Аналитика

Эркак ўқитувчилар, қаердасиз?

© AFP / FREDERICK FLORINШкольные принадлежности
Школьные принадлежности - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 31.08.2021
Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда тизимга қарийб 45 минг нафар эркак ўқитувчи қайтган. Бу яхши натижа. Бироқ ишдан бўшаб кетаётганлар ҳам йўқ эмас.
ТОШКЕНТ, 31 авг – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бир нечта чиқишларида, жумладан, парламентга йўллаган мурожаатида эркак ўқитувчиларни зудлик билан мактабларга қайтариш зарурлиги юзасидан ўз фикрларини билдирган эди. Sputnik мухбири мазкур жараён қандай кечаётгани билан қизиқди.
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 31.10.2020
Жамият
Мирзиёев зиёлилар миссияси ва янгича дарс методикаси ҳақида
Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамованинг маълум қилишича, амалга оширилган ислоҳотлар натижасида сўнгги 5 йилда тизимга қарийб 45 минг нафар эркак ўқитувчи қайтган. Ниҳоятда салмоқли рақам.

“БМТга раҳбар бўлсам...”

Жавлонбек Тошболтаев 2014 йилдан бери Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги 35-умумтаълим мактабида инглиз тилидан дарс бериб келади. 2016 йилда уч ойгина бошқа ташкилотда ишлаганини ҳисобга олмаса, меҳнат дафтарчасида шу биргина ёзув бор: Ўқитувчи! Ўзи олий тоифали, халқаро сертификатга эга. Шуларнинг ҳисобига 4 млн сўм атрофида маош олади.
“Ёшлигимдан халқаро сиёсатга қизиққанман, - дейди Жавлонбек. – Бирлашган Миллатлар Ташкилотига раҳбар бўлишни орзу қилганман. Шу сабабли Университетга ўқишга кираётганда инглиз тилига топширдим. Яқинда Япония ҳукуматининг “Mext Teacher Training” гранти ғолиби бўлдим ва Хоккайдо, Мияги, Хёго ёки Кёто университетларидан бирида малака ошириш имконини қўлга киритдим”.
Жавлонбек куни кеча Хоккайдо Дорилфунунига бориши ҳақида хабар олди. У октябрь ойида жўнаб кетади ва 1,5 йил давомида Япония мактаб таълими тизими ҳамда хорижий тилларни ўқитишнинг илғор методикаларини ўрганади.
Қаҳрамонимизнинг сўзларига кўра, у ишлайдиган мактабда 20 дан зиёд ўқитувчи бор. Шулардан 10 таси эркак киши. Таълимда эркак муаллимнинг ўрнини оилада ота ўрнига қиёслаш мумкин – бу Жавлонбек ўзи кашф этган ҳақиқатлардан бири.
“Ўқувчиларимга 9 синфда IELTS сертификатини олиш мақсадини қўяман. Токи 10-11синфларда бошқа фанлардан тест имтиҳонларига хотиржам тайёрланиш имконига эга бўлсин. Маош масаласига келсак, фақат ойликка қараб ўтирсангиз, кун ўтиши қийин... Қишлоқ мактабларида ишлайдиган ҳамма ўқитувчиларнинг мол-ҳоли, томорқаси бор. Мен қўшимча репетиторлик ҳам қиламан", - дейди у.
Дарвоқе, Жавлонбек ёшлигидаги орзусидан воз кечмаган.
“Япония грантини ютганим – бу йўлдаги биринчи қадам, - дейди у. - Агар БМТга раҳбар бўлсам, тобора кўпайиб бораётган низоларга барҳам беришга ҳаракат қиламан, чунки уларда асосан тинч аҳоли жабр кўраяпти. Бундан ташқари, иқлим ўзгаришининг олдини оладиган технологияларни кенг тарғиб этган бўлардим. Бундай технологияларни яратиш учун илм керак. Модомики, менга илм бериш бахти насиб этган экан, мактабдаги фаолиятимдан, касбимдан розиман”.

