“Ўзтрансгаз” куз-қиш мавсумига қанчалик тайёр?

CC0 / Pixabay / PhotoMIX-Company / Газ
Газ - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 13.10.2021
Oбуна бўлиш
ТОШКЕНТ, 13 окт – Sputnik. АОКАда “Ўзтрансгаз” АЖ масъул ходими иштирокида ўтказилган брифингда газ транспорт тизими объектларини жорий куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Қайд этилганидек, бу йўналишдаги чора-тадбирлар март ойида бошланган бўлиб, магистрал газ қувурларнинг 93,7 км нуқсонли қисмлари капитал таъмирланган, бу режага нисбатан бирмунча кўпдир.
Мутахассисларнинг маълумот беришича, бугунги кунда республикада 80 мингдан ортиқ газ тақсимлаш пунктлари (ГРП) мавжуд. Яқин орада уларнинг паст босимлилари фойдаланишдан чиқарилиб, фақат юқори босимда ишлайдиганлари, яъни бор-йўғи 6 мингтаси қолдирилади. Натижада миллионлаган куб метр газни йўқотишнинг олдини олиш мумкин бўлади.
“Ҳудудгазтаъминот”: Табиий газ энди огоҳлантиришсиз ўчирилмайди
Брифингда келтирилган рақамлардан яна бири – магистрал газ қувурларнинг 235 км дан ортиқ нуқсонли қисмини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш ҳисобига босим кўрсаткичлари ошиб, табиий газни ўтказувчанлиги оширилди.
Умуман, жорий куз-қиш даврида республика истеъмолчиларига жами 28 993 млн куб метр ҳажмда табиий газ етказиб берилиши режалаштирилган.

Газга ноқонуний уланишлар

Техник сиёсат бўлими бошлиғи Абдулаҳад Исоқжоновнинг маълум қилишича, магистрал газ қувурлар ҳимоя ҳудудларидаги 2413 та ноқонуний қурилмаларнинг 1553 таси бўйича ҳужжатлар жамланиб, судларга тақдим этилган, қолганлари бўйича ҳам зарурий чоралар кўрилмоқда.
Ноқонуний қурилмалар деганда кўпчиликнинг хаёлига кўздан пана жойларда қуриб олинган иссиқхоналар келиши табиий. Чунки иссиқхоналар асосан газ билан иситилади ва айрим ҳолларда ҳисоблагичсиз газ тармоғига уланиб олиш ҳолатлари ҳам учрайди.
“Лекин ноқонуний қурилма деганда фақат иссиқхона эмас, магистрал газ қувурларининг ҳар икки томонидаги муҳофаза майдонларида барпо этилган иншоотлар, тадбиркорлик объектлари, боғлар ҳам бўлиши мумкин”, - дейди биз билан суҳбатда жамият мутахассиси.
Яқинда мутахассислар Республика миқёсида табиий газ ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳажмларини ўрганиб чиқдилар. Тўрт кун ичида 1 млн 379 минг куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди. Бу 130 мингта хонадоннинг бир кунлик газ истеъмолига тенг.
Счетчик газа - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.10.2021
Ўзбекистонда йил бошидан буён 78 миллиард сўмлик газ ўғирланди
Бундай салбий ҳолатларнинг аксарияти Хоразм, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Республика бўйича олиб қарайдиган бўлсак, 9 ойда бундай ҳолатлар 2 535 тани ташкил этган. Бу ҳали аниқланганлари.
Оқибатда, 86 млн 923 минг куб метр ёки 77 млрд 877 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилган. Бу 40 мингта хонадоннинг қарийб 1 йиллик истеъмолига тенг.
Олдинроқ Россия билан ҳамкорликда Ўзбекистон газ транспорт тизими модернизация қилинаётганлиги ҳақида маълумот берган эдик.
Янгиликлар лентаси
0