Шу кунларда кутилаётган совуқ ҳавода экин ва дарахтларни қандай сақлаш керак?

Oбуна бўлиш
Гидрометеорология хизмати хабарига кўра 24-27 февраль кунлари Ўзбекистонга Россиянинг Волга бўйи ҳудудидан совуқ ва нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда.
ТОШКЕНТ, 124 фев - Sputnik. Шу кунларда кутилаётган совуқ ва нам ҳавода қишлоқ хўжалиги экинлари ва дарахтларни қандай сақлаш керак? Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу борада ўз тавсияларини берди. 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати хабарига кўра, 24-27 февраль кунлари Ўзбекистонга Волга бўйи орқали Россиянинг Европа қисми ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда. 
Ушбу муносабат билан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, мевали боғ ва узумзорлар, эртаки картошка ва сабзавот экинларини сақлаб қолиш мақсадида қуйидаги тадбирларни зудлик билан амалга ошириш тавсия берди:
  • мевали боғ ва узумзорларнинг қатор ораларидан суғориш ариқлари олиниб, иложи борича кам миқдорда сув оқизиш;
  • мевали боғ ва узумзорлар қатор ораларига маҳаллий ўғит аралаш ҳашак, пахол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш. Бунинг учун мевали боғ ва узумзорларга бир текисда эни 1,25-1,5 м ҳамда баландлиги 0,5-0,75 м дан тўп-тўп қилиб уйиб қўйиш;
  • дарахтларнинг ёши ва қалин сийраклигига қараб ҳар бир гектар майдонга 100-200 та уюм ҳосил қилиш. Тутун боғ ичига яхши ёйилиши учун уюмларни мевали боғ ва узумзорларнинг шамол эсадиган томонига қўйиш ҳамда ҳаво хароратини кузатиб бориш;
  • ҳаво очиқ бўлиб, ҳарорат +1°С га тушиши билан уюмларни тутатиш. Бунда уюмларнинг алангаланмай, тутаб ёнишига алоҳида аҳамият бериш лозим. Совуқ такрорланишини ҳисобга олиб, уюмлар оралатиб тутатиш. Агар совуқ бўлмаса уюмлардан ўғит сифатида фойдаланиш;
  • эртаки муддатларда экилган картошка ниҳоллари ердан униб чиққан бўлса, шароитга қараб, эгат устини полиэтилен плёнка билан ёпиш ёки ёпишнинг иложи бўлмаган майдонларда кечки сув қўйишни ташкил этиш ва майдоннинг атрофига гўнг аралаш хашак, пахол ва шох-шаббалар уюмларини тўплаш ҳамда уларни тутатиш;
  • иситилмайдиган кўчатхоналарда етиштирилаётган сабзавот ва полиз экинлари кўчатларини совуқдан асрашнинг муҳим тадбирларидан бири дугалар ўрнатиш, устини полиэтилен плёнкаси билан ёпиш, вақтинчалик иситиш мосламаларидан фойдаланиш ҳамда атрофига гўнг аралаш хашак, пахол ва шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш;
  • иссиқсевар сабзавот экинларидан помидор, ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини парникда тайёрлашни ҳамда бодринг ва полиз экинлари уруғларини экишни вақтинчалик тўхтатиб туриш;
Шу билан бирга вазирлик, совуққа чидамли сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, ош лавлаги, карам ва кўкат сабзавотлар каби экинларга совуқ -2-3°С сезиларли таъсир этмаслигини хабар қилган.
Маълумот учун, ўтган ҳафтада Россиянинг Европа қисмида 36 соат давомида узулуксиз қор ёғиши ва ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши ҳолатлари кузатилган эди. Ундан ташқари Россиянинг жанубий ҳудудларида, Краснодар ўлкаси ва Қрим ярим оролида ҳам бир неча йилдан бери кузатилмаган аномал об-ҳаво кузатилган эди. Хусусан қор қалинлиги 28 см ҳаво ҳарорати - 10 даражагача етган эди. 
 
Янгиликлар лентаси
0