Ош дипломатияси

© SputnikУзбекский плов
Узбекский плов - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
“Россиядаги ҳар бир ўзбек ресторани бу Ўзбекистоннинг кичик элчихонаси эмасми?” деган эди Сталик Ханкшиев ўз чиқишларидан бирида.

ТОШКЕНТ, 22 июн — Sputnik, Бекзод Рахмонов. Ошни дипломатияга нима алоқаси бор дейсизми?

Китобларда ёзилишига кўра, дипломатия – бу давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ва керакли мақсадга эришиш учун чет элларда олиб борилаётган фаолият экан. Дунёдаги юзлаб элчихоналар айнан шунинг учун хизмат қилади.

Ўзбек оши - Sputnik Ўзбекистон
Москвадаги Палов фестивалида ўзбек оши ғолиб чиқди

Маълумки, ўтган йил охирида Парламент олдида сўзлаган нутқида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев элчилар олдига масалани кўндаланг қўйди – экспортни таъминлаш ва турист олиб келиш. Хўш, бегона мамлакатда Ўзбекистонга боришга, Ўзбекистон маҳсулотларини сотиб олишга қизиқишни қандай орттириш мумкин?

Куни кеча ушбу мақсад сари қўйилган қадамлардан бирининг гувоҳи бўлдим. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Россия фуқаролари орасида танлов эълон қилди. Унда қатнашиш учун ош пишириш жараёнини видеога олиб уни Ютубга жойлаштириш керак. Ҳайъат аъзолари видеолавҳа бўйича беш нафар финалчини танлайди. Москвада бўлиб ўтадиган финал баҳси ғолибига эса Ўзбекистонга саёҳат йўлланмаси совға қилинади. Танловнинг асосий шартларидан бири — унда Ўзбекистон фуқаролари ёки олдин Ўзбекистонда яшаган россияликлар қатнашиши мумкин эмас.

Зиғир мой қайда-ю Москва қайда

Москвага илк бор келишим эди, 2004 йил феврал ойи. Мени аэропортда кутиб олаётган дўстларим кўзларини катта очиб “қовун олиб келмадингми? Ахир сен Ўзбекистондан келаяпсан-ку” деб сўрашганди. Февралда қовун нима қилсин, эҳ москваликлар… 

Шундан кейин бир неча йил Москвада ишладим, дўстларим кўпайди. Улар билан тез-тез у ер-бу ерда тўпланадиган бўлдик. Гоҳ табиат қўйнида, гоҳ бирор кишининг дала-ҳовлисида. Ҳар гал даврада менга “бир ош пишириб бермайсанми, сен ўзбекистонлик-ку, ош пиширишни билишинг керак,” деган илтимослар келиб тушаверди.

Ош - кўтарма бош - Sputnik Ўзбекистон
Ош пиширишнинг кўргазмали рецепти

Бир гал ош пиширишга қарор қилдим. Магазиндан гуруч, кунгабоқар мойи, гўшт ва сабзи  олиб келдим. Талабалик йилларимда ётоқхонада бир-икки бор ош пиширган эдим-у, лекин, тажрибам кўп эмасди. Иккинчидан Россия гуручи одатда юмшоқроқ бўлади ва кўп ҳолларда ошда эзилиб кетади. Натижада бўтқага ўхшаш бир таом бўлди. Ноқулай бўлса-да дастурхонга олиб келдим. Ҳақиқий ошни ҳеч қачон емаган дўстларим “оҳ маза бўпти-ку” дея уни паққос туширишди. Менга раҳмат айтишди.

Шундан сўнг, олдимга нима бўлса ҳам ош пиширишни яхшилаб ўрганиб оламан, деб мақсад қўйдим. Уйга телефон қилиб ҳаммасини батафсил сўраб олдим. Улар “зиғир ёғи бўлса яхши бўлади” дейишди.

Москва қаерда-ю зиғир ёғ қаерда. Бозордан бир амаллаб Ўзбекистон гуручи ва зира топдим, лекин қолган нарсаларни топишнинг иложи йўқ эди. Зиғир мойи тугул пахта ёғи ҳам йўқ эди.

Ош “буми”

Орадан бир икки йил вақт ўтди. Бир кун уйимиз яқинидаги “Черемушки”  бозорига кирсам, қуритилган мевалар сотадиган бўлимда пахта ёғи, зиғир ёғи, 4-5 хил аъло навли ўзбек гуручлари сотилаяпти. Ундан ташқари қўлбола қозон ва ўчоқлар ҳам пайдо бўлибди.

Таниш сотувчидан, ҳазиллашиб “Ие, Ўзбекистонни кўчириб келибсизларми?” деб сўрасам, “Йўқ ака, шу нарсаларни сўраб келаётган одамлар жуда кўпайиб кетди. Руслар орасида “ош буми” бошланган", — деди.

