Марказий Осиё давлатлари ягона электр энергия бозорини яратишади

© Sputnik / Сергей Пивоваров / Медиабанкка ўтиш ГРЭС
 ГРЭС - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Туркияда ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Энергетика вазири ўринбосари электр энергияси минтақавий биржасини ташкил этишни таклиф қилди. Мазкур ташаббус конференциянинг барча иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.

ТОШКЕНТ, 6 июл - Sputnik. Марказий Осиё давлатлари Истанбулда ўтказилган Энергетика ислоҳотлари бўйича иккинчи конференция якунида энергетика соҳаси ислоҳотлари бўйича ҳамкорлик қилиш ҳамда ягона электр энергияси бозорини яратишга келишиб олдилар.

Ветровые электростанции в поселке Мирный в Крыму - Sputnik Ўзбекистон
Замонавий энергия: Ўзбекистонда шамол электр станциялар қурилади

Энергетика ислоҳотлари бўйича Марказий Осиё иккинчи конференцияси жорий йилнинг 4 июль куни Истанбул шаҳрида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Туркия Энергетика вазирлиги кўмагида ўтказилди. Конференцияда Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон энергетика вазирликлари ҳамда давлат компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбир очилиш маросимида Туркия Энергетика ва табиий ресурслар вазирлиги бош директори Митхат Жонсиз, Ўзбекистон Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев сўзга чиқдилар.

Ўзбекистон Энергетика вазири ўринбосари ўз сўзида электр энергияси минтақавий биржасини ташкил этишни таклиф қилди. Мазкур ташаббус конференциянинг барча иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.

Туркия Энергетика ва табиий ресурслар вазирлиги ушбу ташаббусни амалга оширишда Осиё тараққиёт банки билан биргаликда ёрдам беришга, ўз навбатида ОТБ ҳам ушбу масалада минтақа мамлакатлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Тадбир доирасида минтақа давлатлари энергия тизимини интеграция қилиш, шунингдек бу борада ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди. Конференция якуни бўйича энергетика соҳаси ислоҳотлари бўйича ҳамкорлик қилиш ҳамда ягона электр энергияси бозорини яратиш хусусида қўшма декларация имзоланди.

Энергетика ислоҳотлари бўйича Марказий Осиё биринчи конференцияси Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан ОТБ кўмагида 2018 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган.

Янгиликлар лентаси
0