Фуқарога “соқолтой” деб мурожаат қилган ППХ ходимининг лавозими пасайтирилди

© СтрингерУзбекский милицейский автомобиль
Узбекский милицейский автомобиль - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Қашқадарёда ППХ ходими фуқарога ”соқолтой” деб мурожаат қилди ва уни ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланганликда гумон қилиб таянч пунктига олиб борди.

ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Қашқардарёда фуқарога “соқолтой” деб мурожаат қилган ППХ ходимининг лавозими пасайтирилди. Бу ҳақда ИИВ хабар қилди.

Қашқадарё вилояти ИИВ маълумотига кўра, ҳақиқатдан ҳам 31 октябрь куни  Қашқадарё вилояти ИИБ Пост-патруль ва жамоат тартибини сақлаш бўлинмаси ходими сержант Х.Нормуродов белгиланган тақсимотга асосан Қарши шаҳридаги “Оқтепа файз барака” савдо мажмуаси ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хизматга жалб этилган.

Хизмат жараёнида, савдо мажмуаси ҳудудида ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланганлигига гумон қилиб, Касби туманида яшовчи 1993 йилда туғилган Ф.Аҳадовни ҳуқуқбузарлик содир этмаслиги тўғрисида оғзаки равишда огоҳлантирган ва ушбу жойни тарк этиши ҳақида талаб қўйган.

Ўз навбатида фуқаро ходимнинг сўзларига беписандлик қилганлиги оқибатида улар ўртасида тортишув юзага келган. Шундан сўнг ходим фуқарони шахсини аниқлаш мақсадида уни бозор ҳудудидаги таянч пунктига олиб бориш учун патруль машинасига миндирмоқчи бўлган. Бироқ фуқаро қаршилик кўрсатган.

Маълум қилинишича, ППХ ходими фуқарони “автозак”нинг орқа қисмига миндириб, ички ишлар органлари таянч пунктига олиб борган. У ерда Х.Нормуродов ушланган фуқаронинг хатти-ҳаракатлари ноўринлигини, ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсуниши унинг бурчи эканлигини тушунтирган.

Шундан сўнг Ф.Ахадов узр сўраб, бошқа бундай ҳолат қайтарилмаслигини таъкидлаган. Х.Нормуродов ўз навбатида фуқарони оғзаки огоҳлантириш билан чекланиб, ҳуқуқбузарлик ҳолатини ҳужжатлаштирмасдан унга жавоб берган.

“Текширув жараёнида Х.Нормуродов фуқаро Ф.Ахадовни исмини билмаганлиги сабабли унинг соқол қўйиб олганлиги учун унга нисбатан “соқолтой” деб мурожаат қилганлиги, диний эътиқоди бўйича таҳқирлаш мазмунида бирор бир гап айтмаганлиги аниқланган. Фуқаро Ф.Аҳадов ҳам буни тасдиқлаган”, - дейилади хабарда.

Хулосага кўра ППХ ходими фуқаролар билан мулоқот жараёнида касб маданиятини тамойилларини бузган, ўзининг хатти-ҳаракатлари туфайли кенг жамоатчиликда ички ишлар органларининг фаолиятига нисбатан салбий фикр шаклланишига сабаб бўлган.

Интизомий жазо сифатида лавозимидан четлатилиб, қуйи тизимга туширилган.

Янгиликлар лентаси
0