“Улов дегани қувватли бўлса-да”: Ўзбекистонда электромобиллар қанчалик харидоргир?

© Sputnik / Виталий Белоусов / Медиабанкка ўтишАвтомобили Тесла
Автомобили Тесла - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.09.2021
Oбуна бўлиш
Бугунги кунда тежамкор, табиатга унча зарар етказмайдиган электромобиллар дунё бозорларини тобора эгаллаб олишмоқда. Хўш, улар Ўзбекистонда ўз харидорларини топа олишяптими, харидорлар электромобиллар хусусида қандай фикрда?
ТОШКЕНТ, 27 сен – Sputnik. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистонга 432 та электромобил импорт қилинган. Бу йўлларни тобора тўлдириб бораётган миллионлаб автомобиллар орасида денгиздан томчидай гап. Лекин аста-секинлик билан бўлса ҳам, харидорларда электроуловларга бўлган қизиқиш тобора ортмоқда. Мазкур мавзу таҳлили Sputnik мухбири мақоласида.

"Атиги биттагина"

Тошкентда шанба-якшанба кунлари аҳоли энг гавжум бўладиган манзиллардан бири бу – “Сергели автомобил бозори”. Эски ва янги, арзон ва қиммат, енгил ва юк, маҳаллий ва хорижий русумдаги автоларнинг барчаси шу ерда. Юзлаб, минглаб автомобиллар ичида электромобиллар эса, афсуски, бармоқ билан санарли. Шанба куни 1(!) донагина Хитой электромобили сотувга қўйилганига гувоҳ бўлдик. Нархи 44 минг доллар. Атрофида харидор йўқ. Битта-яримта қизиққанлар “селфи”га тушиб кетишяпти. Зериккан сотувчи мулоқотга ташна. Электромобилнинг афзалликларини эринмай тушунтириб беради.
© SputnikЭлектромобиль на рынке в Сергели
Электромобиль на рынке в Сергели - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.09.2021
Электромобиль на рынке в Сергели
Электромобил сотувчиси: “Ҳамма нарса солиштирганда билинади. Масалан, бензинли “Колбальт”да кунига 100 км юрсангиз, бир йилда жами бир ярим минг доллар сарфлашингизга тўғри келади. Электромобилнинг харажатлари эса йилига бир миллион сўм атрофида (бу тахминан 100 доллар дегани). Бошланғич тезлигига гап йўқ – жойидан тез қўзғалади (айрим ҳайдовчиларнинг бесабрлигини, светофорда салгина сусткашлик қилиб қолган кишига ҳар тарафдан аёвсиз сигналлар чалинишини инобатга олганда, бу жуда муҳим афзаллик). Хўш, яна нима дейиш мумкин? Қувват оладиган нуқталар етарли, ҳар йили кўпайиб бораяпти. Бир тўлдирсангиз, 300-400 километр юрасиз. Эҳтиёт қисмларни Хитойдан олиб келамиз. Узоқ кутиб қолмайсиз, бу бизнес билан шуғулланадиганлар сони ҳам ортмоқда. Олинг ака, барака топасиз”.
© фото предоставлено продавцом электромобиляЭлектромобиль на рынке в Сергели
Электромобиль на рынке в Сергели - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.09.2021
Электромобиль на рынке в Сергели
Сотувчининг гапи тўғри, солиштирганда кўп нарса ойдинлашади. Лекин у энг асосий мезонни четлаб ўтди – нарх! Нарх масаласида шубҳасиз устунлик бензинли автомобиллар тарафида. Худди ўша “Кобалт” мисолида солиштирадиган бўлсак, шу каби битта электромобилнинг пулига иккита “Кобалт” харид қилиш мумкин. Ва айнан мана шу жиҳат электромобилнинг кўпгина афзалликларини босиб кетади.
“Бу инсон психологияси билан боғлиқ. Буни шаҳар транспортида фойдаланиш учун сотиладиган ойлик чипталарга ўхшатиш мумкин. Дейлик, бир ойлик чипта 60 минг сўм туради. Лекин сиз бирйўла “шунча” харажат қилишни хоҳламайсиз-да, кунлик йўлкира тўлаб ишга бориб-келасиз. Натижада, бир ойда 90 минг сўм сарфлайсиз. Электромобиль сотиб олиш ҳам шунга ўхшаган гап”, дейди эътиборталаб сотувчи.

