Ҳодисалар

Миришкор тумани ҳокими ўринбосари 50 минг доллар пора билан қўлга олинди

Взятка - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 07.02.2022
Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
Туман ҳокими ўринбосари У.Я. фуқарога ер олиб беришни ваъда қилиб 80 минг доллар сўраган.
ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари 50 минг доллар пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Муроджон Азимов йиғилиш давомида маълум қилди.
Маълум қилинишича, туман ҳокими ўринбосари У.Я. фуқарога ер олиб беришни ваъда қилиб 80 минг доллар сўраган. 2022 йилнинг 5 февраль куни сўралган пулнинг 50 минг долларини олаётган пайтида қўлга тушган.

“Мана Миришкор тумани ҳокимининг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари У.Яхшиев ер масалалари ҳокимликдан кетган бўлсада, фуқаронинг ишончига кириб, 80 минг долларининг 50 мингини олаётганда қўлга тушган”, - деди Азимов.

Вилоят ҳокими Миришкор тумани ҳокими Шерали Санаевга юзланиб, ходимларини назорат қилиш ва қаттиқ ушлашни талаб қилган.
“Қонун устивор бўлиши керак сиз раҳбар бўлган жойда. Миришкорга борганимда нуронийлар йўлимга чиқиб, туман марказига ичимлик суви олиб келинг, деганди. Шу ишлар билан шуғулланмасдан фақат ўзини ўйлайдиган, тез бойишни ўйлайдиган жамоа йиғилганми ҳокимликда?”, - дейди Қашқадарё вилояти ҳокими.
Бундан ташқари, у вилоятда коррупцияга қарши муросасиз кураш бошланганини эълон қилди.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, Миришкор тумани ҳокимининг ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 168- (фирибгарлик) ва 28-, 211- (пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи ушланган.
Янгиликлар лентаси
0