“Бир ўқитувчига қирқ ҳунар оз”

Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, вилоятдаги мавжуд 948 та умумий ўрта таълим муассасаларида 50 595 нафар педагог фаолият олиб боради. Шундан 13 950 нафари ёки 27,5 фоизи эркаклардир. 2019 йилда эса 11 515 нафар бўлган. Бу кўрсаткич икки йилда салкам 2,5 мингга ортгани яхши, албатта. Фарғонанинг айрим туман ва шаҳарлари мисолида кўриб чиқсак, вазият янада ойдинлашади. Ўсиш суръати Риштон туманида – 11,9 фоиз, Тошлоқ туманида – 10, 6 фоиз бўлса, Қўқон шаҳрида 5 фоизга тенг. Қишлоқ билан шаҳар ўртасидаги фарқ яққол кўзга ташланади.
Школьные будни - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.02.2021
Ўзбекистонлик ўқитувчилар фикрини халқаро миқёсда ўрганиш истиқболлари муҳокама қилинди
Бунинг сабаби Жавлонбекнинг юқоридаги сўзларида ҳам бир оз ойдинлашгандай бўлган эди. Яъни эркак ўқитувчиларнинг таълимга қайтиши кўпроқ қишлоқ мактабларида кузатилаётгани – маошдан ташқари томорқа ва чорвадан даромад олиш имконининг мавжудлигида. Соддароқ қилиб айтганда, қишлоқ ўқитувчилари “давлат қачон ойлик бераркан” деб қараб ўтирмайди. Лекин шаҳарда бунинг имкони йўқ. Репетиторлик билан шуғулланмайдиганлар учун ягона даромад манбаи – мактабнинг ўзи. Шу маънода қишлоқ ўқитувчилари уддабуронроқ – улар бўш вақтда ҳам чорвадор, ҳам деҳқон...

“Нотекис” рақамлар

Мақолани тайёрлаш жараёнида айрим суҳбатдошларимиз томонидан мактабга қайтаётган эркаклар асосан қишлоқ ҳудудларига тўғри келади, деган фикрлар билдирилди. Шаҳар статистикаси берилса, умумий манзарани бир оз “бузиб” қўйиши мумкинлиги ҳам айтилди.
Нима бўлганда ҳам, вазирликдан олинган рақамлар қуйидагича: 2020 йил сентябрь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида жами 23 530 нафар ўқитувчи фаолият юритган бўлса, шундан 3 210 нафари эркаклар. Бу тахминан, 13,7 % демакдир. Республика кўрсаткичига (31,3 %) нисбатан олганда, ҳақиқатан манзарани “бузадиган” рақам экан. Шуни ҳам асосан ярим ставка-чорак ставка ишга қабул қилинган Педагогика университетининг битирувчи курс талабалари ташкил этади.

Текис рақамлар...

Ўзбекистонда сўнгги беш ўқув йилига оид рақамлар: 2016/2017 ўқув йилида 390,6 минг нафар ўқитувчидан 114,4 минг нафари эркаклар. 2017/2018 ўқув йилида 409,4 минг нафар ўқитувчи фаолият кўрсатган, шундан 119,1 минг нафари эркак ўқитувчилар. 2018/2019 ўқув йилида 444,2 минг ўқитувчидан 133,2 минг нафари, 2019/2020 ўқув йилида эса 486,6 минг ўқитувчидан 148,7 мингги эркак ўқитувчилар. Ва 2020/2021 ўқув йилида 507,7 минг ўқитувчидан 159,1 минг нафари эркак ўқитувчилардир.
© “Тараққиёт стратегияси” марказиМактаб ўқитувчилари сони
Мактаб ўқитувчилари сони  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 31.08.2021
Мактаб ўқитувчилари сони

Инклюзив таълим изидан

Навоий давлат педагогика институтининг тарих факультетида таҳсил олган Муҳаммадёрнинг (исми ўзгартирилган) ҳикояси ҳам анча қизиқ. У Алишер Навоий номидаги давлат стипендиясига сазовор бўлган, ўқишни қизил диплом билан тамомлаган. Ўғли ногирон бўлгани сабабли оиласи билан Тошкентга кўчиб келишига тўғри келган. Муҳаммадёрнинг сўзларига кўра, ҳудудларда инклюзив таълим сифати кўнгилдагидек эмас.
Пойтахтга келгач, Юнусободдаги умумтаълим мактабида ярим ставка ишлаган ва 700 минг сўм атрофида маош олган. “Нега тўлиқ ставка ишламадингиз, маош кўпроқ бўларди-ку?” деган саволимизга, “тўлиқ ишлаганимда ҳам 2 миллион атрофида олардим, бу билан оила тебратиб бўлмайди. Қўшимча ишга вақт орттириш керак эди. Ўзимиз 250 долларга ижарада турамиз”, дея жавоб берди.
Первый звонок в Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.10.2020
Жамият
Ўзбекистон мактабларида инклюзив таълим жорий қилинади
Хусусий мактабларда 8 млн ойлик беради деган гапни эшитгач, бир оз ишлаб кўрган, лекин амалда бу пулларнинг ярми ҳам тўланмагач, ҳафсаласи пир бўлган. Бундай пайтларда илми бору, лекин пули йўқ мутахассис нима қилади? Албатта, репетиторлик-да!
“Шогирдларим орасида ўқитувчилик касбини танлаган ўғил болалар борлигини билмайман - дейди Муҳаммадёр. - Бўлса ҳам, бир-икки йилда бошқа соҳага ўтиб кетган”.

