Усмон Носир ҳаёти ва ижоди

© Фото: saviya.uzУсмон Носир
Усмон Носир  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.02.2022
Oбуна бўлиш
Ўзбек адабиётининг ёрқин ва забардаст шоирларидан бири, шубҳасиз, Усмон Носирдир. Усмон Носир - ўзбек Лермонтови, ўзбек адабиётининг чақмоқ шоири. Шоир атиги 32 йил умр кўрган бўлсада, ўзбек шеъриятига улкан мерос қолдиришга улгурди.

Шоирнинг ҳаёт йўли

Усмон Носир 1912 йилнинг 13 ноябрида Наманганнинг Чуқуркўча даҳасида дунёга келади. Шоир тўрт ёшлигида отаси вафот этади. Онаси Холамбиби Носирҳожи исмли инсонга турмушга чиқади ва оила Қўқонга кўчиб ўтади. Шунда Носирҳожи ёш Усмонни болалар уйига топширади. Усмон Носир махсус интернатда таълим олади.
1929-1930 йилларда атиги бир йил Усмон Носир Москва Кинематография институтининг сценарий факультетида ўқийди, бироқ ўқишини тугалламайди. 1930-1933 йилларда Қўқондаги қисқа муддатли таълим ва тарбия курсларида ўқитувчи, илмий бўлим мудири ва шаҳар театрида адабий эмакдош бўлиб ишлайди.
1930-1933 йилларда Усмон Носир Алишер Навоий номидаги Самарқанд Педагогика академияси (ҳозирги Самарқанд Давлат университети)нинг тил ва адабиёт факультетида бир муддат таҳсил олади. 1934 йил Тошкентга кўчиб келади ва “Ёш Ленинчи” газетасида ишлайди.
Бўлажак шоирнинг илк шеъри “Ҳақиқат қалами” бўлиб, 1927 йилда “Янги йўл” газетасида босиб чиқилади. 1931 йилда фуқаролар уруши мавзуига бағишланган “Норбўта” номли достонини яратади. Достон “Янги Фарғона” газетасида эълон қилинади. Шоирнинг илк шеърий тўпламлари “Қуёш билан суҳбат” ва “Сафарбар сатрлар” 1932 йилда нашр этилади. Шундан сўнг “Нахшон”, “Нил ва Рим” достонларини, 1934 йилда “Тракторобод”, 1935 йил “Юрак” ва 1936 йилда “Меҳрим” номли шеърий китоблари нашр этилади.

Шоир ижоди

Шеърим
Сен юрагимнинг чашма суви сен,
Сен кўзларимнинг гавҳар нурлари.
Сенинг баҳонгни ким сўраса, де:
“Баҳом умрингнинг баҳосига тенг!”
Усмон Носир шеърияти ҳеч кимникига ўхшамагани, адабиёт ўзига яратиб олган андозалар ва қолипларга сиғмагани билан ўзига хосдир. Шеърларда шоирнинг тирик, оташин, исёнкор руҳи сезилиб туради. Масалан, “Юрак” шеърида
Итоат эт!
Агар сендан
Ватан рози эмас бўлса,
Ёрил, чақмоққа айлан сен,
Ёрил! Майли, тамом ўлсам!..
дея хитоб қилади.
Замонасининг йирик шоирларидан бири Туроб Тўла Усмон Носир шеърияти ҳақида шундай дейди: “У шундай тўполон ва тўлқин билан келдики, унча-мунча шеърий услуб ва ижодни тўс-тўс қилиб юборди. Уни ўзимизда “Ўзбекнинг Лермонтови”, Москва газеталарида “Шарқда Пушкин пайдо бўлди”, деб ёзишди”.
Дарҳақиқат, Усмон Носир шеърияти аввало, ҳаётийлиги, жозибадорлиги ва шундай бўлсада, ниҳоятда содда ва равон бўлгани учун ҳам халқ қалбига яқин.
Яна шеъримга
(Сонет)
Шеърим! Яна ўзинг яхшисан,
Боққа кирсанг, гуллар шарманда.
Бир мен эмас, ҳаёт шахсисан,
Жоним каби яшайсан манда.
Юрагимнинг дарди — нақшисан,
Қилолмайман сени ҳеч канда!
Ўт бўлурми ишқи йўқ танда?
Дардимсанки, шеърим яхшисан.
Сен орада кўприк бўлдинг-да,
Гейне билан ўртоқ тутиндим.
Лермонтовдан кўмак ўтиндим.
Бутун умрим сенинг бўйнингда.
Саҳарда қон тупурсам, майли.
Мен — Мажнунман, шеърим, сен — Лайли!
Денгизга
Оқ денгиз, яхши қол! Яхши қол, Шимол!
Кўнглимда ишқингни олиб қайтаман.
Сочимни ўйнайди муздек шўх шамол,
Мен унга дардимни қандай айтаман?
Кечқурун қирғоқда айланиб танҳо
Севдим, севиб қолдим тўлқинларингни.
Ойни чўмилтирган тинч тунларингни
Тушимда кўрганда не қиларман, о?
Ўйнагил сўнг марта, чайқал, эркалан!
Армоним қолмасин кетар олдимда.
Бағрингда балиқдай юзган оқ елкан
Бир умр сайр этгай менинг ёдимда…
Яхши қол, эркин сув! Яхши қол, денгиз!
Тўлқинлар, қўйнимга қиздай кирдингиз…
Усмон Носир ўзини нафақат истеъдодли шоир балки, драматург сифатида ҳам намоён этади. 18 ёшида “Назиржон Халилов” драмасини яратади. Унинг “Душман” (1931), “Сўнгги кун” (1932), “Атлас” (1935) пьесалари Қўқон театрида саҳналаштирилган.
Насимага деганим
Йўқ, ҳали ҳаммаси ўтганмас,
Кўп ҳали ҳаётдан насибам.
Силлигим безарар, ҳеч гапмас,
Борини кўраман, Насимам,
Йўқ, ҳали ҳаммаси ўтганмас!
Олдимда кутадир имтиҳон –
Мен оғир жангларда бўларман.
Насима! Бу кунги иссиқ қон,
О, балки тўкилур… ўларман…
Олдимда кутадир имтиҳон!
Ўйланиб кўзингга қарасам,
Иккита денгиздай кўринур…
Насима! Ичаман рост қасам,
Оловдек ловуллаб дил ёнур,
Бахтлиман жангларга ярасам!
Усмон Носир бетакрор шеърлари, саҳна асарларидан ташқари адабий таржима билан ҳам шуғулланган. Хусусан, Александр Пушкиннинг “Боғчасарой фонтани”, Михаил Лермонтовнинг “Иблис” достонларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирди. Бундан ташқари, Николай Добролюбовнинг “Ҳақиқий кун қачон келади?” йирик асари ҳамда жаҳон адабиётининг йирик шоирларидан бўлмиш Гейне, Гёте, Байрон шеърларидан ҳам таржималар қилди.

