Спорт

Футболдаги инқилоб: Европа суперлигаси ҳақида нималар маълум

© Unsplash / Mitch Rosen Футбольное поле
Футбольное поле - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 19.04.2021
Европа суперлигаси ташкил этилиши нафақат Европа, балки бутун дунё футболи учун оламшумул воқеа бўлди. Унинг атрофидаги баҳс-мунозаралар тинмаяпти.
ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Кеча футбол мухлислари учун кутилмаган воқеа рўй берди. Янги Европа суперлигаси тузилгани ҳақида расман эълон қилинди. Бу футбол оламида қизғин муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлмоқда. Хўш, Суперлига хусусида нималар маълум ва нималарни билиш зарур?

Нима бўлди?

Қитъанинг 12 та йирик клуби Суперлига ташкил этилишини расман эълон қилди. Янги мусобақа ташкил этишнинг асосий сабаби, улар ўз даромадларини камбағал жамоалар ва УЕФА билан бўлишишни исташмайди.
УЕФА эса янги турнирга қўшилишга розилик билдирган клубларни барча ички ва халқаро мусобақалардан четлатилиши, бундан ташқари ушбу клубларда тўп сураётган футболчилар терма жамоаларда ўйнай олмаслигини билдирди.

Ташаббус кимдан чиқди?

Флорентино Перес ва Андреа Аньелли. Иккинчиси нафақат “Ювентус” президенти, балки 246 футбол клуби манфаатларини ҳимоя қилувчи Европа клублари ассоциацияси (ECA) раҳбари ҳамдир. “Реал Мадрид” хўжайини Флорентино Перес янги турнирнинг президенти бўлди. Унинг ўринбосарлари - Жоэль Глейзер (“Манчестер Юнайтед”) ва Андреа Аньелли.
Переснинг ишончи шунчалик кучли бўлганки, ҳатто Хосеп Бартомеу (“Барселона”нинг собиқ президенти) ҳам унинг таъсирига тушган.
Ла Лига президенти Хавьер Тебас бу хусусда шундай деди:
“Менимча, Бартомеуни Флорентино Перес бошқарган. Ушбу лигани яратиш ҳамиша “Реал” президентининг орзуси эди. У бу лойиҳа устида узоқ вақт ишлаган, шунинг учун бу янгилик эмас. Илгари “Барселона” Ла Лига, УЕФА ва ФИФА билан ишлашда ўз фикрига эга эди. Аммо сўнгги 3 йилдан буён улар “Реал”нинг ҳаракатларини такрорламоқда”.

Кимнинг пуллари эвазига?

Маълум бўлишича, бош ҳомий машҳур JP Morgan банки бўлади. Улар лигага 4,6 миллиард фунт сармоя киритишга шай. Банк ўз маблағларини эфирга узатиш ҳуқуқларини сотишдан ва келажакдаги бошқа даромадлардан қайтаришни режалаштирмоқда.
Суперлигани, шунингдек, стартаплар ва ёш лойиҳаларни барпо этадиган Key Capital Partners компанияси ҳам қўллаб-қувватлайди. KCP етарли маблағга эга эмас. Улар 2007 йилдан бери 100 миллион фунт сармоя киритган, холос. Аммо компания янги ҳомийларни жалб қилиши мумкин.
!Corriere dello Sport” нашри хабарига кўра, DAZN телевизион ҳуқуқлар учун 3,5 миллиард евро тўлашга тайёр. Аммо компаниянинг ўзи ҳозирча бу хабарни инкор этмоқда (Reuters).
Суперлигага асос солган топ-15 та клуб ривожланиш учун умумий ҳисобда 3,1 млрд фунт олади (ҳар бир жамоа 89 миллиондан 310 млн фунтгача). Улар ушбу маблағларни ўз стадионларини таъмирлашга, машғулот базаларига ёки COVID-19 туфайли чипталар савдосидан кўрилган зарарларни қоплашга сарфлаши мумкин.

Шакл қандай бўлади?

