ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда ҳудуднинг вертолётларда дезинфекция қилиниши, жамоат жойларида аниқланган болаларнинг ота-оналари жаримага тортилиши ҳақидаги ёлғон хабарлар тарқатганлар жаримага тортилади, деб хабар қилмоқда коронавирус эпидемияси ҳақида хабар берувчи махсус ахборот хизмати.
Маълум бўлишича, такрор огоҳлантиришларга қарамай, ижтимоий тармоқларда ҳақиқатга зид бўлган 3 та ёлғон ва асоссиз маълумотлар тарқатилган:
Бири «Бугун 23:00 ва тонгги 5:00 гача вертолётлар дезинфекция учун дори сепиши, дераза ва балконлар ёпиқ бўлиши лозимлиги, 23:00дан сўнг кўчаларда юриш мумкин эмаслиги ҳақида ҳарбий қисмдан хабар берилган”и бўлса, иккинчиси «Дўконларда, автобуслар ва кўчаларда болалар аниқланса, уларнинг ота-оналари жаримага тортилиши» билан боғлиқ хабардир.
Шунингдек, «Хавфсизликни таъминлаш мақсадида мактабларда рейдлар ўтказилиши, қўшимча дарслар ёки тўгаракларда иштирок этаётган ўқувчилар аниқланганда мактабларнинг жаримага тортилиши» – ҳақидаги хабар ҳам асоссиз бўлиб чиқди.
Ушбу ҳақиқатга зид бўлган маълумотларни тарқатган шахслар 66 млн 900 минг сўмдан 89 млн 200 минггача жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилишлари билан такрор огоҳлантирилмоқда.