Сиёсат

Миллий гвардия мамлакатни “янгича” қўриқлайди – асосий ўзгаришлар

© Sputnik / Рамиз БахтияровАвтомобиль национальной гвардии Узбекистана
Автомобиль национальной гвардии Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.02.2021
Президент қарори билан Миллий гвардия қўриқлаш хизмати Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси этиб қайта ташкил этилди.
ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.
Қарор билан Миллий гвардия қўриқлаш хизмати Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси этиб қайта ташкил этилди.
Қўриқлаш бош бошқармасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
  • шартнома асосида давлат объектлари, муҳим объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини, шунингдек, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналарини қўриқлаш;
  • қўриқланаётган объектларда жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш;
  • қўриқлаш воситалари ва тизимларини қўллаш соҳасида ягона техник сиёсатни назорат қилиш, шунингдек, қўриқлаш фаолиятига замонавий АКТларни кенг миқёсда жорий этиш;
  • шартнома асосида техник қўриқлаш воситаларини ўрнатиш (созлаш), уларга техник хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш;
  • давлат ташкилотлари, шунингдек, устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга тегишли қўриқлаш бўлинмаларида инспекторлик назорат текширувларини ўтказиш (ҳуқуқ-тартибот органлари ва ҳарбийлаштирилган тузилмалардан ташқари), объектларда ички, рухсат бериш режимларига риоя этилишига доир тадбирларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;
  • оммавий тадбирларда жамоат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш, аҳоли гавжум жойларда жамоат тартибини сақлашда ҳуқуқ-тартибот органларига кўмаклашиш.
Шунингдек, қарорга кўра, Қўриқлаш бош бошқармаси мустақил таркибий бўлинма ҳисобланиб, ўз ваколатлари доирасида давлат объектлари, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш бўйича вазифалар ва функцияларни кўрсатилаётган қўриқлаш хизматлари учун тушадиган маблағлар ҳисобига, ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш ва мустақил хўжалик юритиш тамойили асосида амалга оширади.
Қўриқлаш бош бошқармасининг шаҳодатланган таркиби Миллий гвардиянинг ходимлари ҳисобланади, ҳуқуқий мақоми бўйича ички ишлар органлари ходимларига тенглаштирилади.
Қарорга кўра, 1 июлдан бошлаб Қўриқлаш бош бошқармаси ходимларига ҳар ойда уларнинг лавозим маошига 20 фоиз миқдорда ойлик устама белгиланади. Қўриқлаш бош бошқармаси ишчи ва хизматчиларининг лавозим маошларини белгилашда тариф коэффициентлари ўртача 2 бараваргача оширилган миқдорда қўлланилади.
1 майдан бошлаб объектларни қўриқлаш тизими «Юқори сифат ва қулай нарх» тамойили асосида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш орқали босқичма-босқич такомиллаштирилади:
  • шаҳодатланган таркиб томонидан қўриқланадиган объектларни босқичма-босқич ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмаларига ўтказиш;
  • мақбуллаштирилган аралаш қўриқлаш турларини жорий қилиш;
  • замонавий техник қўриқлаш воситаларини жорий этиш орқали жисмоний қўриқлашни қисқартириб бориш.
Ушбу чора-тадбирлар уч босқичда амалга оширилади:
- 2022 йил 1 январга қадар — вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, ҳокимликларнинг маъмурий бинолари, ўқув ва маданий муассасалар, чакана амалиёт кассалари, банк хизматлари марказлари;
- 2022 йил 1 июлга қадар — ишлаб чиқариш объектлари, бозорлар, савдо марказлари, телерадиоузатув объектлари, сув иншоотлари;
- 2023 йил 1 январга қадар — банк бинолари ва бошқа объектлар.
Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти, Ихтисослаштирилган ўқув маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ва Фарғона минтақавий ўқув марказлари базасида Қўриқлаш бош бошқармасининг ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмалари ишчи ва хизматчиларини бошланғич тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ташкил этилади.
Шунингдек, қарор билан Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси тўғрисидаги низом ҳамдан унинг ташкилий тузилмаси тасдиқланди.
Қарор имзоланган кун, яъни 20 февралдан бошлаб қонуний кучга кирди.
Янгиликлар лентаси
0
Аввал янгилариАввал эскилари
loader
LIVE
Заголовок открываемого материала