© SputnikСталик Ханкишиев Ўзбекистон элчихонасида навбатдаги ошни тақдим этмоқда
Ош дипломатияси - Sputnik Ўзбекистон
Сталик Ханкишиев Ўзбекистон элчихонасида навбатдаги ошни тақдим этмоқда

Кейинчалик Москвада “Ош буми” қандай бошланганини тушундим. Ҳаммасига фарғоналик Сталик Ханкишиевнинг “Казан мангал и другие мужские удовольствия” номли китоби сабаб бўлган экан.

Ханкишиевнинг ош пишириш ва бошқа ўзбек таомлари ҳақидаги ушбу китоби Россияда кичик инқилобни амалга оширди десак хато бўлмайди. Ундан ташқари у киши интернетдаги блоги ва телевизордаги кўрсатувларда одамларга ошни қандай пишириш, қандай масаллиқлар кераклиги, қанақа қозонда яхши бўлиши, умуман ҳаммасини батафсил тушунтириб бераётган экан.

Сталик олиб бораётган кўрсатувлар одатда икки соатга чўзиладиган зерикарли пазандалик кўрсатувларига ҳечам ўхшамасди. У 15-20 дақиқа ичида ҳамма нарсани қисқа ва лўнда қилиб тушунтириб ва кўрсатиб берар, ора-орада ўзбекларнинг қизиқ ва ўрнак олса арзийдиган урф-одатлари, меҳмондўстлиги, шинавандалиги ҳақидаги кичик ҳикояларни ҳам айтиб берар эди. Мазали таом ва қизиқ ҳикоялар томошабинни бир зумда Сталикнинг ва ўзбек таомларининг доимий мухлисига айлантирар эди.

Шундан сўнг Москва бозорларида талабга яраша таклиф пайдо бўлди. Лазер, аланга, девзира каби гуручлар дейсизми, сариқ сабзи дейсизми, қиздирилган зиғир мойи дейсизми, сопол товоқлар  – барчаси ёппасга сотила бошлади.

Россияда ўзбек таомларини уйда пишириш – кўпчиликнинг орзусига айланди. Ҳатто мендан февралда қовун сўраган оғайнимнинг уйида ҳам қозон ва ўчоқ пайдо бўлди.

Натижада, буларнинг ҳаммаси бир улкан ва муҳим вазифани амалга оширди — руслар орасида Ўзбекистонга қизиқиш пайдо қилди. Россияда меҳнат қилиб юрган ўзбекистонликларга нисбатан муносабат ҳам яхши томонга ўзгарди. Иқтисодий қийинчиликлар туфайли ўзга юртда ишлашга мажбур бўлаётган ўзбеклар бой маданиятга эга бўлган, меҳмондўст ва пазанда халқ эканини руслар ҳам тушуна бошлади. Олдин фақат Европа билан қизиққан дўстларим Ўзбекистонга бориш ҳақида ўйлай бошлади.

Osh power

Бугун Москвада ҳар қадамда ўзбек ресторанини кўришингиз мумкин. Умуман Россияда оммавийлиги бўйича ўзбек ресторанлари хорижий ресторанлар орасида етакчи ўринни эгаллаган. Ўзбек таомларини аҳолининг барча қатлами севиб истеъмол қилади. Ресторандан ташқари кичик сомсахоналар ёки кафелар сони ҳам ошиб бормоқда.

Мана шу ресторанларнинг ҳар бири ўзбекона услубда безатилган, у ерда ўзбек таомлари пахта гулли ликопчаларда узатилади. У ерга келган одамлар истаса-истамаса ўзбек маданияти билан танишади.

© Официальный сайтМосквадаги "Ўзбекистон" ресторанининг ички кўриниши
Ош дипломатияси - Sputnik Ўзбекистон
Москвадаги "Ўзбекистон" ресторанининг ички кўриниши

“Ҳар бир ўзбек ресторани бу Ўзбекистоннинг кичик элчихонаси эмасми?” деб томошабинларга юзланган эди Сталик Ханкшиев ўз чиқишларидан бирида. Бир-бирига ўхшамаган икки миллат вакиллари орасида энг қисқа кўприк — миллий ошхона орқали ўтган бўлса ажаб эмас.

Одатда бир мамлакатда ишлаб чиқарилган  маҳсулотларни бошқа жойда тарғиб қилиш учун йиллаб вақт, миллионлаб маблағ ва реклама керак бўлади. Лекин ўзбек оши Москвани бир йилда забт этди, десам хато бўлмайди. Москвада узоқ йиллардан бери яшаб келаётган одам сифатида мен буни аниқ ҳис қилдим.

Ҳа, халқимизнинг бой маданияти ва урф-одатларини ўзида мужассам қилган мана шу миллий таомимиз руслар олдида обрўйимизни бир зумда оширди. Бир зумда ўзбек гуручлари, сариқ сабзи, пахта ва зиғир ёғига, ўзбекча қозон ва ўчоқларга минглаб харидорлар пайдо бўлди.

Мана сизга ош дипломатияси ёки soft power.

Янгиликлар лентаси
0