Афғонлар ва "Толибон"* ҳақида сиз билмаган фактлар - ветеран билан интервью

© © Александр ХроленкоРуководитель РЦНК в Кабуле Вячеслав Некрасов
Руководитель РЦНК в Кабуле Вячеслав Некрасов - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 04.10.2021
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Афғонлар ўзларини ҳеч ким билан бир умрга боғламайди: манфаат бир бўлса бирга бўлади, манфаат йўқолган замон - иттифоқ тарқалади. Тарихда бунга мисоллар жуда кўп.
Афғон уруши ветерани, Афғонистон фахрийлари иттифоқининг махсус вакили, Афғонистонда узоқ йиллар давомида ишлаган Вячеслав Михайлович Некрасов Sputnik мухбири саволларига жавоб берди.
- Вячеслав Михайлович, "Толибон"* аслида ким?
- Биринчидан, бугунги толиблар 1990 йиллардаги толиблар эмас. Бугунги Толибон* бошида берган катта-катта ваъдаларнинг барчасини бажармаётган бўлса-да, халқаро ҳамжамият олдида ўзларини яхши томондан кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда.
Айтиш жоизки, "Толибон"* орасида жуда кўп пуштун миллатига мансуб кишилар бор, раҳбариятининг барчаси ҳам – пуштун ва аксарияти Покистондан келган. Улар Покистонда туғилиб ўсиб, ўша ерда таълим олган ва Афғонистон шароитини яхши билмайди.
Бу гаплар, айниқса “Ҳаққоний” гуруҳига тааллуқлидир. Баъзан ҳатто "Толибон"*нинг турли гуруҳлари орасида ҳам тушунмовчиликлар бўлмоқда. Масалан, “Ҳаққони” ва “Бародар” гуруҳлари ўртасида ёки “Ҳаққоний” ва Қандаҳорликлар орасида. Лекин ҳозирча раҳбарият уларни тинчлантириб туришга муваффақ бўлмоқда.
- "Толибон"* Покистон фикрига қарши бориши мумкинми?
- Ҳозир мен сизга бир ҳазиломуз мақол айтаман. Бу 80-йилларда пайдо бўлган ва ҳалигача долзарблигини йўқотмаган деб ўйлайман. Афғонларнинг ўзи ҳам бу гапни кўп марта айтишган ва хафа бўлишмайди деб ўйлайман.

“Афғонни сотиб олиб бўлмайди, уни фақат маълум бир муддатга ижарага олиш мумкин”.

Афғонлар бирор умумий манфаат учун бирга ишлаши мумкин, манфаат йўқолган замон - иттифоқ тарқалади. Яъни – афғонлар ўзларини ҳеч ким билан бир умрга боғламайди ёки бирор мажбуриятим бор деб ҳисобламайди.
Тарихда бунга далил жуда кўп – 80-йилларда АҚШ мужоҳидларга қанча кўп ёрдам берган эди. Оқибатда Ҳикматиёр АҚШнинг ўзига қарши жанг қилди. 90-йилларда “Ал-Қоида”*ни олинг – бошида АҚШдан катта ёрдам олди, оқибатда – уларнинг 1-сонли душманига айланди.
Шунинг учун ҳам мен Толибон ҳаракати ёки унинг бирор катта гуруҳи Покистон разведкасига сўзсиз итоат қилишига - ишонмайман.
- "Толибон"* келиши билан Афғонистон “пуштунлашиб” кетиши мумкинми? Бунда бошқа миллатлар тақдири нима бўлади?
- "Толибон"* бошқарувининг биринчи босқичида дарҳақиқат мамлакатда пуштунлар ўрни кучаяётганини кўриш мумкин. Масалан Шўро кенгашидаги 12 аъзонинг барчаси пуштун миллатига мансуб. Бу борада, "Толибон"* бошида инклюзив ҳукумат тузиш тўғрисидаги ваъдаларини бажармади.
Лекин ҳозир кўриб турибмиз-ки, улар 2 ва 3 босқич раҳбарлари, масалан, департамент бошлиқлари, вазир ўринбосарлари лавозимларига ўзбеклар, тожиклар ва бошқа миллатларни ҳам тайинламоқда.
Масалан, айни дамда Россияга ёрдам сўраб мурожаат қилган Афғонистон вазирларидан бирининг ўринбосари ҳам бошқа миллатга мансубдир. Бундан мен шахсан хабарим бор.
Янги Афғон ҳукумати Афғонистоннинг энг муҳим артерияси бўлган Саланг довонини қиш мавсумида ҳам тўхтовсиз ишлаб туришини истайди. Ушбу мақсадда улар керакли техника, қурилиш материллари етказиб беришда ёрдам сўраб Россияга мурожаат қилишган.
