Аналитика

Ўзбекистонда етиштирилаётган рангли пахта истиқболлари ҳақида

© Sputnik / Денис Абрамов / Фотобанкка ўтишСбор урожая хлопка в Ставропольском крае
Сбор урожая хлопка в Ставропольском крае - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.10.2021
Агар пахта фақат оқ рангда бўлади деб ўйласангиз, адашасиз. Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институти ходимлари томонидан йигирмадан ортиқ рангдаги ғўза навлари етиштирилмоқда.
ТОШКЕНТ, 14 окт – Sputnik. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан халқаро Пахта куни арафасида мазкур институтга пресс-тур ташкил этилган эди. Аслида, журналистларни қойил қолдириш осон эмас, лекин институт тажриба майдонларида қийғос очилиб турган турфа рангли лўппи пахталарни кўрган мухбирлару тасвирчилар чуқур таажжубга тушишди. Шунақасиям бўлар экан-да!
Бундай ажабтовур навларнинг кишини ҳайрон қолдирадиган бошқа жиҳатлари ҳам бор. Бу ҳақда институт лаборатория мудири, қишлоқ хўжалик фанлари доктори Аброржон Қурбонов шундай маълумот берди: “Бутун дунёда асосан оқ рангли пахта (Gossypium hirsutum) толаси етиштирилади. Бироқ тетраплоид пахта толаси нафақат оқ, балки яшил, қўнғир ва бошқа турли хил рангларга эга. Рангли пахтанинг пайдо бўлиши узоқ тарихга эга. Улар Американинг Анд тоғларида бундан 5000 йил олдин, табиий иқлим шароитларининг узлуксиз ўзгаришлари туфайли пигментация жараёнининг бузилишлари оқибатида пайдо бўлган деган тахминлар мавжуд”.
Пахтанинг табиий ранги унинг таркибидаги пигментлардан келиб чиқади. Бу пигментлар толани сариқ, яшил ва жигар рангларда жилолантиради.
НИИ Селекции хлопка, семеноводства и агротехнологий  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.10.2021
Аналитика
Кластер бору тажриба йўқ ёки уруғчилик муаммолари ҳақида
Мисол учун, яшил пахта ўз рангини қаҳва кислотасидан олади. Табиий рангли пахталар, айниқса, яшил пахталар, оқ пахталарга нисбатан қуёшдан ҳимоя хусусияти юқори эканлиги ҳақида тажриба далиллари мавжуд.

Шундай пахтамиз бор экану

“Рангли пахта толаларидан тикилган либослар қуёшнинг зарарли нурларидан ҳимоя қилади. Бундай кийимлар такрор-такрор ювилганда ҳам ўзининг ҳимоявий хусусиятини йўқотмайди. Ваҳоланки, оқ рангли толани сайқаллаш ва турли рангларга бўяш жараёнида токсик кимёвий моддалардан фойдаланилади. Мазкур кимёвий моддалар заҳарли эканидан ташқари, уларнинг таркибида оғир металлар ҳам мавжуд” дейди олим.
Қолаверса, матоларни бўяшда ишлатилган сув атроф-муҳит, тупроқ ва ичимлик сувини ифлослантирувчи асосий манба ҳисобланади. Ушбу кимёвий моддаларнинг аксарияти канцероген бўлиб, аллергия, тери тошмалари ва шу каби соғлиқ учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Танганинг иккинчи томони

Албатта, бу номукаммал дунёда мукаммал нарсанинг ўзи йўқ. Жумладан, ўзбек олимлари эътибор марказида турган рангли пахта ҳам бир қанча камчиликлардан холи эмас.
“Рангли пахта учун талаб кун сайин ортиб бораётган бўлсада, уни етиштириш тола сифати паст эканлиги боис ривожланмай қолмоқда. Рангли тола калталиги, толаси чиқимининг пастлиги (териб олинган пахта таркибидан чигит олиб ташлангандан кейин қоладиган тола), пишиқлик даражасининг юқори эмаслиги, дағаллиги каби кўрсаткичлар бўйича оқ толага нисбатан бирмунча паст ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бугунги кунга келиб селекционер олимлар юқори сифатли, рангли толали ғўза навларини яратишга уринишмоқда”, дейди Аброржон Қурбонов.
Интервью с Леонидом Холодом о хлопковой отрасли Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.10.2021
Колумнистлар
Эксперт Ўзбекистоннинг пахта стратегиясига баҳо берди
Мазкур уринишлар аслида нимадан иборат эканлигига ойдинлик киритиб ўтиш лозим. Борди-ю улар самара берадиган бўлса, катта иқтисодий самарадорликка эришиш мумкин. Чунки рангли толанинг жаҳон бозоридаги нархи оддий толадан 5-6 баравар қиммат. Сабаб – юқорида айтилганидек, ундан тикиладиган либосларнинг экологик тоза эканлиги.

