Аналитика

Капитализм ўзини оқламади - Владимир Путин совет даврини эсга олди

© Sputnik / Максим Блинов / Фотобанкка ўтишПрезидент РФ В. Путин принял участие в заседании клуба "Валдай"
Президент РФ В. Путин принял участие в заседании клуба Валдай - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.10.2021
Россия президенти Владимир Путин Сочида бўлиб ўтган “Валдай” экспертлар клуби анжуманида дунёнинг яқин йилларда ривожланиш йўли ҳақида билдирган фикрлари.
ТОШКЕНТ, 22 окт —Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Сочида бўлиб ўтган "Валдай" экспертлар клуби анжуманида нуқт сўзлади. Россия президентининг фикрига кўра, дунёда сўнгги йилларда содир бўлаётган ўзгаришлар йил сайин тобора чуқур ва фундаментал тус олмоқда.
"Сўнгги ўн йилликда кўпчилик тез-тез Хитой мақолини эсга олмоқда <...> "ўзгаришлар даврида яшашдан худо асрасин", лекин биз истасак-истамасак ўзгаришлар даврида яшаяпмиз", - деди Путин.

Капитализм ўзини оқламади

Сўнгги йилларда содир бўлган ўзгаришлардан сўнг ҳам дунё ўзининг янги мувозанатини топа олгани йўқ. Ўтган давр мобайнида дунё барча йўналишларда содир бўлаётган тизимли ўзгаришларга мослашиб олиши керак эди, лекин ҳозирча бундай бўлмади.
Пандемия эса инсониятга юборилган яна бир жиддий синов бўлди ва дунё ҳамжамиятига унинг қанчалик нозик эканини эслатиб қўйди. Инсоният, агар тирик қолишни истаса, ўзининг бугунги турмуш тарзини қайта кўриб чиқиши керак.

Путин, шунингдек, капитализмнинг бугунги модели ўзини оқламай қўйганини ва у ёрдамида инсоният мавжуд муаммолар тугуни ва қарама-қаршиликларни ҳал қила олмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Дунёда озиқ-овқат инқирози бундан буён фақат кескинлашиб бориши ва келажакда буни оқибатида жамиятлар парчаланиб кетиши хавфи борлиги ҳақида огоҳлантирди.

Россия президенти сўзларига кўра, бугун давлат раҳбарлари, катта сиёсатчилар умуминсоний муаммолар ҳақида кўп гапирса-да, амалда уларни ҳал қилиш учун ҳеч нарса қилишмайди. Улар биринчи навбатда ўз давлатининг ички муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилишади, халқаро ва трансмиллий мавзулар иккинчи даражага суриб қўйилади. Умуман олганда бундай ёндашув тўғри ҳам, чунки фавқулодда вазиятларда фақат мустаҳкам давлат тузилмаси самарали натижа кўрсата олади.
“Давлат - дунё тузилмасининг мустаҳкам бирлигидир. Ҳеч қандай миллий ҳокимиятлардан устун бўлган глобал тузилмалар унинг ўрнини боса олмайди. Чунки фақат суверен давлатларгина замон чақириқлари ва фуқаролар талабларига жавоб бера олади. Пандемия буни яққол исботлади”, - деди Владимир Путин.
Россия президенти айтишига кўра, сўнгги йилларда “давлат тузилмаси эскирган, ундан воз кечиш керак”, “глобализация шароитида давлат чегараси ва суверенитети – эскилик сарқити бўлиб, миллат ривожланишини чеклайди” деган гаплар кўп маротаба айтилди. Лекин шу гапларни айтаётган давлатларнинг ўзлари ўз чегараларида "мустаҳкам девор" қуриб олган, ўзларининг иқтисодий устувор соҳаларини улкан божлар билан ҳимоя қилишган. Хуллас "чегарасиз дунё– бу шунчаки сиёсий кураш қуролидир", - дейди Путин.
Россия президентининг фикрига кўра, дунёнинг бугунги ҳолати – бу "совуқ уруш" маҳсулидир. Инсоният бундан керакли хулосалар чиқариб олиши ва инсоният тарихида илк бор ижобий тажриба киритиши - катта урушсиз дунёнинг янги тузилмасини ташкил қилиш имкониятига эга, - деди Путин.

БМТ ислоҳи

Россия президенти ўз нутқининг алоҳида қисмини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ислоҳотига бағишлади. БМТ содир бўлаётган ўзгаришларга тезда мослаша олмаётган ва кўп хатоларга йўл қўяётган бўлса-да, ушбу ташкилот инсониятнинг авлоддан авлодга ўтаётган қадрияти сифатида сақланиб қолиш керак, деди Путин.
БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари сонини кенгайтириш масаласини Россиянинг бир ўзи ҳал қила олмайди, буни фақат консенсус йўли билан ҳал қилиш мумкин, деди. Бунда асосийси – тўғри мувозанатга эришиш, деди Путин.

