“Радарлар ноқонуний жарима ёзмоқда” – депутатлар ИИВга мурожаат қилишди

© Пресс-служба ГУВД ТашкентаРадар на дороге в Ташкенте
Радар на дороге в Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 10.07.2021
Oбуна бўлиш
Радарлар ҳайдовчи ва йўловчилар хавфсизлиги учунми ёки кўпроқ жарималар йиғиш учунми - депутатлар Ички Ишлар вазирлигига мурожаат қилишди.
ТОШКЕНТ, 10 июл – Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқ Демократик партиясининг депутатлари Фирдавс Шарипов ва Шерзод Раҳмоновлар йўлларда тезликни ошириш учун жарима ёзаётган радарлар нақадар қонуний ўрнатилганини текширишди.
Қонунчиликда белгиланишига кўра, тезликни ўлчовчи радар қурилмалари ошкора ўрнатилган ва бундай қурилмалар ўрнатилган жойларда стационар ёки вақтинча огоҳлантириш белгилари бўлиши шарт.
Амалиётда эса, мобил қурилмалар аксарият ҳолларда ҳайдовчига кўринмайдиган қилиб, огоҳлантириш белгиларисиз қўлланилмоқда. Ундан ташқари ЙҲХБ ходимлари томонидан автомобиллар ичига ўрнатилган радарлар ҳам кўплаб қоидабузарликлар билан фойдаланилмоқда.
Оқибатда эса фуқаролар ноқонуний жарима тўлашга мажбур бўлмоқда, лекин бу билан йўллардаги хавфсизлик даражаси ошгани йўқ.
“Очиғини айтиш керак, “Нексия-3” автомобилига радар ўрнатиб, беркиниб “ўлжа пойлаш”дан ким манфаатдор? Халқми ёки ЙҲХБ? Бу баҳсли ва аниқлаштирилиши зарур бўлган масала, деб ҳисоблаймиз”, - дейилган депутатлар мурожаатида.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг бир гуруҳ депутатлари ўтказган ўрганишлар давомида Тошкент — Андижон (А-373) йўналишида тезликни оширмаслик бўйича 100 дан ортиқ "радар" белгилари ўрнатилган. Ўрганиш кунлари (2021 йил 18-19 май) 10 дан ортиқ стационар, кўчма ва мобил “радар”лардан фойдаланилаётгани маълум бўлди. Тошкент — Самарқанд (М-34 ва М-39) йўналишида эса 120 дан ортиқ “радар” йўл белгилари, ўрганиш кунлари (2021 йил 20-21 май) 20 дан ортиқ “радар”лар фаолият кўрсатган.
“Куни кеча бизнинг танқидимиздан сўнг ниҳоят Тошкент шаҳридаги радарлар жойлашган манзиллар жамоатчиликка ошкор этилди. Лекин Ўзбекистон Республикаси фақат Тошкент шаҳридан иборат эмас-ку, асосий эътирозлар ҳудудлардан, катта магистраль йўллардан тушаётганига наҳотки масъул ташкилотлар вакиллари панжа ортидан қараётган бўлса?” , - дейилган мурожаатномада.
Ички ишлар вазирлиги депутатлар ва ҳайдовчиларнинг асосли эътирозларига нисбатан муносабат билдиришларини сўраб қоламиз, - дейилган депутатлар очиқ мурожаатида.
Юқоридаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда ЎзХДП фракцияси депутатлари Ҳукуматга қуйидаги қатъий таклифларни билдиради:
Биринчидан, йўл ҳаракати қоидалари чуқур танқидий-таҳлилдан ўтказилиши ва шу асосда уларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилиши зарур.
Иккинчидан, автомобилларда ҳаракатланган ҳолда махсус мосламалар билан тезликни назорат қилиш амалиётига бутунлай чек қўйиш зарур.
Учинчидан, нафақат стационар, балки барча турдаги радарларнинг жойлашуви онлайн режимда кўрсатилиши керак.
Тўртинчидан, йўлларга радарларни жойлаштириш мезонлари қатъий белгилаб қўйилиши лозим.
Мана шу масалалар ҳал қилинмаса, радарлар ҳайдовчи ва йўловчилар хавфсизлиги учунми ёки кўпроқ жарималар йиғиш учунми, деган савол очиқ қолаверади, - дейилга хабарда.
ЙҲХББ хабарига кўра, 2021 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистонда 2960 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва уларда 770 киши ҳалок бўлган, 2365 киши жароҳат олган. Аксарият ҳолларда ЙТҲ содир бўлишига қўйидагилар сабаб бўлган:
тезликни ошириш - 27,7%;
йўллар носозлиги ва етарлича жиҳозланмагани - 15,4%;
йўл белгиларига амал қилмаслик -11,6%,
йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиш - 9,7%;
ҳайдовчи тажрибасизлиги - 6,9%;
рулда ухлаб қолиш - 6,3%
маст ҳолда автомобилни бошқариш - 2,6%.
2020 йилда эса Ўзбекистонда 6982та йўл-транспорт ҳодисаси рўй бериб, уларда 1689 киши ҳалок бўлган эди.
Янгиликлар лентаси
0