Махфий пахтачилик

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институти билан бир нечта кластерлар ўртасида шартномалар имзоланган. Қурбонов ва унинг ҳамкасблари ана шу кластерлар вакилларига ўз маҳсулотларини намойиш этишганда, улар “рангли пахта ҳам бўладими” деб ҳайрон қолишган экан.
Олимлар бундай камалакранг толаларнинг афзаллигини ҳарчанд исботлашга уринмасин, биронта кластер ушбу йўналишдаги тадқиқотларни молиялаштиришга рози бўлмаган. Ваҳоланки, бу даромадли лойиҳа, фақат вақт талаб этилади. Мисол учун, битта нав яратишга 10-15 йил керак. Лекин кластерлар бунча узоқ кутишга тайёр эмас кўринади.
“Аслини олганда, рангли пахта етиштириш бўйича Ўзбекистонда ўтган асрнинг 40-50 йилларида изланишлар олиб борилган эди, - дейди Аброржон Қурбонов. - Тадқиқотлар махфий равишда ўтказилган, илмий ишлар ёпиқ тарзда ҳимоя қилинган. Бирмунча натижаларга ҳам эришилган. Лекин кимё саноатининг тараққиёти ва ранг-баранг бўёқларнинг пайдо бўлиши туфайли уларга эҳтиёж камайган. Мана бугун, яшил иқтисодиётнинг ривожланиши ва айниқса, Европа мамлакатларида табиий маҳсулотларга қизиқишнинг ортиши натижасида турфа ранг толаларимизга яна талаб пайдо бўлди. Улар аллергия қўзғатмайди, ультрафиолет нурларини ўтказмайди. Айниқса, чақалоқлар учун кийим тикишда жуда қўл келади”.
Мана сенга янги бозор, бозор бўлгандам Европа бозори. Дарров эгаллаб, миллион-миллион пул қилиш имконияти... Кластерлар, қайдасиз дегинг келади. Ҳозирча рангли толага туркиялик ишбилармонлар харидор бўлиб туришибди. “Ҳар қанча бўлса ҳам сотиб олишга тайёрмиз, деб айтишган”, дейди олим. Дарвоқе, бундай маҳсулот Туркиянинг ўзида, шунингдек Хитойда ҳам етиштирилади ва гарчи катта-катта майдонларга экилса-да, ҳосилдорлик у қадар юқори эмас.
Қурбонов бошлиқ кичик фидойилар гуруҳи етиштираётган рангли пахта оддий навлар қатори 35 центнер атрофида ҳосил беради. Сувни оз ёки кўп талаб қилиши ҳозирча ўрганилмаган. Сабаби яна ўша молиялаштириш масаласига бориб тақалади.

Янги саҳифа сари

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирча кўрган одамни ҳайрон қолдираётган рангли пахта навлари фақатгина институтнинг тажриба майдонида, 5-6 сотих ерда экилмоқда. Бу Тошкентдаги битта ўртача ҳовлининг майдонига тенг. Илмий тилда айтганда, “селекцион материал”.
“Бу иш билан шуғуллана бошлаганимизга 5-6 йил бўлди - дейди Аброржон Қурбонов. - Ҳозирча ҳамма умидимиз Инновация вазирлигига берилган лойиҳадан. Амалга ошса, ишларимиз юришиб кетади. Бордию амалга ошмаган тақдирда ҳам, шунча меҳр берган ишимни ташламайман. Шу пайтгача бу ишнинг орқасидан даромад олмадим, кучим етганча ишлайвераман”.
Албатта, вазият яхши томонга ўзгаришига умид боғлаш мумкин. Чунки Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг сўзларига кўра, илгари қишлоқ хўжалигида 31 млрд сўмлик лойиҳалар молиялаштирилган бўлса, ҳозирги кунда 63,4 млрд сўмлик лойиҳалар амалга оширилаяпти.
Веточки хлопка - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.05.2020
Иқтисод
Хитой Ўзбекистонга пахта етиштириш учун янги технология етказиб берди
Ажаб эмаски, бир гуруҳ олимларнинг фидойилиги ҳам муносиб тақдирланиб, ўзбек пахтачилик тарихида янги саҳифа очилса.
Янгиликлар лентаси
0
Аввал янгилариАввал эскилари
loader
LIVE
Заголовок открываемого материала