ТОШКЕНТ, 21 ноя - Sputnik. Ўзбекистон “Тинчлик учун” республика хайрия акцияси доирасида йиғилган гуманитар ёрдамни Афғонистонга жўнатди. Юкларни Мозори-Шариф шаҳрига етказиб беришда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан амалий ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, мазкур хайрия акцияси Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси томонидан Афғонистонда яшовчи ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 1 сентябридан 1 октябрига қадар бўлган муддатда амалга оширилган.
Ундан келиб тушган барча маблағлар ёшлар учун зарур бўлган бадиий адабиёт, ўқув-қуроллар, кийим-кечак ва спорт анжомларини харид қилиш учун сарфланади.
Буларнинг барчаси Афғонистондаги ота-она қарамоғисиз қолган, оғир шароитларда яшаётган этник ўзбеклар ва афғон ёшларининг муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.