Эндиликда жамоат жойларида совуқ қуролни ғилофсиз олиб юрганлар жаримага тортилади

Oбуна бўлиш
Совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юрганлик учун 111 минг 500 сўмдан 223 минг сўмгача миқдорда жарима жазоси белгиланди.

ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда жамоат жойларида совуқ қуролни ғилофсиз олиб юрганлик учун жарима белгиланди. Бу президент имзолаган айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид қонунда кўзда тутилган

Қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 14, 245, 287-моддалари тўлдирилиб, кодексга янги 185² ва 185³-моддалари қўшилди.

185²-модданинг биринчи қисмида совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ ҳолларда, жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юрганлик учун 111 минг 500 сўмдан 223 минг сўмгача миқдорда жарима жазоси белгиланди.

“Қурол тўғрисида”ги қонунга совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёлар тушунчаси киритилди.

Бундай ашёларга касбий, ишлаб чиқариш ёки спорт фаолиятида ёхуд хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган, саноат усулида ёки қўлбола тарзда ясалган тиғли, кесувчи (пичоқлар, бигизлар ва бошқа учи ўткирланган санчиладиган, кесувчи), жисмоний куч ишлатганда шикаст етказиши мумкин бўлган (бейсбол биталари, софтбол ўйини учун биталар) ашёлар киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда совуқ қурол олиб юрганлик учун жавобгарлик кучайтирилаётгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар лентаси
0