Migrant-friendly: Рязандаги ўзбеклар қандай ҳаёт кечиришмоқда

© Из личного архива З.КадировойЗулайхо Кадирова
Зулайхо Кадирова - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Sputnik мухбири Рязандаги ўзбеклар орасида бир кун бўлиб қайтди ва таассуротлари билан ўртоқлашди

ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik, Лев Рыжков. Россия шаҳарларида мигрантларга турлича муносабатда бўлишади: қаердадир қатъий тарзда ҳужжат текширишади, бошқа бир ерда эса мигрантлар ўзликларини унутмаган ҳолда ўзлари яшаётган жойга сингиб кетишади.

Москвадан унча узоқда бўлмаган Рязань вилоят марказини иккинчи турга мансуб дейиш мумкин.

Ўзгаларникини ҳурмат қил, ўзингникини асра

Рязань билан танишишни Кремлдан бошлаймиз. Бу қадимий шаҳардаги Кремль ўзгача чиройли, оппоқ, худди шакардан қурилганга ўхшайди.

Мени бу ерда ҳайратлантиргани, Рязандаги ўзбекларнинг тарихий фактларни жуда яхши билишлари бўлди. Улар деярли ҳар бир иншоот ҳақида яхши билишади. Ўзбеклар Рязань негадир Россия Олтин ҳалқасидаги шаҳарлар сирасига кирмай қолганидан хафалар.

"Ўзбекистонликларнинг тарихий ёдгорликларга қизиқишлари ҳеч ҳам ҳайратланарли ҳол эмас, — дейди Рязандаги “Олмос” маҳаллий миллий-маданий автономияси раҳбари Зулайҳо Қодирова. — Ахир бизнинг ўзимиз гўзал ва қадимий шаҳарлардан келганмиз. Масалан, мен Бухороданман, Самарқанд, хиваликлар ҳам бор. Рязандаги ўзбекларнинг кўпчилиги эса андижонликлар".

Меҳмондўст ҳамроҳларим Константиново қишлоғи — шоир Сергей Есенин ватанида сайр қилишни таклиф этишади. Сергей Александрович ўтган асрнинг бошларида Тошкент, Самарқанд ва Бухорода бўлган. Шоирнинг турмуш ўртоғи Айседора Дунканнинг хотирлашича, Римнинг қоқ марказида Есенин бирдан: "Эҳ, қандай гўзали! Лекин барибир Самарқанддай эмас", деб ҳайқириб юборган экан.

"Муваффақиятимиз сири оддий, — дейди Зулайҳо Қодирова. — Келган мамлакатинг маданиятини ҳурмат қил. Ва ҳеч қачон ўз маданиятингни унутма. Инсон ўз ватанидан уялмаслиги, ўз исмини ўзгартирмаслиги керак. Баъзилар ўзларини русча исм билан таништиришганида жаҳлим чиқади. Сен қанақасига Боря бўласан, исминг аслида Баҳром бўлса? Бизнинг исмларни айтиш қийинлиги бекор гап. Агар сени ҳурмат қилишса, инсон сифатида қадрлашса, ота-онанг қўйган исм билан чақиришади".

Номсиз қаҳвахонада

Тушлик қилгани Рязандаги ўзбекларнинг айтишича, шаҳардаги “энг мазали жой”га борамиз. У мигрантлар билан тўлиб-тошган кичкинагина қаҳвахона экан. Бу ерда элликтача одам бор эди. бу “мазали жой”нинг ҳаттоки номи ҳам йўқ, пешлавҳа ҳам кўринмайди.

Номсиз қаҳвахона ҳамиша гавжум. Бу ерда ҳеч қачон иситилган овқат бўлмайди – доим янги тайёрланади ва бирпасда тугайди.

Масканга фақат ўзбекларгина кирмайди. Тожик, қирғизлар ҳам жуда кўп. Руслар ҳам кириб туришади. Ҳеч қандай пешлавҳа ёпиштирилмаган бўлсаям, у шаҳардаги энг машҳур тамаддихона ҳисобланади.

Энг катта жамият

Рязанга йилига 40 мингга яқин мигрант келади. Улар собиқ СССРнинг турли халқлари вакиллари: тожиклар, озарбайжонлар, молдаванлар. Ўзбеклар мигрантлар умумий сонининг 50%га яқинини ташкил этишади. Яъни ҳаммадан кўп.

Председатель Узбекской национально-культурной автономии г. Москвы Хабиб Абдуллаев - Sputnik Ўзбекистон
Москвада Наврўзни нишонлаш мигрантлар учун жуда муҳим - Ҳабиб Абдуллаев

Бунинг сабаби оддий. Гап шундаки, Рязанда Тошкент-Москва поезди анча вақт тўхтаб туради. Кимдир Рязань бекатида тушади. Ва шу ерда қолади.

Бундан ташқари, Рязанга аввал ҳам шу ерда ишлаган мавсумий ишчилар қайтиб келишади. Шундай яхши шаҳар турганида бошқа шаҳарни излаб нима қилади?

