Тошкентда “WorldFood Uzbekistan 2018” халқаро озиқ-овқат кўргазмаси очилади

Oбуна бўлиш
WorldFood Uzbekistan 2018 - халқаро кўргазмаси “Ўзэкспомарказ”да 4-6 апрель кунлари бўлиб ўтади ва унда 26 давлатдан 200 га яқин компания иштирок этиши кутилмоқда.

ТОШКЕНТ, 3 апр – Sputnik. “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида 4-6 апрель кунлари озиқ-овқат саноати соҳасига ихтисослашган “WorldFood Uzbekistan – 2018” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.

Ўн саккизинчи бор ташкил этилаётган кўргазмада 26 давлатдан 200 га яқин компания иштирок этиши кутилмоқда. Халқаро тадбирда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, уларни сақлаш, қайта ишлаш соҳасидаги янги технологиялар намойиш этилади. Шунингдек, кўргазма доирасида маҳсулотларни сифатлаш бўйича танлов ҳам ташкил қилинади.

“Бу йил кўргазма иш дастури жуда қизиқарли ва кенг қамровли бўлиши кутилмоқда. Кўргазма аввалида озиқ-овқат маҳсулотларини сифатлаш – “Сифат устаси” танлови ўтказилади. Унда озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари сифати ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади ва ғолиблар турли номинациялар бўйича тақдирланади”, – дейди “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси бош директори ўринбосари Ойимхон Бобожонова. –  

Ушбу кўргазмада бу йил илк бор Беларусь Республикаси саноатчилари ҳам қатнашади. Кўргазма доирасида Ўзбекистон – Беларусь саноатчилари халқаро форуми ўтказилиши белгиланган. Унда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари озиқ-овқат саноати бўйича ўзаро тажриба алмашади, савдо алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилади.

Яна бир янгилик – Ўзбекистонда илк бор “Ритейл марказ” ўз ишини бошлайди. Бу марказ озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилари ва савдо тармоқлари ўртасида маҳсулот етказиб бериш бўйича бевосита музокаралар майдони вазифасини ўтайди.

“WorldFood Uzbekistan – 2018” халқаро кўргазмаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, “Ўзшаробсаноат” АЖ, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилади.

Янгиликлар лентаси
0