Амалдорларга ижтимоий тармоқларда саҳифа очиш мажбурияти юкланиши мумкин

© Sputnik / Наталья Селиверстова / Медиабанкка ўтишFacebook фэйсбук лого
Facebook фэйсбук лого - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
АОКА давлат идораларининг раҳбарларига ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ўз расмий саҳифасини очиш мажбуриятини юклашни таклиф қилмоқда.

ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Ўзбекистонда давлат идораларининг турли даражадаги раҳбарларига кўплаб фойдаланувчиларга эга ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ўз расмий саҳифасини очиш мажбурияти юкланиши мумкин. Бу Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги муҳокама қўйган “Давлат органлари фаолиятини ёритиш учун ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори лойиҳасида сўз борган.

Лойиҳада ёзилишича, давлат идораларининг ахборот сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жумладан ўз фаолиятини кенг-кўламда тезкор ёритиш ишлари қониқарсиз деб топилган.

Шу сабаб давлат идоралари ахборот сиёсати соҳасидаги фаолиятини қайта кўриб чиқиш ҳамда 10 муддатда ўз тузилмаларидаги мавжуд штат бирликлари доирасида ахборот хизматини шахсан биринчи раҳбарга бўйсунадиган мустақил таркибий бўлинма сифатида ташкил (қайта ташкил) таклиф қилинмоқда.

2021 йил 1 февралдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиш таклифи илгари сурилмоқда:

  • давлат идоралари фаолиятини доимий ёритиб бориш ҳамда амалга оширилаётган лойиҳаларни жамотчиликка тезкор ва тушунарли етказиб бериш орқали ташкилотнинг ижобий имижини шакллантиришга доир вазифаларни амалга ошириш жараёнида ҳаморликда ишловчи журналист ва фойдаланувчилар сони юқори бўлган блогерлардан иборат “Медиа пул” ташкил этиш;
  • журналистларнинг аккредитация қилиш тўғрисидаги ёзма ва электрон мурожаатлари давлат идоралари томонидан тегишли мурожаат олинган кундан бошлаб кўпи билан уч иш кунида кўриб чиқилиши белгиланиши;
  • давлат идоралари ўзларининг жамоатчилик кенгашлари фаолияти ва аъзолар рўйхатини қайта кўриб чиқиши ва жамоатчилик кенгашлари таркибига камида бир нафардан фаол журналист ва/ёки блогерни киритиш чоралари кўриши;
  • АОКА томонидан ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва мобиль мессенжерларнинг мониторинги натижасида аниқланган давлат идоралари фаолиятига тааллуқли, аҳолининг кенг қатлами онгига салбий таъсир кўрсатувчи материал ва маълумотларга давлат идораларининг тезкор муносабат билдириш муддати бир кун қилиб белгилаш;
  • давлат идоралари ҳар чоракда камида бир марта ОАВ ва блогерлар учун очиқ бўлган матбуот конференциялари, брифинглар ташкил этиш ва интервьюлар, савол-жавоблар ўтказиш йўли билан жамоатчиликка доимий ҳисобот бериб бориши;
  • давлат идораларининг турли даражадаги раҳбарлари “Facebook”, “Twitter”, “Instagram”, “Telegram” каби кўплаб фойдаланувчиларга эга ижтимоий тармоқлар, мессенжерларда ўз расмий саҳифаларини очиши ва уларни белгиланган тартибда верификация қилиш чораларини кўриш;
  • давлат идораларининг биринчи даражали раҳбарлари ахборот хизматлари билан биргаликда Интернет тармоғидаги “Wikipedia” мустақил интернет-энциклопедиясида алоҳида веб-саҳифа очиб, ўзи бошқараётган давлат идораси ва ўзининг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўзбек, рус, инглиз тилларида жойлаштириши;

Шунингдек, 2021 йил якунига қадар ишловчи мобиль иловаларни ишга тушириш ҳамда мазкур иловалардаги ахборот, маълумотлар базасини очиқ маълумотлар портали (opendata.gov.uz) билан интеграция қилиш чораларини кўриш таклиф қилинмоқда.

Давлат идораларининг раҳбар ходимлари ўз расмий саҳифаларида ҳафта давомида камида уч марта бошқарувидаги давлат идораси фаолиятига дахлдор бўлган ахборотни жойлаштириб бориши шартлиги ҳам белгиланмоқдв. Мазкур саҳифалар орқали жамоатчилик фикрини ўрганиб, мурожаат ва саволларга жавоб бериб борилиши керак.

Янгиликлар лентаси
0