Айтиш жоизки, Саланг довони Афғонистон марказий ва жанубий қисмининг кун кўриши учун ўта муҳим транспорт артериясидир. Покистон ва Марказий Осиё давлатларирдан олиб келинаётган ёнилғи, озиқ-овқат, тиббий маҳсулотлар, умуман ҳаёт учун керакли ҳамма нарса шу йўлдан олиб ўтилади. Унинг қуввати суткасига 500та юк машинасига мўлжалланган бўлса-да, аслида довондан кунига мингтагача техника ўтган вақтлар ҳам бўлган. Совет даврида ҳар қандай об-ҳаво шароитида довондаги йўллар ишлаб туришини таъминлаш мақсадида у ерда 7та йўл отряди 24 соат давомида ишларди.
- "Толибон"* ҳукумат бошига бунчалик осон келишига нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?
- Аҳолининг собиқ ҳукуматдан ўта норозилиги сабаб бўлди деб ўйлайман. Афғонистон давлат сифатида ҳалиям ташкил топмаган. Марказий ҳукумат бошқа давлатлардагидек кучга эга эмас. У ерда ҳали ҳам маҳаллий ҳукумат ва қабилалар жуда катта таъсирга эга. Улар истамаса ҳукуматга умуман бўй сўнмаслиги мумкин.
Ундан ташқари Афғонистон бюджетининг 75% бошқа давлатлар ҳисобига тўлдирилар эди. Бундай шароитдан мустақиллик ёки кучли ҳукумат ҳақида қандай гап бўлиши мумкин?
АҚШ ўзининг 20 йиллик ҳукмронлиги даврида, мутлақ ёш ватанпарвар авлодни, янги аф-он элитасини тарбиялаб етиштириши мумкин эди. Лекин улар Ғарбда ўсиб катта бўлган афғонларни катта пул эвазига ҳукумат бошига олиб келишни маъқул кўрди. Бу эса – Афғонистонда жуда кучли коррупция пайдо бўлишига олиб келди. Оқибатда аҳоли ўрнатилган ҳукуматга мутлақ ишонмай қўйди.
У ерда айрим вилоятларда аҳоли ҳукуматга умуман ишонмас эди. Одамлар ҳатто расмий судга мурожаат қилишдан кўра, шариат суди – яъни қозига боришни маъқул кўрарди. Уларнинг қарори ўрта асрларга хос, шафқатсиз бўлса-да, адолатлироқ эди. Халқнинг мана шу кайфияти ҳам "Толибон"*га қўл келди.
Ҳозир эса афғон халқи ваниҳоят ҳақиқий ватанпарварлар ҳукмат бошига келди, деб ўйлайди ва "Толибон"*дан катта умид қилмоқда.
Биз ҳам "Толибон"* 90 йиллардаги "бошқарув"дан сўнг тўғри хулосалар чиқариб олган деб астойидил умид қиламиз. Акс ҳолда яна ўша олдинги қора булут мамлакатни босади. Бу эса турли ҳудудларда бирин кетин қаршилик ўчоғлари пайдо бўлиши ва мамлакат яна фуқаро уруши гирдобига тушиши аниқ.
- Ўтган ҳафтада "Толибон"* нима сабабдан ўз қўшинларини Тожикистон чегараси яқинига, Тохар вилоятига олиб келди?
- Ушбу воқеаларнинг асл сабабини тушуниш учун тожик-афғон муносабатлари тарихига назар солиш керак. Маълумки, Афғонистоннинг Панжшер вилоятида асосан тожик миллатига мансуб аҳоли яшайди. 1990 йилларда Тожикистонда фуқаролар уруши бўлиб, минглаб аҳолининг ҳаёти хавф остида қолганда, Афғонистон, асосан панжшерлик тожиклар уларга бошпана, озиқ-овқат берган эди. Шароитлари жуда зўр бўлмаса ҳам қочқинлар учун лагерлар қуриб берилган эди. Мен ҳам у ерда бўлганман, ҳаммасини ўз кўзим билан кўрганман. Умуман, ўша вақтда Панжшер раҳбари, бутун Афғонистонга таъсири ўтган Аҳмад Шоҳ Масъуднинг шахсан ўзи Тожикистонда тинчлик ўрнатиш, томонларни яраштириш учун жуда кўп иш қилган. Албатта, Душанбе бу яхшиликларни унутмайди. Шу сабабли ҳам Тожикистон панжшерлик қўзғолончиларни қўллаб-қувватлаган.
Иккинчидан, миллий яқинлик - у ерда ҳам тожиклар, бу ерда ҳам тожиклар. Баъзида ҳатто қариндошлик даражасигача яқинликлар ҳам учраб туради. Мана шу ҳам Душанбенинг бугунги кунда тутган сиёсий позициясининг яна бир сабаби бўлиши мумкин.