Электромобиль бозори қайдадир?

Тошкентда бир нечта электромобиль салонлари мавжуд. Шулардан бири Сергели автомобиль бозори яқинида жойлашган. Очилганига атиги 1,5 ой бўлди. Шу вақт давомида 6 та электромобиль сотилган. Бу ерга ҳам автоуловлар асосан Хитойдан олиб келинади. Немис, корейс моделлариям бор. Ҳаттоки Грузиядан ҳам келтирилар экан. Йўқ, бу давлатда электромобиль ишлаб чиқарилмайди. Портлари орқали бошқа мамлакатлардан кириб келади. Мана сизга денгиз йўлларининг афзаллиги. Эҳ... Бир оз чалғидик, шекилли.
Хоҳласангиз, буюртма қилишингиз мумкин. Исталган ранг, русум дегандай. Дарвоқе, буюртмалар ҳам асосан Хитой ҳиссасига тўғри келади. Чунки мутахассисларнинг сўзларига кўра, “Форд”, “БМВ”, “Хонда”, “Тойота”, “Фольксваген”, “Рено” каби гигантлар Чин юртида ўз заводларини барпо этган. Умуман олганда эса, дунё бўйича мутлақ устунлик “Тесла” компаниясида. У жорий йил биринчи чорагида 88 400 дона электромобиль сотган – бу бозорнинг 29 фоизи демакдир. Фаранг ва японларнинг “Рено”-“Ниссан” компанияси иккинчи ўринда – 39 355 та, немисларнинг “Фольксваген”и ҳиссасига 33 846 та электромобиль тўғри келади. “Тесла” Ўзбекистон бозорига ҳам кириб келган – нархлар 45 мингдан 85 минггача.
“Гап пулда эмас, - дейди автосалон ходими Саъдулла ака. - Ёдингизда бўлса, Асакада илк ўзбек автомобиллари ишлаб чиқарила бошлаганда ҳам бир оз ишончсизлик бўлган эди. “Қанақа экан, олишга арзирмикан, эҳтиёт қисмлари топилармикан” деган саволлар кўпчиликни иккилантириб қўйганди. Чунки шу пайтга қадар автомобил ишлаб чиқариш тажрибамиз бўлмаган-да. Мана бугун Ўзбекистон йўлларида ҳаракатланаётган автоуловларнинг 90 фоиздан ортиғи ўзбек автомобилсозларининг маҳсулотларидир. Худди шу сингари, харидор электромобилларга ҳам кўникади, бир оз вақт керак, холос”.
© SputnikСалон электромобилей в Ташкенте
Салон электромобилей в Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон
1/3
Салон электромобилей в Ташкенте
© SputnikСалон электромобилей в Ташкенте
Салон электромобилей в Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон
2/3
Салон электромобилей в Ташкенте
© SputnikСалон электромобилей в Ташкенте
Салон электромобилей в Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон
3/3
Салон электромобилей в Ташкенте
1/3
Салон электромобилей в Ташкенте
2/3
Салон электромобилей в Ташкенте
3/3
Салон электромобилей в Ташкенте
Саъдулла ака айтган “бир оз вақт” ҳақиқатан ҳам бир озгина. Экспертларнинг таҳлилларига кўра, 2030 йилларга бориб электромобиль бозорида кескин ўсиш юз беради. Бунинг сабабларидан бири – йирик автомобиль компаниялари ички ёниш двигателли уловларни ишлаб чиқаришни тўхтатади. Мисол учун, “Тойота” – 2030 йилда, “Форд” – 2035 йилда, “Женерал Моторс” – 2023 ва ҳоказо.

Арзонроқлари ҳам бор!