“Прописка йўқми? Унда, узр...”

Қаҳрамонимизнинг “саргузаштлари” шу билан тугамади. Ҳали маорифдан кўнгли совимаган пайтларда Тошкент вилояти таълим муассасаларида ҳам дарс берди. Кўплаб мақолалар ёзди. Вилоят миқёсида “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” деган номга сазовор бўлди.
Энг аввало, унга уй керак эди. Юнусобод тумани ҳокими “Уй берилсин” дея буйруқ чиқарди, лекин ижрочи ташкилотлар “Пропискангиз қаерда бўлса, уйни ўша ердан оласиз” дейишди. Прописка эса Навоийда эди. Навоийда эса, юқорида айтилганидек, ногирон фарзанд учун сифатли таълим олиш имкони йўқ эди...
“Чекка ҳудудларга бориб ишлайдиган ўқитувчиларга юқори ҳақ тўланади”. Ана шу янгиликдан руҳланган Муҳаммадёр “резюме”сини деярли барча вилоятлар халқ таълими бошқармаларига жўнатди. Муносиб маош бўлса, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида ишлашга рози эди. Лекин унинг сўровларига фақатгина битта жавоб келди – Ургут туманидаги тожик мактабидан. Бу тилни билмаса, у ерда нима қилади?
Национальная валюта Узбекистана — сум - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.09.2020
Жамият
Ёрдам ва ижара пули: олис ҳудудларда ишлаш учун борадиган ходимлар рағбатлантирилади
“Яна биронта хусусий мактабга ҳаракат қилиб кўраман, ўхшамаса, чет элга ишлагани кетаман”, дейди у. Қаҳрамонимиз-ку, ишини топиб кетар, лекин қайсидир умумтаълим мактаби болаликдан ўқитувчи бўлишни орзу қилган фидойи бир мутахассисдан мосуво бўлгани қолади...

Орзулар оламида ойлик қанча ёхуд ўқитувчиликдан киракашлик сари

Яна бир қаҳрамонимиз Баҳромбек (исми ўзгартирилган) асли Намангандан. Уни ҳам орзулари Тошкентга етаклаб келган. 2013 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини тамомлаган. Мирзо Улуғбек туманидаги коллежлардан бирига ишга жойлашиб, 600 минг сўм атрофида тузуккина маош олган. Вақтинчалик прописканинг муддати тугаганда эса чўздиришнинг иложини тополмасдан, ишдан бўшашга мажбур бўлган.
“Институтда “Миллий ғоя, ҳуқуқ ва маънавият асослари” йўналиши бўйича таҳсил олганман. Йўналишга ҳамоҳанг, қалбимдаги ватанпарварлик туйғулари ҳам жуда авж пардаларда эди. Бу қийинчиликларни ўткинчи деб билардим. Ўз ватанимда, ўзим танлаган касб бўйича ўзим истаган жойда ишлашим нега биргина муҳрга боғлиқ бўлиши керак, деб ўйлаб ҳам кўрмаганман” - дейди Баҳромбек.
Поп туманида 2 йил меҳнат қилгач, яна марказга – орзулар маконига қайтди. Пойтахт туманларидан бирининг халқ таълими бўлимида ишлаб юрган кезлари унинг куч-ғайрати, фидойилигини кўрган мактаб директорларидан бири ишга таклиф қилади. Баҳромбек бу ерда ўринбосар лавозимида икки йил астойдил ишлади. Лекин икки миллион икки юз минг сўмлик маош рўзғорга етмагани учун шу йил 15-июль куни ишдан бўшади.
Унинг сўзларига кўра, у билан ишлаган эркак мутахассисларнинг бир қанчаси бошқа соҳаларга ўтиб кетган. Ҳаммасининг сабаби бир хил – маош камлиги. Ваҳоланки, улар ўз касбини севадиган, илмли, изланувчан инсонлар эди.
“Айтсам, эҳтимол ишонмассиз, лекин ҳар ой охирида қарз олишга мажбур бўлардим, кейинги ойликкача етиб олиш учун”, - дейди Баҳромбек.
Ҳозир Баҳромбек киракашлик қилади, кунлик даромади – 200 минг сўмдан оз эмас. Ўзига хон, ўзига бек, бўш вақтида яна қўшимча иш олиш мумкин. Мижоз бўлмаган пайтларда, кафеларда пиширилаётган таомларни буюртмачиларнинг уйига элтиб беради. Рўзғорга-ку етади, бироқ кўнгил қурғур мактабда қолиб кетган.
Ўша мактаб директори Умида опанинг (исми ўзгартирилган) сўзларига қараганда, ўша йили бирйўла беш нафар эркак ўқитувчини ишга қабул қилинган. Сўнгги йилда улардан икки нафари бўшаб кетган.
Умида опа мактабда эркак ўқитувчиларнинг ўрни жуда муҳим деб ҳисоблайди. Сабаби ҳозирги айрим болалар эркароқ, сиркаси сув кўтармайдиган бўлиб ўсаяпти. Яна баъзиларининг эса ота-онаси хорижга ишлагани кетган. Мана шундай шароитда қатъиятли, салобатли, баъзида қаттиққўл эркак муаллимнинг ўзи ҳам, сўзи ҳам, ҳаётий тажрибаси ҳам ниҳоятда қўл келади. Бундайлардан мактабда учтагина. Қирқдан ортиқ ўқитувчининг орасида уч нафар эркак. Улар ҳам “чемодан” кайфиятда. Шу боис уйда репетиторлик билан шуғулланишига имкон қадар шароит яратиб берилган.