Таъсисчилар режасига кўра, Суперлига 20 та клубдан иборат бўлади. Жамоалар 10 тадан иккита гуруҳга бўлинади ва уй-сафар тизимида ўйинлар ўтказади. Шунда ҳар бир иштирокчи клуб учун 18 та ўйин ўтказиш кафолатланади. Чемпионлар лигасининг янги шакдида эса бу кўрсатгич 10 тани ташкил этади. Жорий йилнинг августида бошлаш мўлжалланмоқда.
Учрашувлар ҳафта ўрталарида (Чемпионлар лигаси ўрнига) ўтказилади, шу сабабли жамоалар ўз чемпионатларида ҳам ўйнашлари мумкин, агар УЕФА уларни бу ҳуқуқдан маҳрум этмаса, албатта.
Гуруҳдан энг яхши натижа қайд этган 3 тадан жамоа кейинги босқичга чиқади. 4- ва 5-ўринларни эгаллаган клублар эса кейинги босқичга чиқиш учун ўзаро плей-офф ўйинида иштирок этади. Чорак ва ярим финал баҳслари одатдагидек уй-сафар тизимида ўтказилади. Финал учрашуви эса май ойи охирларида нейтрал майдонда бўлиб ўтади.
Ташкилотчилар кейинчалик ҳудди шу форматда аёллар ўртасида ҳам Суперлигани ўтказишни кўзлашмоқда.

Кимлар розилик билдирди?

12 та клуб: “Манчестер Юнайтед", "Ливерпуль", "Манчестер Сити", "Арсенал", "Челси", "Тоттенхем", "Барселона", "Реал", "Атлетико", "Интер", "Милан" ва "Ювентус".
“Барселона” учун қарорни собиқ президент Хосеп Бартомеу қабул қилган. У ўз лавозимидан кетишга бағишланган матбуот анжуманида Суперлигага қўшилиш ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган эди:
“Мен сизга ғайриоддий янгиликларни айтиб беришим мумкин. Кеча биз клубнинг келажакдаги молиявий барқарорлигини кафолатлайдиган бўлажак Европа Суперлигасида иштирок этиш таклифини ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг янги форматини қабул қилдик”.

Кимдир рад этдими?

Ҳа, "Боруссия Дортмунд", "Бавария" ва ПСЖ бу ғояни қўллаб-қувватламагани аниқ. “The Athletic” ва “The New York Times” нашрларининг ёзишича, немис клублари ҳозирги тузилма ва қадрдон мусобақадан воз кечишни хоҳламаган.
Аммо ПСЖ билан янада қийинроқ. Биринчидан, парижликлар бундай мусобақада фақат бой жамоалар иштирок этмаслиги керак деб ҳисоблашади. Иккинчидан, ПСЖ президенти Носир Ал-Хелайфи УЕФА директорлар кенгашида фаолият юритади. Бундан ташқари у “beIN Media Group”ни бошқаради. Қатар телекомпанияси Чемпионлар лигаси учрашувларини эфирга узатиш учун УЕФАга миллионлаб пул тўлаган.

Нега айнан ҳозир?

Дастлаб Чемпионлар лигасининг янги формати март охирида тақдим этилиши керак эди, аммо керакли санага қадар УЕФА Европа клублари ассоциацияси (ECA) билан келишувга эриша олмади.
Европа клублар ассоциацияси УЕФАнинг клуб мусобақалари қўмитаси билан бўладиган йиғилишдан бир кун олдин улар ҳали ҳам ўзаро келишувга эриша олишмаганини маълум қилди. Гап шундаки, топ-клублар кўпроқ кучга эга бўлишни, шунингдек, тижорат ва эфирга узатиш ҳуқуқларини сотишда фаол иштирок этишни хоҳлайди.

УЕФА ва лигалар нима дейди?

УЕФА, Испания, Англия, Италия федерациялари қўшма баёнот берди - инқилобчиларни кўнгилсизликлар кутмоқда. Баёнотда Европа Суперлигаси лойиҳасида иштирок этишдан бош тортган немис ва француз клубларга миннатдорчилик ҳам билдирилган.
Россия премьер лигаси ҳам янги клуб турнири ташкил этилишига қарши чиқди.
ФИФА ҳам ўз навбатида Европа футбол суперлигаси ташкил этилишини маъқулламаслигини билдирди, зеро мусобақа халқаро футбол чегарасидан ташқарига чиқади.
“Sky Sport Italia” тарқатган хабарга кўра, УЕФА Суперлигада иштирок этадиган ҳар бир клуб ва ҳар бир футболчини ўз мусобақасидан четлатмоқчи. Бундан ташқари, УЕФА ушбу клубларга нисбатан 50-60 миллиард евро миқдорида даъво аризаси билан мурожаат қилади.
Манба.
Янгиликлар лентаси
0
Аввал янгилариАввал эскилари
loader
LIVE
Заголовок открываемого материала