“Агар биз БМТ доимий аъзоларининг вето ҳуқуқини бекор қилсак, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шу куннинг ўзида вафот этади. У “Миллатлар Лигаси”га айланади, тамом”, - деди Путин.

Миллатлар Лигаси – 1919 – 1946 йилларда мавжуд бўлган халқаро ташкилот. Унга 58та давлат аъзо бўлган. Ўз олдиган дунёда урушларнинг олдини олиш, ҳаёт даражасини яхшилаш каби мақсадларни қўйган бўлса-да, ўша вақтда содир бўлган бир неча можаро ва урушларни тўхтата олмади. Иккинчи Жаҳон уруши натижасига кўра ташкилотнинг ўзи бекор қилинди.
Унда, БМТ “Валдай” клуби каби муҳокамалар майдонига айланиб қолади, деб ҳазил қилди Россия президенти.

COVID-19га қарши кураш

Россия президенти COVID-19 пандемияси қурбонлари сони Биринчи жаҳон уруши қурбонлари сонидан ортиб кетганига эътибор қаратди. Шу билан бирга Путин коронавирус билан курашга халқаро ёрдамга ўта муҳтож бўлган мамлакатларга нисбатан санкциялар сақланиб қолаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
“Ғарб сиёсий мантиғида гуманизм қайда қолди? Аслини олганда, ҳеч нарса йўқ экан, фақат бекорчи гаплар, тушунаяпсизми?”, - деди Путин.
Россия президенти, шундан келиб чиққан ҳолда, кераксиз амбициялардан воз кечиб, умумий муаммони ҳал қилишда биргаликда ишлашни талаб қилди.
Мажбурий вакцинация борасида, Путин буни қўллаб-қувватламаслигини билдирди. Чунки ҳар қандай мажбурий чорани айланиб ўтиш мумкин. Иккинчидан, ҳукумат вакцина касалликдан кўра афзаллигини исботлаши керак.

Миллий қадриятлар ва консерватизм

Владимир Путин ўз нутқида инсоний қадриятларга алоҳида эътибор қаратди. "Қадриятлар - ҳар бир миллат ўз тарихий-маданий ривожланиш йўлининг такрорланмас маҳсули" деди Россия президенти.
Ўзаро боғлиқликлар дунёқарашни кенгайтиради ва ўз миллий қадриятларини бошқатдан кўриб чиқиш, тушуниб етиш имконини беради, лекин ушбу жараён шошилмасдан, мавжуд анъаналарга мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилиши керак.
“Келажак номаълум ва мавҳум бўлган вазиятда, ўз қадриятларини бировга мажбурлаб сингдириш, шундоқ ҳам мураккаб вазиятни янада қийинлаштириб, одатда кутилган натижанинг аксини келтириб чиқаради”, - деди президент.
Путин бугуни кунда инсониятнинг миллий ва ирқий қарашлари ҳали ҳам бенуқсон эмаслигини айтиб ўтди. Бу борада Россия президенти қора танлилар ҳуқуқлари учун курашган Мартин Лютер Кингнинг сўзларини эсга олди.

“Бир кун келиб, менинг тўрт фарзандим, уларнинг териси рангига қараб эмас, шахсий хислатларига қараб баҳо бериладиган мамлакатда яшайди деб умид қиламан”.

Мартин Лютер Кинг - Sputnik Ўзбекистон
Мартин Лютер Кинг
Қора танлилар ҳуқуқлари курашчиси
Мана шу ҳақиқий қадрият. Лекин биз ҳозир – ҳамма нарса бошқача бўлаётганини кўрмоқдамиз”, - деди Россия президенти.
Путин айтишига кўра, дунё қайта қурилаётган, унинг натижаси нима билан тугаши номаълум бўлган вақтда, чекланган миқдорда соғлом консерватизм - бу энг тўғри йўлдир, бу пастга қулаш ва тартибсизликлардан сақлаб қолади, деб Россия президенти рус файласуфининг 1923 йилда айтган сўзларидан иқтибос келтирди.

"Консерватизм - бу тепага кўтарилишга ва олдинга юришга халал берадиган нарса эмас, балким орқага кетиш ҳамда давлат ва маданият мавжуд бўлмаган хаос даврига келиб қолишдан сақланиш воситасидир".

