Ўзбекистонда автомобиллар учун стикер бекор қилинади

© Sputnik / Рамиз БахтияровСтикер на лобовом стекле
Стикер на лобовом стекле - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда стикерлар бекор қилинади ва шахсий автомобиллардан фойдаланишга рухсат берилади. Вазият ёмонлашса, карантин чоралари қайта тикланади.

ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Ўзбекистонда карантин қоидалари юмшатилади. Хусусан, автомобиллар учун махсус стикерлар бекор қилинади. Бу ҳақда 2020 йил 5 май куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.

Ҳозирда фаолияти тикланган саноат, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларига қўшимча равишда хизмат кўрсатиш субъектлари ҳам босқичма-босқич ишга туширилиши белгиланди.  

Жумладан, эпидемиологик вазият яхши бўлган ҳудудларда, санитария талабларини белгилаган ҳолда, ноозиқ-овқат дўконлари, тиббий диагностика, такси хизмати, таъмирлаш, тикувчилик, маиший техника ва пойабзал тузатиш, сартарошхоналар фаолиятига рухсат бериш кераклиги қайд этилди. Шунингдек, стикерлар бекор қилиниб, шахсий автомобиллардан фойдаланиш мумкин бўлади.

Лекин, коронавирус тўла бартараф бўлмагани сабабли, одамлар кўп тўпланадиган объектлар, жумладан, театр, концерт ва спорт заллари, тўйхоналар, жамоат транспорти бўйича чекловлар маълум муддатгача сақланиб қолади.

Республика комиссиясига хизмат кўрсатиш турларини қайси ҳудудларда ва қандай шартлар асосида йўлга қўйишни белгилаш топширилди.

"Эпидемиологик вазият яхшилангани сари чекловларни бекор қилишни давом эттирамиз. Аксинча, вазият ёмонлашса, карантин чораларини қайта тиклаймиз", – деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев эпидемиологик вазият ижобий томонга ўзгарганидан фойдаланиб, иқтисодиётда карантин режимини аста-секин юмшатмасак кераклигини таъкидлаган эди. Чунки бу тартиб иқтисодиёт ривожига ва аҳоли ҳаётига жуда катта салбий таъсир қилмоқда.

Янгиликлар лентаси
0