Қатағон йиллари

1937 йилнинг 27 январь куни Усмон Носир адабий фаолиятининг 10 йиллик юбилейи кенг нишонланади. Бироқ байрамдан ярим йил ўтиб Ёзувчилар уюшмасида ёш шоирнинг “хулқ-атвори” муҳокама қилинган мажлис бўлиб ўтади. Йиғилишдан икки кун ўтиб, 14 июль куни энди Ёзувчилар уюшмасидан чиқарилган 24 ёшли Усмон Носир ҳибсга олинади. Шоирнинг китоблари, суратлари, қўлёзмалари мусодара қилинади. Дастлаб шоирнинг қаерда эканлиги қариндошлар билмайди. Ва ниҳоят бир куни шоирнинг синглиси Роҳатой номига Тошкент қамоқхонасидан хат келади. Унда: “Синглим Роҳатхон! Уйғунникига бориб нарсаларимни ол. Мадамин Давроннинг уйида пальтом бор. Иброҳим Назирникида этигим ҳам. Шуларни олиб келиб, менга киргизиб юбор. Кетадиганга ўхшайман...” деб ёзилган эди. Фақатгина бир марта шоирнинг синглиси ва отасига Усмон Носир учун кийим-бош, егулик киритиб беришга рухсат беришади, бошқа бундай имконият бўлмайди...
Шоирга Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 60-моддаси 1-қисми билан “мунтазам равишда миллатчилик ва аксилинқилобий ташвиқот олиб боргани ва Совет ҳукумати ҳақида оммавий равишда одобсиз шаклда сўзлагани” айблови қўйилади.
СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг сайёр мажлиси Усмон Носирни “террорчилар билан алоқаси борлиги, шунингдек, унинг “Ўзбекистоннинг нуфузли ёзувчи ва шоирларидан бири бўлиб, ёшларни миллатчилик, рус классиклари асарларини ўзбек тилига таржима қилишда атайлаб бузиб кўрсатиб аксилинқилобий руҳда тарбиялаганини”да айбли деб топади ва 10 йилга ахлоқ тузатиш лагерига жўнатиш ҳақида ҳукм чиқаради.
“Халқ душмани” тамғаси билан ҳали 25 ёшга тўлмаган шоир Златоуск, Владивосток, Магадан, Мариинск қамоқхонарида бўлади. 1943 йили Кемерово вилоятида жойлашган Сибирь лагерига жўнатилади.
Бўлмоқ истаб, шеърият узра дарға,
Итардилар мени чуқур бир жарға.
Менга аён, булбулнинг ошиёниға,
Қўнолмағай уриниш билан қарға
Ушбу сатрни шоир 1937 йили сентябрида зиндонда ёзган. Шубҳасиз, шеърда шоирга ҳасад қилганлар, уни халқ душмани дея чақиб туҳмат қилганлар тилга олинган.
1940 йилнинг 20 август куни Усмон Носир Магадандан И.В.Сталин номига хат ёзади. Мактубда шоир “иш”ини қайта кўриб чиқишларини сўрайди. Шунингдек, қамоқхонада туриб ҳам “шеърий роман, учта саҳна асари ва бир қатор шеърлар ёзгани” ҳақида хабар беради. Мактубда: “Мен ҳали ёшман ва ғайратга тўламан. Мен халқ учун ижод қилишим керак! Менда айб йўқ!” деган сўзлар ҳам бўлади.
Ажабланарлиси, минглаб шундай мактублар орасидан Усмон Носирнинг хати эътиборга тушади ва Ўзбекистон ҳукумати Кремлдан шоир ишини қайта кўриб чиқиш ҳақида буйруқ олади.
1944 йилнинг сўнггида профессор Боровков, шоир Мақсуд Шайхзода, ва “Қизил Ўзбекистон” газетаси бош муҳарриридан таркиб топган комиссия Усмон Носирни айбсиз деб топади. Бироқ, бундай хулосага энди жуда кеч эди. Шоир 1944 йилнинг 9 март куни вафот этади. Уни маҳаллий аҳолилардан бўлган Анатолий Митрофанович Сирота исмли инсон дафн этади.

