Ҳодисалар

“Ватанпарварлик ёки безорилик”: Тошкентда ҳайдовчилар устунлардан байроқларни ечиб олишди

Флаг Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 02.09.2021
Айрим ҳайдовчилар байроқларни ўзларининг автомашинасига ўрнатиб, Мустақиллик байрамини мана шундай нишонламоқчи бўлишган.
ТОШКЕНТ, 2 сен – Sputnik. Интернет тармоғида айрим ҳайдовчилар Тошкент шаҳри кўчаларидаги устунларга ўрнатилган давлат байроғини ўзбошимчалик билан ечиб олаётгани акс этган видеолар тарқалди. Пойтахт ИИББ бунга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 2021 йил 1 сентябрь куни пойтахтнинг бир нечта туманларида транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ва йўловчилари байрам муносабати билан ҳокимият томонидан ўрнатилган давлат байроқларини ўзбошимчалик билан ечиб олишган. Улар бу байроқларни ўзларининг автомашинасига ўрнатиб, байрамни нишонламоқчи бўлишган.
Бироқ байроқлар транспорт воситасига мустаҳкамлаб ўрнатилмагани сабаб ҳаракатланиш чоғида ноқулайликлар туғдириб, ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солган.
Шунингдек ушбу ҳолатлар фуқаролар томонидан давлат рамзлари ва давлат мулки тўғрисидаги қонун талабларини бузилишига олиб келган. Бундай ҳайдовчиларга нисбатан ички ишлар органлари ходимлари чора кўрган.
Идора бу каби ҳуқуқбузарликлар учун Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 203-1-моддасида (“Давлат рамзлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш”) маъмурий жавобгарлик борлигини эслатган.
“Ватанпарварлик ўз ватанингиз қонунларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлишда намоён этилмаслиги керак. Ватанпарварликни қонунларга риоя этган ҳолда намоён қилинг”, - дейилган хабарда.
Янгиликлар лентаси
0
Аввал янгилариАввал эскилари
loader