Хориж банкларидан 3,5 млн доллар ўмарган гуруҳнинг Тошкентдаги режаси чиппакка чиқди

© Sputnik / Екатерина Чеснокова / Медиабанкка ўтишПреступник за решеткой
Преступник за решеткой - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Македониядаги банкларнинг бирида амалга оширилган ўғирликдан сўнг гуруҳ аъзолари Туркиянинг Истанбул шаҳрида учрашишади ва кейинги нишон сифатида Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри танланади.

ТОШКЕНТ, 28 июл – Sputnik. Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимларининг ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлари натижасида Тошкентдаги банклардан бирида катта миқдордаги пулни ўғирлаш учун чет элдан келган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон” телеканалида намойиш этилган кўрсатувда маълум қилинди.

“Аниқланишича, мазкур гуруҳ турли давлатлардаги банкларни ўмариш билан шуғулланиб келган. Хусусан, 2015-2018 йилларда 50 дан ортиқ жисмоний шахснинг банкларда сақланаётган 3,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пуллари айнан ушбу гуруҳ аъзолари томонидан устамонлик билан ўғирлаб кетилган. Россия, Украина, Беларус, Молдова, Македония каби давлатларнинг айрим банк муассасаларининг ҳимоя тизимлари уларнинг олдида ожизлик қилган", - дейилади кўрсатувда.

Македониядаги банкларнинг бирида амалга оширилган ўғирликдан сўнг гуруҳ аъзолари Туркиянинг Истанбул шаҳрида учрашишади ва кейинги нишон сифатида Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри танланади.

Гуруҳ аъзоларининг мақсади Тошкентдаги банкларнинг бирида мижозларга тегишли шахсий қутичаларда сақланаётган пулларни қалбаки калитлар ёрдамида ўғирлаш бўлган. Бунинг учун аввалига банк биноси кўздан кечирилган. Сўнгра гуруҳ аъзоларидан бири банк ҳисобрақамларидан фойдаланиш баҳонасида валюта ҳисобрақами очган. Иккинчиси эса ижарага депозит қутича олган.

Ўғирлик режалаштирилган банкда ўз қутисини текшириш баҳонасида 18 марта мижозлар қутилари сақланадиган хонага кириб чиққан ва мингта қутичадан 140 тасининг пультини махсус видеокамерага муҳрлашга улгурган. Бу ишни Украина фуқароси Вячеслав Шеремет бажарган.

Жиноятга тайёргарлик жараёни билан танишиш мақсадида гуруҳ етакчиси, АҚШ фуқароси Ставко Алекс Тошкент шаҳрига келади. Сўнг гуруҳнинг яна бир аъзоси, МДҲдаги давлатлар банкларида ўғирлик қилгани учун бир неча бор судланган Украина фуқароси Алек Дубровский билан “Ўзбекистон” меҳмонхонасида учрашади ҳамда режалаштирилаётган ўғирлик масаласини муҳокама этишади. Қирғизистондан калит ясовчи махсус ускуна келтирилади. Украин фуқароси Владислав Буц ушбу ускуна ёрдамида видеотасвирларга қараб 18та қутича калитини ясайди.

Алекс ва Дубровский маълум муддатдан сўнг бири Олмаота шаҳрига, иккинчиси эса Нью-Йорк шаҳрига учиб кетади. Владислав Буц ва Вячеслав Шеремет эса Тошкентда қўлга олинади.

Ҳозирда қўзғатилган иш доирасида тергов-суриштирув ишлари олиб борилиб, гуруҳнинг бошқа аъзоларини қўлга олиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Янгиликлар лентаси
0