Ўзбекистонда 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилади

© Sputnik / Максим БлиновЗаключенные в колонии
Заключенные в колонии - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Мирзиёев тезкор қидирув фаолиятида, тергов органлари ва жазони ижро этишда қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимояси, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар давом эттирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида таъкидлади.

Президентнинг сўзларига кўра, янги йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд—бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим.

Янги йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та суд 1 та суд сифатида бирлаштирилади. Суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.

Инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди. Энди йирик инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин.

Президент жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасидаги ишлар давом эттирилишини маълум қилди. Хусусан, халқаро стандартлардан келиб чиқиб 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилади.

“Бундан буён биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса, у манзил колонияга ўтказилмасдан, пробация назоратига олинади. Мазкур енгиллик асосида ҳозирги кунда жазо муддатини ўтаётган 6 минг нафар шахсга ўз маҳалласи назорати остида оиласи бағрида бўлиш имкони яратилади”, — деди у.

Шу билан бирга, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш органидан, янги ташкил этиладиган Инсонпарварлик комиссиясига ўтказилади.

Мирзиёев тезкор қидирув фаолиятида, тергов органлари ва жазони ижро этишда қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Янгиликлар лентаси
0