Бу йилги ҳаж мавсумига тайёргарлик эпидемиологик вазият барқарорлашгунча тўхтатилди

Oбуна бўлиш
“Ҳаж-2020” мавсумининг ташкилий тадбирлари эпидемиологик вазият барқарорлашгунча тўхтатилган - Дин ишлари бўйича қўмитаси.

ТОШКЕНТ, 17 апр — Sputnik. Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги расмий мурожаатига асосан “Ҳаж-2020” мавсумининг ташкилий тадбирлари эпидемиологик вазият барқарорлашгунча тўхтатилган. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси маълум қилди.

Один из куполов мечети Шейха Мухаммада Садыка Мухаммада Юсуфа - Sputnik Ўзбекистон
Мусулмонлар идораси Рамазон қандай ўтиши юзасидан фатво берди

“Маълумки, коронавирус пандемияси билан боғлиқ салбий вазият жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида ҳали-ҳануз сақланиб қолмоқда. Бу эса, муҳим тадбир ва маросимларни вақтинча тўхтатиб туришни тақозо этмоқда. Хабарингиз бор, аввалроқ, Умра тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ жараён вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берилган эди.

Куни кеча, Дин ишлари бўйича қўмитага Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги томонидан Ҳаж-2020 мавсумига тайёргарликни кечиктириб туриш бўйича расмий мурожаат келиб тушди.

Унда коронавирус пандемияси билан боғлиқ нохуш вазият бутун дунёни ташвишга солаётгани, хусусан, Саудия Арабистони Подшоҳлигида ҳам мазкур касаллик билан боғлиқ ҳолат қайд этилгани ҳукуматни кескин чоралар кўришга ундагани, шу муносабат билан дунёнинг турли мамлакатларидан Умра амалини адо этиш учун ташриф буюрадиган зиёратчиларнинг мамлакат ҳудудига кириши вақтинчалик тўхтатилгани, ҳозирча Ҳаж-2020 ташкилий ишларини амалга ошириш бўйича кутиб туриш мақсадга мувофиқ экани маълум қилинган.

Шунингдек, ҳозирда Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати ҳамда соғлиқни сақлаш идораларининг тавсияларига кўра, мамлакатда коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишининг олдини олиш учун юқори даражадаги эҳтиёткорлик чоралари қўлланилаётгани, икки муқаддас Ҳарамда соғлиқни сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, профилактика ишлари кучайтирилгани қайд этилган.

Шу муносабат билан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги раҳбариятининг қарори асосида “Ҳаж-2020” мавсумининг ташкилий тадбирларини вақтинча тўхтатиб туриш ва вазият барқарорлашишини кутиш мақсадга мувофиқ деб топилган”, дейилади баёнотда.

На мусульманском кладбище в Душанбе. - Sputnik Ўзбекистон
Коронавирусдан вафот этган киши қай тарзда дафн этилади - Фатво ҳайъати

Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги мазкур жараён билан боғлиқ янгилик ва ўзгаришлар юзасидан Ўзбекистон томонини хабардор қилиши маълум қилинган.

Башарти ҳаж мавсумига қадар коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият ўзгармаса, 2020 йилда ҳажга борувчиларнинг навбатлари кейинги йилга ўтказилади.

“Жорий йил Ҳаж сафарига боришни режалаштирган ва навбати етиб келган ватандошларимизга шуни маълум қиламизки, агар ҳаж мавсумига қадар Саудия Арабистонида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият барқарорлашмаса, 2020 йилги навбатлар тўлиқ сақланиб қолади ҳамда кейинги йилга ўтказилади.

Айни вақтда, фуқароларимиздан карантин қоидаларини бузган ҳолда ҳаж сафари билан боғлиқ масалалар бўйича ташкилотма-ташкилот юрмасликларини, ўзлари ва ўзгаларнинг соғлигини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз. Ҳаж сафари билан боғлиқ барча янгиликлар Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Интернет ва ижтимоий тармоқ сайтлари орқали тезкор эълон қилинади.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимиз коронавирус пандемияси билан боғлиқ жорий этилган карантин даврида юксак фуқаролик маданиятини намоён этадилар, деб умид қиламиз ва гўзал сабр тилаймиз”, дейилади Дин ишлари бўйича қўмитанинг хабарида.

Янгиликлар лентаси
0