Лекин айнан ҳозир у ерда бирор жиддий уруш ёки жанглар бўлиши мумкинлигига ишониш қийин. Чунки - қиш келмоқда. Афғонистонда ҳар доим қиш мавсумида жанглар тўхтайди, айниқса тоғли ҳудудларда. Чунки совуқ бошланади, йўллар ёпилади ва бундай шароитиларда жанг қилиш анча мушкул.
Эмомали Раҳмон БМТ минбаридан туриб кескин баёнот билан чиққанидан сўнг, "Толибон"*нинг жаҳли чиқди, оддий қилиб айтганда, “ўз мушакларини намойиш қилди”. Шу билан тамом. Россия бу ерда мутлақ тўғри позиция эгаллаб, томонларни тинчликка чақирди.
- Тожикистон ва "Толибон"* орасида қуролли можаро бўлиши мумкиннми?
- Худо кўрсатмасин, агар вазият шу даражага етса – жуда қийин бўлади. Чунки Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси жуда мураккаб рельеф орқали ўтган ва уни қўришлаш жуда мушкул. Мен ушбу чегарани иккала томонга ҳам бир неча бор кесиб ўтганман. 1980 йилларда Совет Иттифоқи ушбу вазифа учун улкан кучлар сарфлаганди, лекин барибир иложи бўлмаган эди.
Иккинчидан, агар "Толибон"* бирор тажовузкорона ҳаракатлар қилса, ҳарбий мутахассислар аниқроқ айтиши мумкин, лекин, менимча, Тожикистон армияси бугунги кунда уларга самарали қаршилик кўрсата олишга қодир эмас.
Учинчидан, у ерда бирор жанг бўлса, кейин уни тўхтатиш қийин бўлади. Чунки Шарқда. уруш қурбонлари унутилмайди, қасос олиш туйғуси кучли. Шунинг учун ҳам бу ерда тинчлик ва яна тинчлик керак.
Умуман олганда "Толибон"* чегарани кесиб ўтмоқчи ҳам эмас. Улар буни ҳар доим таъкидлаб келган. Лекин, ИШИД*, “Ал-Қоида*” каби чет давлатлардан кириб келган жангарилар томонидан ана шундай чиқишлар содир этилишини кутиш мумкин.
Бундай экспансиянинг энг хавфли томони – ҳеч қандай тўсиқларни тан олмайдиган, диний экстремистик ғоялардик. Уларнинг кириб келиши энг ёмони оқибатларга олиб келиши мумкин.
- Тошкент бу борада Тожикистонга бирор таъсир ўтказиши мумкинми?
- Афғонистон шимолида, Жаузжон, Шиберган, Мозори Шариф томонларда ўзбеклар жуда кўп. Ўзбекистонда президент алмашганидан сўнг Афғонистон билан муносабатлар анча яхшиланди. Чегарани кесиб ўтиш қоидалари, виза олиш тартиби соддалаштирилди. Албатта, афғонлар бундан миннатдор.
Иккинчидан, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси унча катта эмас ва у жуда яхши қўриқланади. Бу ерда тиканли сим ва бошқа барча тўсиқлар бор. Шу сабабли ҳам наркотиклар ташиб ўтиш кўпроқ Тожикистон томонидан кузатилмоқда.
Ушбу эҳтимолий можарода Тошкент ҳам, албатта, тинчлик тарафдоридир ва у ўз фикрини КХШТ ва бошқа ҳамкорлик ташкилотлари доирасида Тожикистонга етказади.
- АҚШ нега Афғонистонда муваффақиятсизликка учради? Улар яна нима қилмоқчи?
- АҚШ сўнгги 20 йил ичида Афғонистонга миллиардлаб пулларини сарфлаб, охирида деярли ҳеч нарсани амалга оширмай қочиб кетишди. Ростини айтсам, мен бундан ҳайрон қолдим.
Яқинда Пентагон вакили Конгрессда нутқ сўзлаган эди. Унинг айтишига кўра, АҚШ Афғонистонда ўз миссиясини охирга етказмаган.
Шу сабабли ҳам улар Россияга Марказий Осиё давлатларига мурожаат қилиб, у ерда жойлашган ҳарбий базаларидан фойдаланиш истагини билдиришган.
- Марказий Осиёдаги ҳарбий базалар АҚШга нима керак?
- Ушбу ҳудудда ўз таъсини сақлаб қолиш учун. Бу ердан туриб ҳам Афғонистонга, ҳам Хитойга ва Покистонга ҳам Марказий Осиё ва Россияга таъсир ўтказиш мумкин. Ҳозирча улар буни эҳтиёткорлик билан сўрамоқда, лекин вақт ўтиши билан улар буни учун қатъий туриб олиши мумкин. Биз шундан ҳушёр бўлишимиз керак.
* Россия ва бошқа давлатларда таъқиқланган террорчи ташкилотлар.
Здание Пентагона - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.09.2021
ОАВ: АҚШ Ўзбекистон билан ҳарбий объектлардан фойдаланиш борасида музокара олиб бормоқда
Янгиликлар лентаси
0