Мигрантлар ҳимоя остида: Санкт-Петербургда Ўзбекистон Бош консулхонаси очилди

© Foto : Наталия МельникОткрытие ген.консульства Узбекистана в Санкт-Петербурге
Открытие ген.консульства Узбекистана в Санкт-Петербурге - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Консулхонанинг асосий вазифаси Россиянинг Шимоли-ғарбий федерал округи ҳудудида яшаётган ўзбекистонликларга ёрдам беришдан иборат

ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik, Наталия Мельник. Sputnik мухбири Санкт-Петербургдаги Ўзбекистон Бош консулхонасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Анъанага кўра қизил тасма қирқилгач, Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги бош консули Меҳриддин Хайриддинов меҳмонлар ва журналистларни Россиянинг шимолий пойтахти марказида моҳирона реставрация қилинган қадимий бино ичига таклиф этди. Бино бир пайтлар давлат маслаҳатчилари, граф ва савдогарларга тегишли бўлган. Бугундан бошлаб у Санкт-Петербургда ўқийдиган ва ишлайдиган барча ўзбекистонликларнинг уйига айланди.

Йиғилганларга мурожаат қилар экан, консул ҳар икки давлат — Россия ва Ўзбекистон раҳбарияти ҳаётнинг турли жабҳаларида мустаҳкам ҳамкорлик қилишни мақсад қилганлигини таъкидлади. Айнан шу боис Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси тантанали равишда очилди.

"Бизнинг асосий мақсадимиз Россиянинг бутун Шимоли-ғарбий федерал округи ҳудудида яшаётган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Биз уларга барча турдаги консуллик-ҳуқуқий ёрдамини кўрсатамиз. Йўқотилган ҳужжатларни тиклаш, фарзанд туғилганлигини қайд этиш, никоҳ тузиш ва бошқа турдаги барча ҳужжатлар бўйича. Фирибгарлар қурбонига айланганларга бепул ёрдам кўрсатамиз", — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда консулхона штати шакллантирилмоқда. Жамоада тўрт нафар дипломат, ҳисобчи, 6-7 нафар хизмат кўрсатувчи ходимлар ишлаши режалаштирилган.

© Foto, Наталия МельникОткрытие ген.консульства Узбекистана в Санкт-Петербурге
Открытие ген.консульства Узбекистана в Санкт-Петербурге - Sputnik Ўзбекистон
Открытие ген.консульства Узбекистана в Санкт-Петербурге

Тантанали маросимнинг фахрий меҳмони, Россия ТИВнинг Санкт-Петербургдаги вакили Владимир Запевалов шаҳарда 35-бош консулхонанинг очилиши ўзига хос рамзий маънога эга эканлигини билдирди.

"Бу ерда яшаётган аксарият Ўзбекистон фуқаролари давлат миқёсида ёрдамга муҳтож. Петербургда биргина ўзбекистонлик талабаларнинг ўзи 2,5 минг нафарни ташкил этади. Кўпчилик бу ерга ишлагани келади, оиласи билан келади. Албатта, одамлар ўзлари мустақил ҳал қила олмайдиган муаммоларга дуч келишади. Консулхона уларнинг оғир дамларида энг асосий ёрдамчиси бўлишига умид қиламан", — деди Запевалов.

Ленинград вилоятининг ташқи алоқалар бўйича қўмита раиси Андрей Минин Ўзбекистон бош консулхонасининг иш бошлаши икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларининг янада ривожланишига, Санкт-Петербургда Ўзбекистон савдо уйининг очилиши ва муваффақиятли фаолият кўрсатишига хизмат қилишини таъкидлади. Бу эса петербургликлар дастурхонида ширин мева ва сабзавотлар янада кўпайишини, Россияда меҳнат қилишни истаган ўзбекистонликлар учун эса бу ерда иш ўринлари ошишини билдиради.

Расмийларнинг билдиришича, Бош консулхона очилишига жиддий тайёргарлик кўрилган. 2017 йил ноябрда Тошкент ва Самарқандда губернатор Георгий Полтавченко бошчилигида Санкт-Петербург маданий-ишбилармонлик миссияси ўтказилди. Миссия доирасида Санкт-Петербург ва Ўзбекистон пойтахти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди, қатор расмий музокара ва учрашувлар ўтказилди.

Камилов: военного решения ситуации в Афганистане нет - Sputnik Ўзбекистон
Камилов: Россияда Ўзбекистоннинг тўртта янги консулхонаси очилди

Самарқандда Меҳнат мигрантларини кетиш олдидан тайёрлаш ва Россия Федерациясига жўнатиш маркази очилди. Бу ерда Петербургдаги бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар тўпланади. Ишлаш истагида бўлганлар шу ерда дастлабки суҳбат, тиббий текширув ва рус тили бўйича имтиҳондан ўтишади. Марказ ходимлари уларга керакли ҳужжатларни тайёрлашга ва иш жойига жўнаб кетишига ёрдам беришади.

Маданий-ишбилармонлик миссияси доирасида Санкт-Петербург Георгий Полтавченко Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашди. Учрашувда ўзбек қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Санкт-Петербургга етказиб бериш, фармацевтика ва енгил саноат соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

2018 йил февралда Тошкент шаҳри ҳокими биринчи ўринбосари Нозим Ҳусанов бошчилигидаги делегация Санкт-Петербургга ташриф буюрди. Хайриддиновнинг айтишича, қишлоқ хўжалиги, туризм, савдо, истеъмол бозори, энергетика, Санкт-Петербург ва Тошкентдаги савдо зоналарини ривожлантириш бўйича эришилган келишувлар Шимолий пойтахтда Ўзбекистон бош консулхонасининг тез фурсатларда очилишига туртки бўлди.

Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси 4-Красноармейская кўчаси, 4-А уйда жойлашган. Энг яқин метро станцияси — "Технологический институт".  +7-965-751-20-71 телефон рақами ёки +998909942747 орқали Telegram, WhatsApp, Viber, Imo мессенжерлари ёрдамида қабулга ёзилиш мумкин.

Янгиликлар лентаси
0