Николай Александрович Бердяев  - Sputnik Ўзбекистон
Н.А.Бердяев
Рус файласуфи
Россия президенти Ғарбда “аёл” ва “эркак”, “ота” ва “она” каби инсониятнинг асосий қадриятлари поймол қилинаётганини, ёш болаларга ўз жинсини танлаш ҳуқуқи борлиги ўргатилаётганини – кечириб бўлмас хато, деб атади.

“Биз бировларнинг ишига аралашмаймиз. <…> Сиз ҳам бизнинг уйимизда бўлаётган воқеаларга аралашманг. Бизнинг ўз тарихий анъаналаримиз, кўп миллатли халқимизнинг қадриятларига асосланган дунёқарашимиз бор”, - деди Путин.

Рангли инқилоблар ҳақида

Россия президенти дунёда янги ижтимоий-иқтисодий тартиб яратмоқчи бўлаётганларни ҳам танқид қилди.
“Улар ўзларини “ижтимоий прогресс” яратувчилари деб номлаётган ақллилар гўёки инсониятга бир янгилик олиб келаётгандек тутмоқда. Лекин, раҳмат, бизга бунақаси керак эмас. Биз бу синовдан аллақачон ўтганмиз", - деб Путин Октябрь инқилобини эсга олди.

"1917 йилги инқилобдан сўнг коммунистлар, Маркс ва Энгельс догмаларига асосланган ҳолда, жамиятнинг кўп асрлар давомида шаклланган соғлом қадриятларини, эътиқоди ва одамларнинг ўзаро ишончни чил-парчин қилиб ташлашган эди. Баъзиларни ҳатто ўз оиласидан воз кечишга мажбур қилишган эди”, - деди Путин

Лекин совет даврида ҳамма нарса ёмон бўлган деб айтиш ҳам нотўғри. У вақтлар ҳаммага бир хил кўз билан қарашга уриниш бўлса-да, мамлакатда имтиёзлар ва самарали ижтимоий лифтлар ҳам бор эди. Сифатли олий таълим ҳам шулар жумласидан. Президентнинг ўзи ҳам совет даври қийинчиликлари ва ижобий томонларини ўз бошидан кечирганини айтиб ўтди.
Бугунги кунда “совет одами” ибораси баъзи ҳолларда қандайдир мафкуравий, негатив маънода қўлланилади. Лекин ҳамма нарсани фақат қора рангга бўяш ҳам нотўғри, “совет одами” иборасида ҳеч қандай негатив маъно йўқ, деди Путин.
Шу ўринда Россия президенти АҚШни баъзида “эритиш қозони” деб аташларини ҳам эсга олди ва ушбу иборада ҳам ҳеч қандай негатив маъно йўқлигини айтиб ўтди.

"Эритиш қозони" - 20-асрда АҚШда қабул қилинган, турли миллат ва ирқлар урф-одат ва қадриятларини арлаштириб юбориш йўли билан американинг ўзига хос анъаналарини яратиш стратегияси.

Флаг США - Sputnik Ўзбекистон
Wikipedia
Онлайн энциклопедия

Афғонистон ва “Шимолий оқим-2”

Ўз нутқида Владимир Путин Афғонистон борасида ҳам тўхталиб ўтди. Россия президенти Афғонистонда тинчлик ўрнатилишидан барча давлатлар манфаатдор эканини ва биринчи навбатда ушбу мамлакат иқтисодини тиклашга ёрдам бериш кераклигини таъкидлади. Хусусан, АҚШ томонидан музлатиб қўйилган маблағларни қайтариш ҳам айтиб ўтилди.
АҚШ президентининг Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш ҳақидаги қарори – тўғри қарор бўлган деди Россия президенти.
“Шимолий оқим-2” ҳақида гапирганда, Путин, ушбу лойиҳа энг замонавий технологиялар асосида қурилгани ва уни натижасида атмосферага чиқарилаётган СО2 газлари газни Украина орқали транзит қилганга нисбатан 5,6 баробар камлигини таъкидлади. Экологлар даъволарини эса “асоссиз” деб атади.
Россия президенти, янги газ қувури Европани узулуксиз ва ишончли газ билан таъминлаш имконини беришини айтиб ўтди. Россияни энергетика соҳасида чеклашга бўлган уринишлар – ҳеч қандай яхши натижага олиб келмаслигини ҳам қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, 18-21 октябрь кунлари Сочи шаҳрида "Валдай" халқаро экспертларининг йиллик анжумани бўлиб ўтди. Анжуман мавзуси: "Глобал уйғониш— XXI: инсон, қадриятлар, давлат".
Янгиликлар лентаси
0
Аввал янгилариАввал эскилари
loader
LIVE
Заголовок открываемого материала