Юқорида келтирилган нархлар кўпчиликни чўчитиб юбориши аниқ. Чунки бу пулга бир неча хонали квартира олиш мумкин. Лекин кайфиятни туширманг – арзонроқ электромобиллар ҳам бор. Бунинг учун эринмасдан хусусий эълонларни кўздан кечириш керак. “Спарк”ка ўхшаш (эълонда шундай ёзилган) электромобилнинг нархи 7 000 доллар. Тезлиги (йўловчиларсиз) 90 км/с. Қуввати 130-200 кмга етади. Агар бундан кўнглингиз тўлмаса, 17 000 га “Volkswagen Lavida” русумини олишингиз мумкин. Янги, ҳамма кўрсаткичлари жойида, фақат 15 фоизлик ҚҚС тўлаш лозим. Бу яна тахминан 2 500 доллар дегани. Албатта, мақолада бутун эълонлар оламини акс эттириб бўлмайди. Фақат айтмоқчи бўлаётганимиз – бозорда ё салонда нарх қиммат экан, деб кўнгилни туширмаслик лозим. “Излаган имкон топар” деган нақл бор, биз ҳам сизни бир оз изланишга чорламоқчимиз, холос.
Электромобиллар бозори 2025 йилда – 14 миллион, 2030 йилда эса 25 миллион (айрим таҳлилларга кўра, 45 миллион) донани ташкил этиши кутилмоқда. Дарвоқе, аввалбошда ички ёниш двигателли автомобилларга мослаб чиқарилган қузовлар кейинчалик электромобилга айлантирилаётгани ҳам шундан. Яъни ўшандай кузовларни олдиндан тайёрлаб қўйган компаниялар энди “увол бўлмасин” деб уларни электромобилга мослаштириб юборяпти.
Бозор қонуниятларига кўра, ишлаб чиқариш ҳажми ошиши, яъни таклифнинг ортиши натижасида нархлар туша бошлайди. Бугина эмас: энергияни сақлаш технологиялари ривожланади. Оқибатда, бугунги кунда электромобилларнинг 50 фоиз нархини ташкил этаётган аккумулятор батареяларнинг таннархи ҳам пасаяди. Қарабсизки, қопағон нархлар ўтмишда қолади, она табиат ҳам хурсанд. Олимлар тезроқ ўз сўзини айтса, бас. Охир-оқибат, яна ҳамма нарса илмга бориб тақалаяпти. Эшитаяпсизми, ёшлар?

“Вой-бў! Битта мошиная?!.”

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Саидрасул Сангинов: “Ички ёниш двигателига эга автоулов бир кунда 10-15 литр ёқилғи сарфлаш орқали атмосферага 5-10 кг ифлослантирувчи моддалар чиқаради. Ўзбекистонда енгил автомобиллар сони 2 767 000 дан ортиқ, юк автолари – салкам 170 000, автобуслар – 5 700, микроавтобуслар – 8 500, махсус автоуловлар – 5000 дан зиёд. Ўтган йили Тошкент шаҳрида атмосферага 426 минг тонна ифлослантирувчи моддалар чиқарилган. Бунда автотранспорт улуши 395 минг тоннани, ёки 90% дан кўпроқни ташкил этган”.
Мана шунақа “вой-бў!”. Дарвоқе, масаланинг жиддийлигини инобатга олган ҳолда, Экопартия вакиллари турли даражадаги сайловлардан олдинги тарғибот-ташвиқот тадбирларида бу мавзуга алоҳида эътибор қаратиб келишмоқда...

Бир чимдим сиёсат

Маълумки, Ўзбекистон Иқлим ўзгариши бўйича Париж битимини имзолаган ва ратификация қилган. Бу республикага маълум бир мажбуриятларни юклайди. Мазкур мажбуриятларни бажариш учун атмосферага чиқарилаётган парник газлари ҳажмини камайтириш бўйича Миллий стратегияни шакллантириш ва қабул қилиш жараёнини тезлаштириш лозим. Бунда транспорт соҳасидаги сиёсатни ҳам тубдан қайта кўриб чиқиш, мамлакатда электромобиллар ишлаб чиқариш ва уларни четдан олиб кириш учун шарт-шароитлар яратиш тақозо этилади.
Транспорт вазирлиги ахборот хизматидан олинган маълумотларга кўра, Париж битимини амалга ошириш юзасидан "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ таркибидаги автобус саройларини 2023-2025 йилларда электробуслар билан янгилаш дастури амалга оширилмоқда. Жумладан, 2022-2024 йиллар давомида ҳар йили 100 тадан шаҳар электробуслари ва уларни қувватлаш ускуналарини ҳарид қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2021 йил якунига қадар 20 та электробус ва уларни қувватлаш ускуналари сотиб олинади.
Электробус на зарядке - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 01.07.2021
Тошкент учун электробус харид қилишга иккита халқаро ташкилот 3,9 млн доллар ажратади

