Ихтисослашган мактаблар Президент таълим муассасалари агентлигига ўтказилади

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.01.2022
Oбуна бўлиш
Ихтисослаштирилган мактабларда болалар махсус фан бўйича тўлиқ билимга, кенг дунёқарашга эга бўлиши зарур. Ўқувчиларда миллий руҳ, ватанпарварлик ҳисси баланд бўлиши керак, – деди Президент.
ТОШКЕНТ, 18 янв – Sputnik. Янги ўқув йилидан бошлаб ҳар бир вилоятда ихтисослаштирилган мактаблар тузилиб, Президент таълим муассасалари агентлигига ўтказилади деди Шавкат Мирзиёев 17 январ куни бўлиб ўтган видеоселектор мажлисида.
– Бу Агентликни фақат 14 та мактаб учун тузганимиз йўқ. У Президент мактабларидаги муҳитни, методикани бошқа мактабларга ҳам олиб кириши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Янги ўқув йилидан бошлаб, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида иккитадан, туман ва шаҳарларда биттадан мактаб танлаб олиниб, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилади, - дейилган хабарда.

Вилоятлардаги мактабларни Президент таълим муассасалари агентлигига киритишда, ўша ҳудудда ривожланган тармоқлар, азалдан кучли ўқитилган фанларга алоҳида эътибор қаратилади.
– Ихтисослаштирилган мактаб дегани 2 соат кўп дарс ўтиш дегани эмас. Унда болалар махсус фан бўйича тўлиқ билимга, кенг дунёқарашга эга бўлиши зарур. Ўқувчиларда миллий руҳ, ватанпарварлик ҳисси баланд бўлиши керак, – деди Президент.
Ихтисослаштирилган мактабларга раҳбар ва педагоглар икки босқичли танлов асосида қабул қилинади. Президент таълим муассасалари агентлигига ушбу тизим асосида юқори малакали ўқитувчиларни жамлаб, қўшимча ўқитиш, миллий ва халқаро сертификатлар олишига кўмаклашиш топширилди.
– Бир нарсани чуқур тушуниб олишимиз керак: иқтисодиётимизга жуда катта марра олганмиз. Бу йил экспортимизни 14 миллиард долларга чиқармоқчимиз. 2025 йилга қадар мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотини 100 миллиард долларга, экспорт ҳажмини 30 миллиард долларга етказишни режа қилганмиз. Буни ким қилади? Билимли кадрлар! – дея таъкидлади Президент.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев мактабларда хорижий тилларни ўқитиш сифати пастлигини кескин танқид қилди.
– Ривожланган мамлакатларда олийгоҳда тил ўргатмайди. Чунки талабалар ёшлигиданоқ иккита тилни билади. Биз 1-синфдан 11-синфгача чет тилини ўргатамиз. Лекин мактабни битирган болаларнинг неча фоизи шу тилда гаплаша олади?! Бунга давлатнинг қанча пули кетаяпти! Қани натижадорлик, – дея ҳақли савол қўйди Президент.
Хабарда айтилишига кўра, Ўзбекистонда 2019 йилда 271 та ихтисослаштирилган мактаб бўлган бўлса бугунги кунда уларнинг сони 790тага етган. Улардан 126таси - математика ва физика фанлари бўйича, 87таси - кимё-биология бўйича, 99таси - ахборот технологиялари йўналишида, 207таси - хорижий тиллар бўйича ихтисослаштирилган.
Ушбу мактабларнинг 135 таси тўлиқ ихтисослаштирилган мактаблар бўлиб, у ерда ётоқхона ҳам мавжуд. Қолган 655 та мактабда - 25 % синфларда у ёки бу фан чуқур ўргатилади, дейилган хабарда.
Янгиликлар лентаси
0