Энергетик уйғунлик: Ўзбек-қирғиз электр энергия тизимлари қандай ишлайди

© Пресс-служба правительства / Сабыр АильчиевТоктогульская ГЭС в Кыргыстане
Токтогульская ГЭС в Кыргыстане - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 17.11.2021
Oбуна бўлиш
Марказий Осиё энергия ҳалқаси 83 та электр станцияларни бирлаштиради ва сув ресурсларининг мавсумий кўпайиш ва камайишига қараб энергия тақсимотини мувофиқлаштириш билан шуғулланади.
ТОШКЕНТ, 17 ноя – Sputnik. Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетика тизимларининг мавсумий электр алмашишлари, ўзаро ҳамкорлик қайта тиклангани ҳақида энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев Sevimli телеканалига берган интервьюсида айтиб берди.
Телеканал мухбирининг Ўзбекистон қўшни республикага нима сабабдан электр энергияси етказиб бераётгани ҳақидаги саволига энергетика вазирлиги мутахассиси қуйидагича жавоб берди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон энерготизимлари параллел режимда ишлайди. Яъни, электрлаштириш бошланганда Марказий Осиёда режалаштирилган даврда мана шу иккита энерготизим бир-бирини хусусиятидан, имкониятидан келиб чиққан ҳолда бир-бири билан уйғун ишлаши ва мавсумий нуқтаи назаридан бир-бирини қўллаб-қувватлаб туриши режалаштирилган.
Минг афсуски, кейин мана шу иш тизими бузилиб кетган эди. Охирги 3-4 йилда қўшни мамлакатларимиз энергия тизимлари билан ҳамкорлигимиз янада кучайиб, энг яхши режимларда ишлаганидек муносабатларга қайтиб келдик.
Қирғизистон энергия тизимида электр энергиясини ишлаб чиқариш асосан сув ресурсларига боғлиқ. Сув ресурсларига боғлиқлигини Ўзбекистонга ҳам салбий ҳам ижобий таъсири бор. Куз-қиш мавсумида Қирғизистонда энергияга бўлган талаб ортган даврда агар улар электр энергиясини кўпроқ ишлаб чиқариб “Тоқтогул” сув омборидан сувни кўпроқ чиқариб юборишса, кейинги йил баҳор-ёз ойларида мана шу сув ҳажмини тўлдиришга мажбур бўлишади ва ёзда сув чиқариш миқдорини кескин камайтиришга мажбур бўлишади.
Албатта, бу бизнинг Фарғона, Андижон, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари қишлоқ хўжалигига ўзини салбий таъсирини кўрсатади. Шунинг учун жуда узоқ вақт мобайнида мана ўзаро мавсумий энергия алмашинуви йўлга қўйилган эди. Гидроресурслардан фойдаланиш – кўпроқ ёз ойларида, иссиқлик электр станцияларидан фойдаланиш – кўпроқ қиш ойларида.
Бу ерда яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, биздаги кузатилаётган сув танқислиги Қирғизистонда кузатилаётган сув танқислигидан бир мунча юмшоқроқ. У ердаги сув танқислиги жуда ҳам юқори нуқтага етиб келди. Яъни “Тоқтогул” сув омборидан сув чиқариш режими нормал равишда амалга ошириладиган бўлса, баҳор ойига келиб сув омбори тўлиқ бўшаб қолиш эҳтимоли мавжуд.
Шунинг учун биз жорий йил бошида Қирғизистон энергетиклари билан ўзаро 3 йиллик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиб тасдиқлаганмиз. Ҳукумат қарори билан тасдиқланган. Шунга кўра, мавсумий энергия алмашинуви йўлга қўйилган. Баҳорда ва кузда электр энергиясини биз уларга етказиб берамиз, улар эса бизга ёзда қайтариб беришади. Натижада, бизнинг қишлоқ хўжалигимиз кўпроқ сувга эга бўлади ва аксинча уларнинг сув омборларида қиш ойлари учун кўпроқ сувни сақлаш имкониятлари юзага келади.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, Ўзбекистон энергия тизими Қирғизистон энергия тизимидан тўрт баробар катта. Яъни, сентябрь ойларида биз етказиб берадиган ёки март-апрель ойларида биз етказиб берадиган ҳажмимиз Ўзбекистон энергия тизимининг 1,5 кунлик истеъмолига тенг. Унақа катта миқдорлар тўғрисида гап кетаётгани йўқ биз учун, лекин уларнинг энергия тизими 4 баробар кичкина бўлганлиги учун улар учун бу сезиларли аҳамиятга эга.
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё энергия ҳалқаси совет даврида қурилган бўлиб у Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда жойлашган 83 та электр станцияларни бирлаштирган эди. Унинг бошқарув-назорат пункти эса Тошкентда жойлашган эди. Ушбу тизим нафақат электр таъминоти, балким қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлаш жараёнларини ўзаро мувофиқлаштириш билан шуғулланиб келган.
Ўзбекистон СССР даврида ушбу тизимининг бошқарувчиси бўлган ва Тошкенетда ҳозирга қадар мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази бор. Унинг ёрдамида давлатлараро электр узатиш линиялари ўртасида диспетчерлик бошқаруви амалга оширилиб келади.
Янгиликлар лентаси
0