Жамият

Таниқли драматург Шароф Бошбеков вафот этди

© Фото: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасиШароф Бошбеков
Шароф Бошбеков - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 26.01.2022
Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
Унинг “Темир хотин” комедияси нафақат республика, балки бошқа мамлакатлар театрларида ҳам саҳнага қўйилган.
ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Ўзбек адабиёти, драматургияси оғир жудоликка учради. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, таниқли драматург, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шароф Бошбеков 2022 йилнинг 26 январь куни оламдан ўтди.
Шароф Бошбеков 1951 йил 4 январда Самарқанд вилояти Булунғур тумани Ғубир қишлоғида туғилган. 1974 йили Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тамомлаган. Ўқишни тугатгач, Муқимий номидаги давлат мусиқали театри, Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида фаолият кўрсатган. Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси (1983-1985), Ўзбекистон Миллий давлат академик драма театрида (1986-1987) адабий ходим бўлиб хизмат қилди.
Шароф Бошбеков ёзувчилик ижодини 1980 йилда “Тақдир эшиги” номли комедия билан бошлаган. Шундан сўнг адибнинг бирин-кетин ёзилган “Г” варианти” (1981), “Ғурур” (1982), “Жумбоқ” (1986) ҳикоялари, “Тикансиз типратиканлар”, “Мусиқа сайёраси”, “Тентак фаришталар”, “Тушов узган тулпорлар” (1983) драмаси, “Эшик қоққан ким?” (1987), “Эски шаҳар гаврошлари” (1998), “Темир хотин” (1989) каби жиддий комедиялари ўзбек драматургияси хазинасини бойитди.
“Темир хотин” комедияси нафақат республика, балки бошқа мамлакатлар театрларида ҳам саҳнага қўйилди. Мазкур асар аввал Республика миқиёсида ўтказилган театр фестивалида бош соврин – “Гран-при”ни қўлга киритди, сўнгра Марказий Осиё мамлакатлари орасида ўтказилган театр фестивалининг мутлоқ ғолиби, деб топилди. Ушбу пьеса асосида бадиий фильм, оперетта ишланди. Асар 1989 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Мақсуд Шайхзода номидаги йиллик мукофотига лойиқ топилган.
Шароф Бошбеков сценарийси асосида “Маъруф ва Шариф”, “Юзсиз” (1993), “Тилла бола” (1994) каби фильмлар яратилди. У “Масхарабоз” (1996), “Фарҳод ва Ширин” фильмларида ҳам сценарий муаллифи, ҳам режиссёр сифатида иштирок этди. Унинг сценарийси асосида “Чархпалак” телесериали суратга олинган. Бундан ташқари, “Тентак фаришталар” (1995), “Зўрдан зўр чиқса” (1996) каби саҳна асарлари ҳам республика театрларида муваффақиятли намойиш этилди.
Ҳажвий ҳикоялари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг “Йилнинг энг яхши ҳажвий асари” (1982) мукофотига муносиб кўрилган. “Муштум” журналида эълон қилинган “Буюк мақтанчоқлик”, “Буюк қўрқоқлик”, “Буюк бахтиёрлик” номли публицистик мақолаларига журналнинг “Йилнинг энг яхши публицистик асари” (1992) мукофоти берилган.
Мустақиллик йиллари “Ўйин” (2002), “Дока рўмолнинг қуриши” (2004) телефильм сценарийларини ёзди, “Сўқмоқ” (2003), “Меҳр ва маузер” (2007) киноқиссаларини яратди. “Эшик қоққан ким бўлди?” (1989), “Фалакнинг гардиши” (2009), “Мусофир бўлмагунча” (2009), “Тентак фаришта” (2010), “Чархпалак” (2017), “Танланган асарлар” (“2021”) каби тўпламлари нашр этилган.
Адиб драма ва киноқиссалардан иборат “Танланган асралар” китоби учун 2021 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Йилнинг энг яхши асари” танлови ғолиби бўлди.
Шароф Бошбеков 1996 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, 2001 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
Янгиликлар лентаси
0