Имтиёз, самара ва шахсий ташаббус

Ўзбекистонга электромобиль импорти учун фуқароларга имтиёзлар бериш мақсадида 2019 йил 1 январдан божхона божи бекор қилинган ва ўша йил июль ойига бориб акциз солиғи ҳам олиб ташланган. Бундай имтиёзлар, қолаверса, ёқилғи учун харажатларни камайтириш истаги харидорларда аста-секинлик билан бўлса-да, электромобилларга қизиқиш уйғонишига сабаб бўлмоқда.
Статқўм маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистонга 432 та электромобил импорт қилинган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 364 тага кўп. Бунда Хитой етакчилик қиляпти – Чин давлатидан 388 та электрулов олиб келинган. Иккинчи ўриндаги Туркиядан – 24 та.
Ойма-ой қарайдиган бўлсак, жорий йилнинг апрелида 65 та, май ойида 49 та, июнда 63 та электромобил импорт қилинган. Йиллар кесимида: 2018 йилда – 13 та, 2019 йилда – 39 та, 2020 йилда – 131 та. Албатта, Ўзбекистон шаҳарлари кўчаларини тобора тўлдириб оқаётган миллионлаб автомашиналар тўлқини ичида 300-400 электромобиль денгиздан томчидай гап.
Ўзбекистон МДҲда электромобиль ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини билдирди
Бунда ҳукумат қарорларини кутиб ўтирмасдан, йирик ташкилотларнинг шахсий ташаббуси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раҳбарияти “бошқа вазирликларга ўрнак бўлиш маъносида хизмат автоларини эклектромобилларга алмаштиришни режалаштирган. Бундан ташқари, электромобиль сотиб олишни рағбатлантириш мақсадида қўмита ҳисобидан бепул қувватлантириш шохобчаси очиш ва бу тажрибани кенг ёйишни мўлжаллаган” (Қўмита ахборот хизмати маълумотларидан).

"Киракашлик қилсангиз ҳам бўлади"

Албатта, ҳар қандай маҳсулотга энг холис баҳони истеъмолчи беради. Ўзбекистоннинг ўзига яраша жазирамасию қаҳратонлари бор. Йўлларику алоҳида мавзу.
Абубакр, электромобиль соҳиби: “Илгари кунига 100 минг сўмга бензин қуярдим, ҳозир бундай катта чиқимдан қутулганман. “Зарядка” муаммо эмас, кўп жойда бор. Мисол учун, ўзим уй шароитида қувватлантираман. 1,5 соат вақт кетади, бу бор-йўғи икки минг сўмга айланади. Шу икки минг сўмлик қувват 300 километрдан кўпроққа етади. Фарғона водийси томон юрсангиз, довонда, Қўқонда, Самарқандга борсангиз, Сирдарёда, Самарқанднинг ўзида, хуллас, ҳамма жойда қувватлантириш нуқталари мавжуд. Йўлда қолиб кетмайсиз”.
Баъзи ҳисоб-китобларга қараганда, бугунги кунда республикада 100 га яқин қувватлантириш станциялари ишлаётган бўлса, шулардан ярми пойтахт ҳиссасига тўғри келади. Айрим супермаркетлар олдида бепул қувватлантириш нуқталари мавжуд.
Тошкентда кўпгина ҳайдовчилар эрталаб ишга кетишда ёки кечқурун уйга қайтишда “ҳарна бензин пули” деб бир-иккита йўловчи олишади. Дам олиш кунлари бекорчиликдан зерикиб, “бир айланиб келай” дея 2-3 соат таксичилик қиладиганлар ҳам оз эмас. Хуллас, йўловчи сифатида кўчада қолиб кетмаслигингиз аниқ. “Ока, электромобилда кира қилсангиз, мазза бўлади” дейишди шу мавзуда мақола тайёрланаётганини эшитган айрим электромобил эгалари.
Зарядка электромобиля - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.09.2020
Ўзбекистонда электромобиль импорти кескин ўсди
Бу гапда ҳам жон бор. Ҳозир Тошкентда энг арзон бензиннинг 1 литри 6000 сўм. Электромобилни тўлиқ қувватлантириш эса 30 минг сўм. Тасаввур қилинг, электромобилингиз бўлса, шохобчага олиб бориб, қўрқмасдан, худди бойваччалардек “тўлдириб бер!” дея оласиз. Бензин қуйиш шохобчасида “30 минг сўмлик қуй” деб кўринг-чи, ачиниб қараб қўйишади...
Дарвоқе, иссиқ ё совуқ об-ҳаво шароити электромобилларга қандайдир салбий таъсир кўрсатиши ҳақида ҳеч нарса эшитмадик. Йўллар эса... йўллар, юқорида айтилганидек, алоҳида мавзу.

