“Юксалиш” масъулларни коронавирусга оид кунлик батафсил ҳисобот эълон қилишга чақирди

© Sputnik / Максим Блинов / Медиабанкка ўтишКоронавирус
Коронавирус - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ташкилот ёпиқлик, айрим масалалар юзасидан сукут сақлаш ва ноаниқлик ваҳима, миш-мишлар тарқалишининг, ахборот маконида фейклар кўпайишининг омиллари бўлиб, пировардида фуқароларда ҳукуматга нисбатан ишончсизлик ортишига олиб келади деб ҳисоблайди.

ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фуқароларни мамлакатдаги вазият ҳақида ишончли статистика ва холис ахборот билан таъминлаш муҳимлигини маълум қилди.

Ташкилот COVID-19 инфекцияси билан касалланиш ва ўлим ҳолати статистикаси қанчалик ишончлилиги, таҳлил натижаларини қанчалик тез олиш имкони борлиги, коронавирусга қарши кураш бўйича махсус штаб таркибига қайси шахслар киритилгани борасида қатор саволлар билан тегишли идораларга мурожаат қилган.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати масъул идоралар раҳбарларини қуйидагиларга чақиради: 

  • Республика махсус комиссияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда COVID-19 тарқалиши билан боғлиқ вазият тўғрисида фуқароларни тўлиқ ва холис ахборот билан таъминлаб бориш, хусусан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг аниқ кўрсаткичлари ва ўчоқлари, уйда даволанаётган одамлар, вафот этганлар сони кўрсатилган кунлик батафсил ҳисоботларни эълон қилиб бориш;
  • COVID-19 юқиши натижасида келиб чиққан пневмония ҳолатларини ва коронавирус инфекциясини яхлит статистик маълумотлар кўринишида бирлаштириш, шу жумладан пневмонияни юқтирган ва унинг оқибатида вафот этганлар сонини тақдим этиш;
  • Коронавирусга қарши кураш бўйича штаб аъзоларининг тўлиқ рўйхатини жамоатчиликка тақдим этиш;
  • Фуқароларни эпидемиологик вазият ҳақида хабардор қилишга қаратилган брифинг ва матбуот анжуманларида вазирлик ва идоралар раҳбарияти даражасидаги ваколатли шахслар, Республика махсус комиссияси аъзоларининг иштирок этишини таъминлаш.

Ташкилот ёпиқлик, айрим масалалар юзасидан сукут сақлаш ва ноаниқлик ваҳима, миш-мишлар тарқалишининг, ахборот маконида фейклар кўпайишининг омиллари бўлиб, пировардида фуқароларда ҳукуматга нисбатан ишончсизлик ортишига олиб келади деб ҳисоблайди. Давлат раҳбари коронавирус инфекцияси билан зарарланишнинг ҳақиқий ҳолати бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча ҳоким ва раҳбарларни огоҳлантирган. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган.

Таъкидланишича, ишончли, холис, ўз вақтида берилган маълумотлар фуқароларга асосли қарорлар қабул қилишга, ўзлари ва бошқаларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш учун масъулият билан ёндашишга имкон беради.  

“Пандемия бутун дунёда тўлиқ бартараф этилмас экан, хотиржамликка берилиб бўлмайди. Барча юртдошларимизни хушёрликка, жуда эҳтиёткорлик билан карантин ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилишга чақириб қоламиз”, - дейилган мурожаат сўнгида.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда жами 56 252 коронавирус билан касалланган. Шулардан 52 859 нафари тузалиб кетган. 465 киши эса вирус қурбонига айланган.

Янгиликлар лентаси
0