаси, ўзбекистонликлар ва йиллар давомида учраша олмаган дўстларимни қаттиқ соғинган эдим. Яна муҳаббат ҳақида спектакль қўйишни ҳам юракдан хоҳлаётгандим.

— Нега айнан муҳаббат ҳақида?

— Ўзим енгилтабиатроқ бўлганим учундир (кулади).

Биласизми, бугун тўртинчи репетициямиз бўлди ва ўзбек актёрлари менинг бу муҳаббат тарихига нисбатан қарашларимдан бироз довдираб қолдилар. Чунки мен муҳаббатнинг барча, ҳатто, ёқимсиз қирраларинида кўриб чиқаман. Мен унга сайқал бермайман, балки аланга олдираман. Муҳаббатни бу туйғуни инкор этадиган нуқтагача олиб бораман. Муҳаббат муҳаббат билан тўқнашиб, ўртада нафрат ва муҳаббат туғилади. Бу машъум муҳаббат. Сиз ундан воз кечолмайсиз ва шу вақтнинг ўзида ундан чарчайсиз. Лекин уни унитолмайсиз. Икки ошиқ бир-бирини севадими ёки аксинча, нафратланади, ҳатто уларнинг ўзига ҳам аён эмас…

Мен муҳаббатнинг барча қирраларини кўздан кечиришни хоҳлаяпман.

© Facebook / Театр "Жас Сахна"Барзу Абдураззаков
Барзу Абдураззаков - Sputnik Ўзбекистон
Барзу Абдураззаков

— Актерлардан нимани талаб қиляпсиз?

— Эътибор! Ҳозир мени фақат эътибор қизиқтиради.

Актёрлар таркиби танланмагани учун, жамоавий таҳлил билан шуғулланяпмиз. Биз муҳаббатни, худди рак ўсимтаси сингари микроскоп ёрдамида кўздан кечириш, унинг бузғунчилик хосиятларини англаш билан бандмиз. Биз у қандай қилиб ҳамма нарсани йўқ қилиб ташлашини тушунишни хоҳлаяпмиз.

Шу боис, ҳозирги вазифамиз диққат билан микроскопга қарашдан иборат.

Ё илм - ё фильм, ё наср - ё басир, ё назм - ё маразм
— Нега режиссёрлик касбини танлагансиз?

— Жавобим эҳтимол сизни лол қолдирар. Мен актёрларнинг фарзандиман. Ота-онам театр соҳасида хизмат қилишган. Туғилибманки, театрда яшаганман. Ота-онам саҳнада вақтларида олд қаторда ухлаб қолардим… Шу боис, театрни севишим мумкин ҳам эмасди, бу аҳмоқлик бўларди. Мен ундан нафратланардим. Мен театрга унга бўлган муҳаббатим туфайли эмас, аксинча, нафратим туфайли келганман. Балки онгу шууримда уни вайрон қилиш мақсади бўлгандир. Ҳа, худди диверсант сингари — бомба қўйиб, портлатиб юбориш учун келган эдим. Кейин эса кутилмаганда мени ўзига асир қилган театрни севиб қолдим.

Мен ўз жаллодимга кўнгил қўйдим.

— Барзу ака, сиз қилган ишлар ҳақида кўплаб илиқ фикрларга кўзим тушди. Яқинларингиз баҳоси сиз учун муҳимми ёки ўз ишидан ҳеч қачон кўнгли тўлмайдиган инсонсизми?

— Яқинларим фикри жуда муҳим. Мени танқидчилар эмас, балки фарзандларим фикри қизиқтиради. Залда ўғилларим ва рафиқам ўтирса, жуда ҳаяжонланаман. Мен барча спектаклларимни мана шу уч инсон учун қўяман. Чунки улар холис баҳо беради. Премьерадан сўнг мен табриклардан ҳам кўра, улар залда қандай пайдо бўлишини интизорлик билан кутаман. Уларнинг ҳатти-ҳаракатларига қараб, спектаклим қандай чиққанини англаб оламан.

— Тер тўкиб меҳнат қилган спектаклингизни томошабин қабул қилмаган вақтлар ҳам бўлганми?

— Албатта. Томошабин яхши кўрмайдиган севимли спектаклларим бор. Мен яхши кўрмайдиган, аммо томошабин муҳаббатини қозонган спектакллар ҳам бор. Албатта, дилим оғрийди, мен севган ўша спектаклга кўпроқ меҳнат сарф қилганман, у яхшироқ, сифатлироқ, ақллироқ, у кўпроқ фойда келтиради. Тушунаяпсизми? Мисол учун саримсоқ сингари. "Сникерс" егандан кўра, саримсоқ еган яхши эканлигини биламизку. Лекин одамлар фойдалисини олишмайди. Мен севган спектаклларга одамлар кам келади. Шундай вақтларда саҳна ортида туриб йиғлагим келади… Чунки мен бу спектаклнинг аҳамиятини яхши тушунаман ва шундан қаттиқ азоб чекаман.