Пул билан ўлчанмайдиган қадриятлар ҳам бор

Педагогика фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Олимов пул яхшилиги, бироқ у билан ўлчанмайдиган қадриятлар ҳам борлигини таъкидлади. Ҳозирги ёшлар “Мана, бизнинг давримизда...” деган гапларни кўпам хушлашмайди. Буни қарилик аломати деб билишади.
“Лекин ўрта авлод, айниқса катта авлод вакиллари фидойи ўқитувчилар қўлида таҳсил олган. Касбдан пулни устун қўйган муаллимни мен ҳам, мен тенгилар ҳам кўрмаганмиз. Тўғри, ҳозир эҳтиёжлар ортган, бу эҳтиёжни қондирадиган воситалар ҳам кўпайган. Уларни қўлга киритиш учун пул керак. Лекин, ҳурматли ўқитувчилар, касбга садоқат, фидойилик ва бурч деган қадриятлар ҳозирча бекор бўлгани йўқ. Улар ҳали ҳам амалда. Қалбингизга қулоқ солиб кўринг, “мен ўқитувчиман, болаларни яхши кўраман, зиё тарқатаман” деган сўзларни эшитсангиз, билингки, сизда пулдан устунроқ хазина бор экан, бу хазинани миллат фарзандларига улашишга бурчлисиз”, - дейди Олимов.

Хулоса ўрнида

Албатта, ҳар қандай меҳнат рағбатлантирилиши лозим. Айниқса, ўқитувчининг меҳнати. Айниқса, ҳозирги даврда... Мақолани кўриб чиққан ўқувчида фақат ёмонламасдан, яхши тарафларини-да ёзиш керак, деган фикр туғилган бўлиши мумкин. Тўғри, ўқитувчини мамнун қиладиган янгиликлар рўй бераяпти, улардан кўз юмиб бўлмайди. Масалан, мактаб директори Умида опанинг сўзларига кўра, “мажбурий обуналар бекор қилинди, ободонлаштириш ишларига жалб қилишмаяпти, қоғозбозлик камайган...”. Буларнинг бари замонавий тил билан айтганда – “позитив”.
Лекин, назаримизда энг катта “позитив” бу – маош миқдорию, болаларнинг тобора “эркатойлашиб” бораётганига қарамасдан, фидойилик билан меҳнат қилаётган 507 700 нафар ўқитувчининг борлигида. Нимасини айтасиз, тирикчилик ташвиши бошқа йўлга бошлайдиганлар ҳам бўлади, бироқ қалбан “мен ўқитувчиман” дея соҳага кириб келаётганлар ҳар доим кўпчиликни ташкил этаверади. Буни юқорида келтирганимиз – яхши маънодаги текис рақамлар ҳам кўрсатиб турибди...
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиеев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.08.2019
Мирзиёев ўқитувчилар маоши ва нуфузини янада оширмоқда
Янгиликлар лентаси
0
Аввал янгилариАввал эскилари
loader