Москванинг яқинлиги ҳам ўз ролини ўйнайди. Байрамлар ва халқаро тадбирлар вақтида Россия пойтахтида назорат кучаяди. Ана шундай пайтларда ҳаттоки ҳужжати жойида бўлган айрим мигрантлар ҳам шаҳарни вақтинча тарк этишга ҳаракат қилади. Футбол бўйича жаҳон чемпионати арафасида яна анчагина катта оқим келиши кутилмоқда.

"Буни қаердан билишимни айтайми?— дейди Қодирова. — Рязандаги телевидениеда “Рязань бекати” номли туркум кўрсатувлар тайёрлаганман. Бу ерга келган кишиларнинг қизиқарли тақдири ҳақида. Кўрсатувнинг яна бир мақсади Рязанга келувчиларга нисбатан салбий муносабатни бартараф қилиш эди. Лойиҳа ёпилганига анча бўлди, лекин мендан ҳалиям кўрсатувнинг давоми қачон чиқишини сўраб туришади".

Илк қадамлар

Рязандаги ўзбекистонликлар бирданига уюшишмаган. Зулайҳонинг айтишича, ташкилот битталаб одам тўплаган.

— Мен жамоатчилик фаолияти кимга қизиқ бўлиши мумкин деб узоқ ўйладим,— ҳикоя қилади Қодирова. — Катта авлодгами? Лекин уларга халқлар дўстлиги ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ. Улар совет даврида ўсишган. 30-40 ёшлиларгами? Улар ҳаммаси ишда. Шу боис ёш влодга эътибор қаратдим. Мактаблар, маданият уйлари, кутубхона, институтларда тадбирлар ўтказишга киришдим.

Мусиқий ансамбл ташкил қилдик. Ансамбл тадбирларда чиқиш қилди. Бундан ташқари, барчага ўзбекча тўйлар, тантаналарда хизмат қилишимизни айтдик. Ҳозирда бу ердаги тадбирларда ўзбекча қўшиқ айтиб, даврани ўзбекча олиб борадиган артист ва бошловчиларимиз бор – ҳаммаси худди ўз юртимиздагидек. Кўпчилик бундан хурсанд".

Москва намуна эмас

Рязандаги ўзбек ҳамжамиятининг хизматлари расмий миқёсда бир неча бор эътироф этилган. Ташкилот ўтган йили Пермда ўтказилган умумфуқаролар бирлиги форумида мукофот ҳам олган.

"Ўтган йили Хабаровскда бўлдим, — дейди Зулайҳо. — Маҳаллий ўзбек автономияси билан танишдим. Ташкилот бой, ҳудудда пул бор. Аммо ишни қандай ташкил қилиш ва олиб боришни билишмайди. Бу йил у ерга яна бормоқчиман".

Москва ҳам бу борада намуна бўла олмайди. Ҳа, пойтахтда ҳам ўзбеклар жамоатчилик ташкилоти бор, одамлар захираси улкан. Аммо иш кўнгилдагидек эмас.

"Ихтиёр менда бўлганида эди, шуларнинг ҳаммасини Москвада ташкиллаштирган бўлардим, — дейди Қодирова. — Ва Москвадаги ўзбеклар ҳам Рязандаги ўзбеклар каби мамлакатда энг зўрлари бўлишарди. Аммо бошқа тарафдан, ташқарида туриб гапириш осон! У ерда ўзига яраша қийинчилик ва мен билмаган жиҳатлар бўлса керак. Аммо асосийси, нимага эришмоқчи эканлигинг ҳақида умумий тушунчага эга бўлиш".

"Ҳозир одамлар ўзлари сафимизга қўшилишмоқда, — дейди Зулайҳо. — Ҳеч кимни таклиф этаётганим йўқ – ўзлари келишяпти. Кимдир муаммо билан, кимдир ташаббус билан. Мигрантларнинг муаммолари камайиб боряпти. Чунки Россия қонунчилигига риоя қилиш, ўз вақтида рўйхатдан ўтиш кераклигини ҳамма тушунди".

Ҳамжиҳатлик — улкан куч

Рязандаги жамият муваффақиятининг асосий сири унинг очиқлигида.

"Биз барча учун очиқмиз ва кўпчилик билан ҳамкорлик қиламиз,— таъкидлайди Қодирова. — Биз барча халқларнинг урф-одатларини ҳурмат қиламиз. Мана шу қаҳвахонада январда байрам уюштирдик. Украинлар келиб миллий қўшиқларини айтишди. Корея ҳамжамияти билан ҳам мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Дарвоқе, бу ердаги корейсларнинг кўпчилиги Ўзбекистондан. Бизнинг ҳамюртларимиз. Яқинда ташкил топган тожиклар ҳамжамиятига тадбирлар уюштиришда ёрдам беряпмиз".

Унинг сўзларига кўра, миллатлар ҳамжиҳатлиги улкан куч демакдир.

Янгиликлар лентаси
0