Андижонда ўқитувчиларнинг ота-оналардан узр сўраши: воқеага қандай муносабат билдирилмоқда

© Фото: Kun.uzВ Андижане учителей заставили извиниться перед родителями своих учеников
В Андижане учителей заставили извиниться перед родителями своих учеников - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 09.02.2022
Oбуна бўлиш
Интернетда Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар ота-оналар олдида тик туриб, узр сўрагани айтилган хабар қизғин муҳокамага сабаб бўлмоқда.
ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Марҳамат туманида мактаблардан бирида ўқитувчилар ота-оналардан узр сўрагани айтилган хабар тарқалди. Унда ўқитувчилар ўқув муассасида таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун тик туриб узр сўрашгани билдирилган.
Бу воқеа кенг жамоатчилик вакиллари орасида муҳокамага сабаб бўлди.
Хусусан, халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов бу ҳолатни қаттиқ қоралади. Ўқитувчиларнинг шаънини ерга уриш давлат сиёсатига қарши ҳаракат деб баҳолади.
“Ўқитувчи қадрланмаган юрт ҳеч қачон тараққий этмайди. Бу ҳаракат қандай мақсадда амалга оширилгани менга қоронғу, лекин айбдорлар албатта жавоб бериши керак. Шу ўринда мен ўқитувчилардан ўз қадр-қимматларини ерга уришга йўл қўймасликларини сўраб қоламан. Сизнинг бу даражада бошингизни ерга қаратишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!”, — дея ёзди Саидов телеграм каналида.
Вазир ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ҳолат ўрганилаётгани ва бунга йўл қўйганларга тегишли чора кўрилишини қўшимча қилди.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўқитувчилар ота-оналар олдида бош эгиб, узр сўрашга мажбурлангани учун вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг шахсан ўзи барча устозлардан узр сўраши керак деган фикрни билдирди.
Марҳамат туман ҳокимлиги бу ҳолатга муносабат билдирди.
Ҳокимлик хабарига кўра, тадбирни 2021/2022-ўқув йилида 11-синф битирувчиларини ОТМларга кириш кўрсаткичларини ошириш, касб-ҳунар эгаллаши юзасидан мактаб директори бошчилигида ўқитувчилар ҳамда ота-оналар иштирокида ўтказилган.
"Афсуски, ўтказилган ушбу тадбир ижтимоий тармоқларда бошқача ҳолатда талқин қилинмоқда. Тадбирда ота-оналар фарзандларнинг буюк келажаги учун ўқитувчилар билан биргаликда ҳаракат қилишга чақирилган", — дейилади хабарда.
Муносабатда айтилишича, мурожаат кимнингдир руҳиятини синдириш мақсадида эмас, ўқитувчилар ҳамда ота-оналар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун бўлиб ўтган.
Кейинчалик Марҳамат тумани ҳокими Бобур Йўлдошев содир бўлган ҳолат юзасидан ўқитувчилардан узр сўраб чиқди.
“Марҳамат туманидаги ўқитувчилар ва ота-оналар ҳамкорлигида ўтказилган йиғилишдаги ҳолатлар ўқитувчиларнинг руҳиятига таъсир қилган бўлса, мен туман ҳокими сифатида барча устоз-мураббийлардан узр сўрайман. Барча устоз-мураббийларни доимо қўллаб-қувватлаб, уларга елкадош бўлиб, таълим сифатини ошириш, етук инсонларни тарбиялашда камарбаста бўламиз”, - дейди Бобур Йўлдошев
Шунингдек, Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ҳолатга муносабат билдирди. Унинг қайд этишича, бундай йиғилишлар ўтказилиши мумкин эмаслиги бўйича туман халқ таълими бўлими мудири томонида туман ҳокимининг ўринбосарига айтилган ва бу ташаббус мудир томонидан берилмаган.
“Мактаб ўқитувчилари ва ота-оналар йиғилиши Марҳамат тумани ҳокимидан чиққан ташаббус бўлиб барча мактабларда ўтказилиши топшириқ берилган. Туман ҳокимининг шахсан мазкур ҳолатбўйича ўзининг муносабат беришини қатъий талаб қиламан”, - дея ёзган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам ушбу ҳолатга муносабат билдирди.
Унинг сўзларига кўра, устозларга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган даврда айрим раҳбарларнинг маънавиятсиз ва савиясизлиги кечириб бўлмас хатони юзага келтирган.
Абдураҳмонов ҳолатни ўз назоратига олгани ва ўзи бошчилигида алоҳида ишчи гуруҳ тузилганини маълум қиллган.
“Айтиб ўтиш жоизки, ушбу хатога йўл қўйган ҳар қандай раҳбарга қонунда белгиланган жазо чораларини кўрилишини таъминлайман. Андижонда ҳеч бир устоз ва мураббийларимиз бундай ҳолатга тушишларига йўл қўймайман, зеро доимо устоз ва мураббийларимиз олдида таъзимдамиз”, — дейди Андижон вилояти ҳокими.
Янгиликлар лентаси
0