Саида Мирзиёева Третьяков галереясига нодир асарларни келтирди – видео

Oбуна бўлиш
17 май куни Москвадаги Давлат Третяков галереясида “Иван Кудряшов. Рассом таваллудининг 125 йиллигига” деб номланган кўргазма очилди.
ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Россия пойтахти Москвадаги Кримский Вал кўчасида жойлашган Третьяков галереясида рассом-супрематист, Малевичнинг шогирди Иван Кудряшов асарлари кўргазмаси очилди.
Мусаввирнинг асарлари Россия, Франция, Греция ва Ўзбекистон томонидан тақдим этилган. Таъкидлаш лозимки, картиналарнинг аксарияти И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат санъат музейи томонидан тақдим этилди.
“Иван Кудряшов таваллудининг 125 йиллигига” бағишланган кўргазма Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган. Ўзбекистон томонидан бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданиятни ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева иштирок этиб, нутқ сўзлади.
“Игорь Савицкий саъй-ҳаракатлари билан бу асарлар унинг музейидаги жамғармада сақланган. Улар 50 йил захираларда ётган, фақат 2017 йилда Третьяков галереяси мутахассислари бу экспозицияларга қизиқиш билдириб, Иван Кудряшовнинг мана шундай шахсий кўргазмасини ўтказиш истагини билдиришди”, - деди Мирзиёева кўргазманинг очилиш маросимида.
Унинг таъкидлашича, мазкур кўргазма Нукус музейининг жаҳон миқёсида шуҳрат қозониш йўлидаги зафарли юришини бошлаб беради, унинг ноёб коллекцияларини оммалаштиришга ҳамда Ўзбекистон, Қорақалпоғистон нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Иван Кудряшов (1896-1972) — рассом, график артист, супрематист, ўтган аср санъатида космизмнинг энг йирик вакили, абстракт санъатда ўз йўналишининг асосчиси, педагог.
Кўргазма рассомнинг суратлари, графикалари, стенографик асарлари, шунингдек, архив материалларини ўз ичига олган бир нечта бўлимлардан иборат.
Янгиликлар лентаси
0