Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг биринчи мураббийи вафот этди

Рустам Акрамов - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.02.2022
Oбуна бўлиш
Рустам Акрамов Мустақилликнинг илк йилларида футбол бўйича миллий терма жамоани бошқарган.
ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Ўзбек футболи ривожланишига муносиб ҳисса қўшган, педагогика фанлари доктори, профессор Рустам Акрамов 73 ёшида вафот этди, деб хабар бермоқда Миллий олимпия қўмита матбуот хизмати.
Рустам Акромов 1948 йил 11 август куни Тошкент вилоятида дунёга келган. У фаолияти давомида ўзбек ва Собиқ Иттифоқ футболи ривожи учун улкан ҳисса қўшган мутахассис. 1990-1992 йиллар мобайнида Жазоирнинг “УСМ” (Union Sportive de la Médina d’Alger) клуби ва миллий терма жамоасида фаолият олиб борган.
Рустам Акрамов Ўзбекистон Мустақилликка эришганидан сўнг футбол бўйича миллий терма жамоани бошқарган биринчи мураббий ҳисобланади.
1992-1994 йилларда терма жамоа у бошчилигида Марказий Осиё чемпионати ва 1994 йил Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида ғалаба қозонган.
Рустам Акрамович 1995-1997 йиллар Ҳиндистон терма жамоасини бошқарган. Кейинчалик ОФК техник директори ва ФИФА инструктори бўлиб ҳам ишлаган.
У ўзбек футболи ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун “Шуҳрат” медали ва “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони билан тақдирланган.
Янгиликлар лентаси
0