Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳалокат ёқасида - Сенат

© SputnikАйдаркўл
Айдаркўл - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.12.2021
Oбуна бўлиш
Айдар-Арнасой кўллар тизимида шўрланиш, балиқларнинг камайиб кетаётгани ва бошқа муаммоларни ҳал қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилди.
ТОШКЕНТ, 18 дек - Sputnik. Сув сатҳининг кескин камайиши, сув таркиби шўрланиши оқибатида Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳалокат ёқасиаг келиб қолган.
Ушбу масала Сенатнинг 16 декабрь куни бўлиб ўтган 22 ялпи мажлисида бтафсил муҳокама қилинди, деб хабар қилмоқда Давлат Экология қўмитаси. Қалампир нашри мақоласига асосан.
Мажлисда Айдар-Арнасой кўллари масаласида бир неча нотиқлар сўзга чиқиб ўз мулоҳазаларини билдиришди.

Кўллар суви камамйиб кетди - Рисқул Сидиқов

"Айдар-Арнасой кўллари тизимининг сув ҳажми 1994–2000 йилларда 44 млрд м3 бўлиб, ҳудуднинг умумий майдони 350 минг гектарга, узунлиги 250 километрга етган бўлса, “Чордара” сув омборидан 2013-2021 йилларда кўллар тизимига сув ташланмаганлиги боис сув ҳажми қарийб 34 млрд м3 га тушиб қолган.
Кўллар тизимидаги сувнинг сатҳи 2 метрга пасайиб, минераллашганлик даражаси сўнгги 10 йилда 5,1 г/л дан 8,6 г/л гача ошган. Сув сатҳининг пасайиши ва шўрланиши натижасида қирғоқ бўйлари 15-50 метрга чекиниб, 15–20 см гача баъзи жойларда ундан ҳам кўпроқ туз қатлами ҳосил бўлган. Бу эса кучли шамол вақтида тузли чанглар бўлишига олиб келмоқда ва экин майдонлари ҳамда инсон саломатлигига таъсир ўтказмоқда”, - дейди Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Рисқул Сиддиқов.
Сенатор шунингдек, кўллар тизимидан фойдаланиш ҳақидаги норматив-ҳужжатларда ҳам номувофиқликлар мавжудлигини ва Арнасой кўллар тизимини муҳофаза қилиш бўйича штат бирликлари ажратилмаганини ҳам қўшимча қилди.

Балиқлар нобуд бўлади - Борий Алиханов

Йиғилишда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов ҳам Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги қуйидаги 3та муҳим муаммони санаб ўтди.
1.
Айдар-Арнасой кўллар тизимида келгусида шўр сувлар оқибатида минераллашув ортиб борадиган бўлса, чучук сувда яшайдиган балиқларнинг яшашига имкон йўқолади. Ўз-ўзидан балиқлар урчиши, чавоқланиши масаласи йўқ бўлади. Яъни чучук сувда табиий ҳолда балиқ овлаш имкони қолмайди.
2.
Ушбу кўллар тизими тубидаги бир неча ўнлаб сантиметрлик қуйқадаги сероводород ёки водород сулфид очилиб қоладиган бўлса, атроф-муҳитга жуда катта зарар етади. Ўша ҳудуд экотизимининг ихтиофаунаси ёки гидрофлораси йўқ бўлиб кетиши мумкин.
3.
Балиқ овлайдиган бир марталик кичкина катакли тўрларни тақиқлаш керак. Бу масалаларни агар ҳал қилмайдиган бўлсак, чавоқчалар ёки малюткалар нобуд бўлади ва умуман балиқларнинг урчишига имкон бўлмайди.
4.
Агар ҳозирда биз 5-10 йилдан сўнг нима бўлиши ҳақида прогноз қилишни ўрганмасак, башорат қилиш масаласини ўртага қўймайдиган бўлсак, аҳвол ундан баттар бўлиши мумкин.

Орол муаммоси Тошкент яқинига келиб қолиши мумкин - Жусипбек Казбеков

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Жусипбек Казбеков Айдар-Арнасой кўллар тизимига жиддий қаралмаса, Орол муаммосини Тошкент яқинига келиб қолишини ва иккинчи Орол муаммоси келиб чиқишини айтди.

"Ўзим Оролбўйи ҳудуди, Қорақалпоғистондан келганим учун биламан. 1984 йилда 4-синф вақтимда ҳозирги “Кемалар қабристони”да маёқ бор эди. Кемада туриб кўрган катта денгизимиз кўз олдимизда. Институтни битириб 10 йил оралиғида Мўйноққа борганимизда Айдар-Арнасойдан 30 баравар катта, 1000 куб километр ҳажмдаги денгиз мана шу қисқа вақтда йўқолиб кетган. Тошкент шаҳридан унчалик узоқ бўлмаган мазкур ҳудудга (Айдар-Арнасой) жиддий қарамас эканмиз, вақтида чора-тадбирлар кўрмас эканмиз, Орол муаммосини мана шу ерга, Тошкент яқинига олиб келган бўламиз ва иккинчи Орол муаммосини келтириб чиқарган бўламиз”, - дейди Жусипбек Казбеков.

Йиғилишда сўзга чиққан Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ҳам ушбу кўллар билан боғлиқ қатор муаммоларни санаб ўтди ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ушбу вазиятдан шахсан хабардор эканини таъкидлади.
Солиев хусусан, собиқ Иттифоқ давридан қолган зарарли ўғитлар Айдар-Арнасой кўлларига тушаётгани, балиқчилик соҳасини ривжлантиришдаги муаммолар, ушбу соҳага доир қонунчиликдаги камчиликлар, ҳудудни муҳофаза қилиш учун экология соҳасида штат бирликлари етишмаслиги ва бошқа муаммоларни санаб ўтди.
Муҳокама якунида ушбу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш юзасидан Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди.
Янгиликлар лентаси
0