— Сўнгги вақтларда бўш заллар муаммоси пайдо бўлган. Одамлар театрларга бормай қўйди. Сизнингча томошабинни залларга қандай қайтарса бўлади?

— Бу жуда мураккаб савол. (ўйлаб қолади) Мана мисол учун, мен ҳар куни кечқурун "N" кафесига овқатлангани бораман. Ва ҳар кеч мен у ерда пайдо бўлишим билан уларда мени қаерга ўтқазиш муаммоси туғилади. Чунки кафе одамларга лиқ тўла бўлади. Улар ҳеч кимга ҳеч нарса ваъда бермайди, лекин одамлар ўша кафега бораверади.

Нега?

Чунки у ерда таомлар жуда мазали. Муомала яхши. Озодалик ҳукмрон. Яхши хизмат кўрсатишади. Театрдаги муаммолар ҳам биз яхши таом тайёрлай олмаётганимиз туфайлидир.

Нега деганда, бизнинг маҳсулотимиз — бу тафаккуримиз, онгимиз, профессионаллигимиз, ишончимиз демакдир. Артистлар чиптани пулга олиб, уларнинг ижросини томоша қилишга келган мухлисларга муҳаббатли бўлишлари, тўлалигича ўзларини бахш эта билишлари керак.

Биз томошабинни севмай қўйдик, шу боис томошабин ҳам театрга келишни тўхтатди.

Театр нуфузини қандай оширса бўлади? - Мирзиёев фикри
Айб томошабинда эмас, айб БИЗДА. Агар менинг спектаклимга келишмаяпти экан, демак мен ниманидир нотўғри қиляпман. Балки қилаётган ишларимиз у қадар ишончли эмасдир. Томошабинни қайтариш учун театрларни ўрганиб чиқишимиз керак. У ерлардан яхши сигналлар келмай қўйган. Мутахассислар буни ўрганишлари керак. Бугунги кунда театрларда мутахассислар етишмайди — улар 98% иқтидорсиз одамларга тўлган. Ҳар қандай томошабин сизнинг камчилигингизни кўра ола билса — демак у ёмон театр.

Тасаввур қилинг, залда 600 нафар томошабин ўтирсаю, ҳар бири сизнинг камчилигингизни кўра олса. Устига-устак, камчилигимизни кўра олган одамларга "сиз театрни тушунмайсиз", дея жавоб беришга одатланиб қолганмиз. Тасаввур қилинг, мен кафега келсаму, у ерда менга шўр овқатни беришса. "Овқатингизни тузи кўп экан", деган эътирозимга "Сиз овқатни тушунмас экансиз", деб жавоб беришса…

Томошабин бугун энг гўзал картиналарни томоша қилиш имконига эга. Интернетда минглаб яхши фильмларни кўряпти у. Театр саҳнасида ёмон драматургияни кўрсатиб, яна томошабинни аҳмоққа чиқариш, бу уни ҳақоратлаш дегани. Ҳеч ким ҳеч қачон бундай театрни севмайди, унга пул тўлаб ҳаётда кирмайди.

— "Фарҳод ва Ширин"да томошабин нимани кўради?

— Менинг фикримни, таассуротларимни. Спектаклда бугунги кундаги тушунчаларимни акс эттиришга ҳаракат қилдим. Тажрибам бугун бу шундай бўлиши керак, деб кўрсатди ва мен ички ҳиссиётларимга бўйсундим. Томошабин мени тошбўрон қилиши мумкин, лекин бу менинг бугунги тушунчаларим. Эҳтимол, адашаётгандирман…

— Барзу Абдураззоқов нимани орзу қилади?

— Муносиб ҳаёт кечириб, жаннатга тушишни.


Тожикистоннинг хизмат кўрсатган артисти Барзу Абдураззоқов 1959 йил Душанбе шаҳрида таваллуд топган. Унинг отаси таниқли артист Хабибулло Абдураззоқов, онаси — актриса Фотима Гулямова.

1980 йил Тожик санъат институтининг режиссёрлик факультетини, 1987 йил — Москвадаги А.В.Луначарский номидаги олий ўқув юртининг режиссёрлик бўлимини тугатган.

2009 йилда Душанбедаги Маяковский номли театр саҳнасида намойиш этилган "Телбалик. 1993-йил" постановкаси Тожикистон Маданият вазирлиги таъқиқига тушган.

Шундан сўнг режиссёр ўз мамлакатида ишлаш имкониятидан маҳрум этилган ва 2013-йилда Қирғизистонга кетган. Режиссёр бугунги кунгача Ч.Айтматов номидаги Давлат рус драма театрида ишлаб келмоқда. Кетма-кет икки марта Қирғизистоннинг энг яхши режиссёри унвони билан тақдирланган.

Янгиликлар лентаси
0