Унутмас мени боғим

Шоирнинг синглиси Роҳатхоннинг қизи Нодира Рашидова тоғасининг қабрини топиш учун бир қанча саъй-ҳаракатлар қилади. Тоғаси ҳақида маълумот сўраб Кемеровага хат ёзади. Тайинли маълумот ололмагач, Кемеровага ўзи ташриф буюради. Унга Усмон Носирнинг ўлими ҳақида тиббий хулосасининг нусхаси берилади. Ҳужжатда шоирнинг “ўпка касалидан вафот этгани” тўғрисида ёзилган эди. Шоирнинг жияни қийинчиликлар билан тоғасининг қабрини топишга муваффақ бўлади. Хотира ёдгорлиги ўрнатади.
Кейинчалик Усмон Носирнинг авахтада ёзилган 18 қатор шеъри яъни 8 сатр, икки тўртлик ва битта иккиликдан иборат “Юрак туғёни” номли шеър қўлёзмаси топилади. Ажабланарлиси, қўлёзмани адабиётшунос олимга ўша пайти Усмон Носирнинг терговида қатнашган ва хизмат вазифасига хилоф бўлсада, “хавфли шеърларини” турмадан олиб чиққан терговчи топширган.
Оташқалб шоир Усмон Носир хотираси нафақат у туғилиб ўсган юртда, балки Кемеровада ҳам ёдга олинади. Кемеровода ҳар йили шоир шеъриятига бағишланган адабий кечалар ўтказилади. Бундан ташқари у ерда Усмон Носир музейи ҳам бор. Усмон Носир шеърлари Кузбасс шоирлари томомнидан рус тилига таржима қилинган.
Шоир бир шеърида шундай башорат қилган эди:
Минг йиллардан кейин ҳам
Унутмас мени боғим.
Шеърларим янграб қолур…
Бир умрга ўлмайман.
2021 йил сентябрида президентликка номзод Шавкат Мирзиёев наманганлик сайловчилар билан учрашувда 2022 йилда Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносиб нишонланишини маълум қилганди.
Усмон Носир айни ижодий куч-қувватга тўлган 25 ёшида қамалиб, қатағон қилинди. Чунки мустабид тузум бундай миллатпарвар, ватанпарвар инсонларни ўзининг энг ашаддий душмани, деб ҳисоблар эди. Шунинг учун ҳам, шоир умрини қамоқхоналарда азоб-уқубатда ўтказиб, 1944 йили 32 ёшида вафот этади. Келгуси йили юртимизда Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносиб нишонланади”, - деган эди Мирзиёев.
2022 йил 10 феврал куни “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра Усмон Носир ҳаёти ва фаолиятини, хусусан, унинг қатағон даврида кечган йилларини ўрганиш, ҳозирга қадар номаълум бўлиб келаётган қўлёзма асарларининг тақдири ҳақида маълумотлар тўплаш мақсадида ишчи гyруҳ тузилиб, унинг Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, шунингдек, Россиядаги тегишли архив материаллари билан танишиши учун шароит яратилади.
Наманган шаҳрида Усмон Носир ҳайкали ўрнатилади. Тошкент ва Наманган шаҳарларидаги кўчаларга Усмон Носир номи берилади.
Умумий ўрта таълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида Усмон Носир ҳаёти ва ижодига бағишланган “Унутмас мени боғим” мавзуида иншолар танлови ўтказилади.
Янгиликлар лентаси
0