Ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси бўлади – уларнинг вазифалари ва маоши

© Sputnik / Евгений Биятов / Медиабанкка ўтишМужчина держит папку в руке
Мужчина держит папку в руке - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 20.01.2022
Oбуна бўлиш
Етакчининг маоши миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда белгиланади.
ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Ўзбекистондаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади. Бу президент имзолаган "Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорда белгиланган.
Етакчи лавозимига номзодлар туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари бошчилигидаги танлов комиссияларини шакллантириш орқали очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинади. Етакчи лавозимига ишга қабул қилинган шахсларнинг ҳарбий ва махсус унвонлари сақлаб қолинади.
Қуйидагилар маҳалладаги ёшлар етакчисининг асосий вазифалари этиб белгиланган:
"Ёшлар баланси"ни шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни "Ёшлар дафтари" ва "Ёшлар портали" электрон платформаларига киритиб бориш, улар билан самарали иш ташкил қилиш;
маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий халқ ўйинлари ва спорт турларини ёшлар орасида оммалаштириш, Беш муҳим ташаббус лойиҳалари, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни амалга ошириш;
ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш;
ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг интеллектуал жиҳатдан камол топишини ва маънавий ривожланишини таъминлаш;
ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёшларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига кўмаклашиш.
Етакчининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланади:
хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида;
хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида;
хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари миқдорида.
Бундан ташқари, ҳар чоракда маҳаллада ёшлар сиёсатини самарали амалга оширишда юқори натижадорликка эришган мамлакат бўйича энг илғор 100 нафар етакчи бир ойлик иш ҳақига тенг миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади. Бошқа ҳудудлардан келиб ўз фаолиятини олиб бораётган етакчи учун БҲМнинг икки бараваригача бўлган миқдорда турар жой ижара тўлови қоплаб берилади.
Бу йил барча маҳаллаларда туб ўзгаришлар бўлиши керак - президент
Шунингдек, йил якуни бўйича юқори натижаларга эришган Етакчиларга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида субсидия берилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2022 йил "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили" деб эълон қилинган. Президент Шавкат Мирзиёев янги йил номини эълон қилаётиб, маҳалла обод бўлса, мамлакат обод бўлишини таъкидлаганди. Унинг сўзларига кўра, бундан буён ҳар бир маҳаллада самарали иш олиб бориш ҳукумат фаолиятининг бош мезонига айланади.
Янгиликлар лентаси
0