Қондаги қанд миқдорини камайтириб юриш учун нималарга аҳамият бериш лозим

© Depositphotos.com / KruchenkovaЧеловек с глюкометром измеряет сахар в крови
Человек с глюкометром измеряет сахар в крови - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 19.12.2021
Oбуна бўлиш
Шифокор: қондаги қанд миқдорини доимий тарзда камайтириб юриш учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш даркор.
ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази диабетология бўлими шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Феруза Тоҳирова қондаги қанд миқдорини доимий тарзда камайтириб юриш учун нималарга аҳамият бериш лозим ҳақида маълумот берди.
“Қондаги қанд миқдорини доимий тарзда камайтириб юриш учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш – тўғри овқатланиш, серҳаракат бўлиш, шифокор назоратида бўлиб, дори воситаларни мунтазам қабул қилиш тавсия этилади”, - дейди мутахассис.
Кундалик рациондан енгил сингувчи углевод сақловчи маҳсулотлар (шакар, асал, ширин кондитер маҳсулотлари, мураббо, ширин ва газли ва сунъий бўёқли ичимликлар) чиқариб ташланиши керак.
Шунингдек, нотўғри овқатланиш, камҳаракатлилик оқибатида келиб чиқадиган ортиқча вазн қандли диабетнинг асосий сабабчисидир. Боиси касалликнинг 2-тури ривожланишига инсон танасида мушак тўқимасининг камайиб, ёғ тўқимасининг кўпайиши ҳисобланади. Аммо хасталик семиз бўлмаган инсонларда ҳам ривожланиши мумкин.
Таъкидланишича, касалликнинг дастлабки белгилари кузатилгандаёқ шифокорга мурожаат қилиш лозим. Ҳар бир киши ўзининг танаси вазнини назорат қилиб бориши, унинг меъёрий кўрсаткичлардан ошиб кетишига йўл қўймаслиги талаб этилади.
Агар инсонда диабетга мойиллик бўлса ва у кучли қўрқувни бошдан кечирса, бу инсонда касалликка чалиниш эҳтимоли бор.
Сурункали давом этувчи стресс ҳолатлари, уйқусизлик, гипертония касаллиги ҳамда қандли диабет 2-турига мойил бўлганларда айрим дори препаратларини мунтазам қўлланиши (айниқса, глюкокортикоид гуруҳига кирувчи) ушбу касалликнинг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.
Меъёрдан ортиқ овқат истеъмол қилиш ва энергияни сарф қилмаслик натижасида организмда энергия баланси бузилади. Одатдагидек сарф бўлмаётган энергия организмда гликоген ва ёғлар кўринишида тўпланиб боради.
Тоҳирова бу жараён кучайиб боргани сари организмда инсулинга сезувчанлик камайиб бориши ва бу ҳолат углеводлар алмашинувининг бузилишига олиб келишини қайд этди.
Яъни қандли диабет 2-турининг пайдо бўлиши ижтимоий ҳолатга эмас, балки камҳаракатлик, носоғлом ва ортиқча овқатланишга боғлиқ.
Мавзуга оид:
Қандли диабeтга чалинган болалар қандай парҳез қилиши керак
Шифокор қандли диабетга қарши курашнинг асосий қоидаларини санаб ўтди
Янгиликлар лентаси
0