Тарбиячи боғча болаларига қўл кўтаргани ортидан бир неча киши ишдан бўшатилди

© Foto : STRИзбиение ребенка. Постановочное фото
Избиение ребенка. Постановочное фото - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Боғча мудираси, тарбиячи, тарбиячи ёрдамчиси, ҳамшира ва шаҳар мактабгача таълим бўлими бошлиғи ишдан бўшатилган

ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. 30 март куни ижтимоий тармоқларда боғча тарбиячиси тарбияланувчиларни урганлиги акс этган видеолавҳадаги ҳолат Жиззах шаҳрида юз берганлиги аниқланди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлигининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилинди.

Билдирилишича, ушбу ҳолат юзасидан Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тезкор гуруҳ тузилиб, суриштирув ишлари олиб борилди. Суриштирув давомида видеолавҳадаги аёл Жиззах шаҳридаги №39 "Наврўз" мактабгача таълим муассасасида 2007 йилдан буён ишлаётган олий маълумотли педагог Моҳира Маматқулова эканлиги аниқланди.

Суриштирув давомида, унинг 11 йиллик иш фаолияти давомида камчилик кузатилмаганлиги, 27 март куни оилавий муаммолари туфайли асабийлашганлиги ва кайфияти йўқлиги сабаб тарбияланувчиларни қўл ишлатиш йўли билан тинчлантиришга ҳаракат қилганлигини баён этди.

Мактабгача таълим вазирлиги ўтказган тезкор суриштирув якуни билан Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 100-моддаси 4-қисмига биноан тарбиячи М. Маматқулова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, қонуний чора кўриш учун Жиззах шаҳар прокуратурасига ҳужжатлар топширилган. Ҳозирда прокуратура органлари томонидан суриштирув ишлари давом этмоқда.

"Шунингдек, мазкур мактабгача таълим муассасасининг мудираси вазифасини 2018 йилнинг 27 март кунидан буён бажариб келаётган Нафиса Гулмуротова, тарбиячи ёрдамчиси Дилбар Ҳамроева ҳамда ҳамшира Гулноза Холмаматовалар билан тузилган меҳнат шартномалари ҳам бекор қилинганлигини маълум қиламиз", дейилади хабарда.

Хабарда қайд этилишича, бугун 31 март куни Жиззах шаҳрида Мактабгача таълим вазирлиги раҳбарияти, Жиззах вилояти мактабгача таълим бошқармаси, туман ва шаҳар мактабгача тълим бўлимлари раҳбарлари, Жиззах шаҳридаги барча МТМ мудиралари ва тарбиячилари (жумладан "Наврўз" номидаги №39 МТМ ходимлари) иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, бундай нохуш ҳолатларни такрорламаслик ва ҳар бир ходим ўз ишига масъулият билан ёндашиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилиш давомида ўз ишида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун Жиззах шаҳар мактабгача таълим бўлими бошлиғи Фахриддин Қодиров эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Янгиликлар лентаси
0