Президент ўтказган йиғилишда хотин-қизлар қўмиталари фаолияти қониқарсиз экани таъкидланди

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев на расширенном заседании Совета безопасности при Президенте Республики Узбекистан
Шавкат Мирзиёев на расширенном заседании Совета безопасности при Президенте Республики Узбекистан - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Йиғилишда хотин-қизлар қўмиталари фаолияти қониқарсиз экани, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга кўмак бериш, эрта никоҳлар, ажрашишлар ва аёллар жиноятчилигининг олдини олишга етарлича эътибор берилмагани таъкидланди

ТОШКЕНТ, 7 фев – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 7 февраль куни хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Хотин-қизлар қўмитаси вакилларини "бегона" тадбирларга жалб қилиш тақиқланди

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, ўтган йили жамоатчилик назорати гуруҳлари ташкил этилиб, хотин-қизлар ҳаётидаги муаммолар ўрганилди. 2017 йилда жами 5 миллиондан ортиқ хонадонга кириб борилиб, оилалар томонидан кўтарилган масалаларни ҳал этиш чоралари кўрилди. Жумладан, 22 мингта оилада ажрашиб кетишнинг олди олинди, 36 минг фуқаро ишга жойлаштирилди, 14,5 минг юртдошимизга имтиёзли кредит олишда ёрдам берилди.

Йиғилишда бу оилалар фаровонлигини таъминлашга қаратилган муҳим ишларнинг бир қисми холос эканлиги, бу борада амалга ошириш зарур бўлган қатор долзарб вазифалар турганлиги таъкидланди.

"Хотин-қизларга эътибор ҳамма вақт барча саъй-ҳаракатларимиз марказида бўлиши, ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши керак. Оилага эътибор аслида бу ўзлигимизга эътибордир", деди президент.

Йиғилишда хотин-қизлар қўмиталари фаолияти қониқарсиз экани, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга кўмак бериш, эрта никоҳлар, ажрашишлар ва аёллар жиноятчилигининг олдини олишга етарлича эътибор берилмагани таъкидланди.

Билдирилишича, охирги йилларда ажрашишлар сони ҳар йили 10-11 фоизга ошиб борган. 2017 йилда 31 мингдан зиёд ажралиш ҳолати қайд этилган. Бунинг оқибатида, асосан, аёллар ва болалар жабр кўрмоқда. Аёллар ўртасида жиноятга қўл уриш ҳоллари кўп учрамоқда.

Жених и невеста на бракосочетании - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда "ЗАГС"лар ажримларнинг олдини олиш билан шуғулланади

Шавкат Мирзиёев мамлакат хотин-қизларининг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминлаш, турмуш шароитларини ҳар томонлама яхшилаш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Топшириқларга мувофиқ, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг барча бўғинларидаги раҳбарлар фаолияти танқидий ўрганилиб, вазифасига нолойиқ кадрлар ўзгартирилади.

Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ва ногирон хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, улар билан якка тартибда ишлаш тизими жорий этилади.

"Оила" маркази ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Судлар томонидан қарор қабул қилинаётганда, биринчи навбатда, ажралишларнинг олдини олиш, мазкур жараёнда аёллар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган чоралар кўриш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Сотрудник закрывает дверь следственного изолятора - Sputnik Ўзбекистон
Хотин-қизлар қўмитаси аралашуви туфайли самарқандлик аёл суд залида озодликка чиқарилди

Жойлардаги фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари фаолияти танқидий ўрганилиб, уларга ўз вазифаси моҳиятини тушунадиган, адолатли, оилавий қадриятларимизни ҳурмат қиладиган, профессионал кадрлар тайинланади.

Ишлаш истаги бўлган хотин-қизларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, аёлларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.

Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир маҳалла кесимида иш олиб борилади. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, шунингдек, ўтган йили махсус рўйхатдан чиқарилган 2 минг 587 нафар диний оқим аъзоси бўлган аёлларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, ижтимоий муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Хотин-қизларнинг тиббий маданиятини ошириш, кам таъминланган оилаларга манзилли тиббий ёрдам кўрсатиш, республика скрининг ва репродуктив марказлари хизматларини янада ривожлантириш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилади.

Йиғилишда соҳада олиб борилаётган ишлар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди. Истиқболдаги муҳим вазифалар юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Янгиликлар лентаси
0