Қандай янгиликлар кутиляпти?

Саидрасул Сангиновнинг қайд этишича, ҳозирча республикада электромобилларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш юзасидан зарур инфратузилма мавжуд эмас. Лекин бу табиатни мусаффо сақлаш истагида бўлган инсонларни тўхтатиб қолмаслиги керак.
Маълумотларга қараганда, “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнини жадаллаштириш мақсадида “Электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш”га оид қарор лойиҳаси тайёрланмоқда. Унга кўра, 2030 йилга қадар республика автотранспорт воситалари паркининг камида 5 фоизини электромобиллар ташкил этишига эришиш, шунингдек, давлат органлари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар хизмат автомобиллари паркининг 50 фоизигача босқичма-босқич электродвигателга эга бўлган транспорт воситаларига алмаштирилиши кўрсатиб ўтилган.
Ҳужжатга биноан, 2021 йилда 200 та, 2022 йилда 150 та, 2023 йилда 100 та, 2024 йилда 60 та, 2025 йилда 40 та ва 2026 йилда 30 та тўхташ жойида тезкор усулда қувватлантириш станцияси ташкил этиш белгилаб берилади.

Олинг, ака, барака топасиз!

Ушбу мақоланинг ёзилишига Тошкент кўчалари кун сайин “пробкалашиб” бораётгани туртки бўлган эди. Юзлаган машиналардан иборат илонизи бир чорраҳадан иккинчиси сари чўзилиб боради. Айниқса, ишга кетиш ва ишдан қайтиш вақтида.
Баъзан матбуотда ўқиб қоламиз: хориждаги фалон шаҳарда светофорнинг қизил чироғига тўхтаган ҳайдовчилар моторни ўчирар экан. Ёки бошқа бир шаҳарда бир кун давлат рақами тоқ сонга тугайдиган автомобиллар, эртаси куни жуфт сонга тугайдиган автомобиллар йўлга чиқар экан. “Куни бўлмаган” ҳайдовчилар эса ўша куни ишга ё ўқишга жаомат транспортида бориб-келишар экан. Шу оддийгина усул йўллардаги автомобиллар сонини тенг ярмига (!) қисқартириш имконини беради. Тасаввур қиляпсизми?
Ўзбекистонда ҳам гоҳида шунга ўхшаш акциялар ўтказиб қолинади. Лекин улар ўз оти билан – акция, яъни бир марталик ташаббус. “Автомобилсиз кун” тадбирида йўлларда машиналар камайгани унчалик ҳам сезилмайди. Қайтага “бу акция деганлари қандай ўтаётган экан, кўриб келайлик-чи” дея автомобилини ҳайдаб чиқадиганлар кўпайиб қоладими-ей... Яна бир оз чалғиб кетдик, чоғи.
Стройка в одной из высоток Ташкен-сити приостановлена из-за палящего солнца - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 07.09.2021
Ўзбекистонда 2020 йилда атмосферага ташламалар миқдори 2,2 млн тоннани ташкил қилди
Ўтган йили Тошкент шаҳрида атмосферага 426 минг тонна ифлослантирувчи моддалар чиқарилганини мақола аввалида айтиб ўтган эдик. Шундан 395 тоннаси автомобиллар ҳиссасига тўғри келади. Айниқса, бу йилги аномал иссиқда осон бўлмади – бир томондан аёвсиз жазирама, бир томондан бетўхтов димоғингизга уриладиган автотутун...
Баландпарвоз хулосага ҳожат йўқ: мутасаддиларни тезроқ “яшил” қарорлар қабул қилишга, аҳолини эса машина харид қилаётганда, электромобилларга эътибор қаратишга ундаган бўлар эдик. Токи “мошина бозор”да пашша қўриб ўтирган ўша ёлғиз сотувчи ака ҳам хурсанд бўлсин. Сизни билмадиму, мен бугундан эътиборан электромобилга пул йиға бошлайман.
Янгиликлар лентаси
0