Кўпвекторли ташқи сиёсатнинг ўзбек модели нима - Камилов

© "Правда Востока"Абдулазиз Камилов
Абдулазиз Камилов - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.10.2021
Oбуна бўлиш
Ҳамма интилаётган “кўп қутбли дунё” тушунчасининг ўзи кўпвекторли халқаро ҳамкорликни назарда тутади - Камилов.
ТОШКЕНТ, 8 окт – Sputnik. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов, “Правда Востока” нашрига берган интервьюсида Ўзбекистон ташқи сиёсатида “кўп векторлик” нима учун кераклигини тушунтириб берди.

Глобал рақобатда суверенитет

Реалистик назар билан қараганда, бугунги дунёда йирик давлатларнинг муросасиз рақобати Марказий Осиё ҳам давом этаётганини ва унинг тобора кескинлашиб бораётганини кўриш мумкин, дейди дипломат.
“Йирик давлатлар интилишлари аксарият ҳолларда ўзаро зиддиятли бўлиб, уларнинг манфаатлари тўқнашуви ҳудуд манфаатларига жавоб бермайди. Баъзан улар Марказий Осиё давлатлари олдида “геосиёсий танлов” шартини қўяди”, - дейди Камилов.
Бундай вазиятда, ҳар қандай суверен давлат ташқи ташқи куч манфаатидан холи бўлиши, ўз иродаси билан, ўз манфаатлари йўлида эмин-эркин ҳаракат қилишни истайди. Афсуски, замонавий халқаро муносабатлар тизимида, ҳар доим ҳам буни уддалаш қийин.
Биз дунёнинг йирик давлатлари рақобати минтақамиз мамлакатлари учун салбий оқибатларга олиб келишини истамаймиз. Ахир тарихга назар ташлайдиган бўлсак, афғон можаросининг келиб чиқиши дунё бўйича тарқалган иккита сиёсий тизимнинг “совуқ уруш” йилларидаги глобал қарама-қаршилиги билан боғлиқ эканини кўриш мумкин, - дейди Камилов.
Шу сабабли ҳам, биз у ёки бу позицияни танлашда, ташқи кучлар фойдасини кўзлашга мажбур бўлмаслигимиз керак.
Бугунги Ўзбекистон ташқи сиёсати, ана шундай вазиятларнинг олдини олиш, миллий манфаатлар поймол бўлмаслигига қаратилган ва қуйидаги тамойиллар асосида олиб борилмоқда:
1.
Яқин ва узоқ давлатлар билан мувозанатли стратегик шериклик тизимини шакллантириш;
2.
Қўшни давлатлар билан конструктив ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш;
3.
Глобал ўзгаришларнинг таъсирини юмшатувчи минтақавий хавфсизлик тизими барпо этиш.
Ундан ташқари Ўзбекистон ҳарбий блокларда иштирок этмайди. Бугунги кунда Республика ўз миллий хавфсизлигини таъминлаш учун етарли салоҳиятга эга.

Кўпвекторли ташқи сиёсатининг ўзбек модели

“Кўп векторлилик” тушунчасига қандайдир салбий маъно бериш оқилона иш эмас. Ҳамма интилаётган “кўп қутбли дунё” тушунчасининг ўзи барча учун кўпвекторли халқаро ҳамкорлик муҳим эканини назарда тутади.
“Бизнинг тушунчамизда кўпвекторлилик ижобий ва конструктив маънога эга. Биз турли йирик шерикларимизга “тенг масофадаги узоқлик” эмас, балки “тенг масофадаги яқинлик” тамойилини қўллаймиз”, - дейди Камилов.
Кўпвекторли ташқи сиёсат борасидаги ўзбек моделининг асосий хусусиятларидан бири шуки, унинг устувор вектори, бу — миллий манфаатдир, деб давом эттирди вазир.
Шу билан бирга, ташқи ишлар вазири, Ўзбекистон кўпвекторли ташқи сиёсатида ҳам яқин вақт ичида ўзгаришлар содир бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмаслигини айтиб ўтди.
"Фикримча, Ўзбекистон ташқи сиёсатида прагматик кўпвекторли моделни қўллаш бўйича чуқур илмий тадқиқотлар ўтказиш вақти келди, чунки бу борадаги амалиётимиз ўзига хос тажриба ва хусусиятларга эга", - деди интервью якунида Камилов.
Маълмуот учун, ҳозирги кунда Ўзбекистон дунёдаги 135 дан ортиқ давлат билан тенг ҳуқуқли муносабатлар, 120 дан зиёд мамлакат билан ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни амалга оширмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон 55 та элчихона, консуллик идоралари ва халқаро ташкилотлардаги доимий ваколатхоналаридан иборат дипломатик тармоққа эга.
Янгиликлар лентаси
0