Спорт

Мукофот жамғармаси 150 минг $: Абдусатторов жаҳон шахмат юлдузларига қарши дона суради

Шахматист Нодирбек Абдусатторов - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.02.2022
Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
Рапид йўналиши бўйича энг ёш жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов жаҳон шахмат юлдузларига қарши дона суради.
ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. 19 февралдан Chess24.com сайти орқали ўтказиладиган энг йирик “Meltwater Champions Chess Tour” онлайн турнирлар серияси доирасидаги илк мусобақа – “Airthings Masters” бошланади. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги хабар қилди.
Мукофот жамғармаси 150 минг долларни ташкил этувчи мазкур турнир ўз атрофига дунёнинг энг кучли шахмат усталарини жамлагани билан аҳамиятли.
Улар орасида рапид йўналиши бўйича энг ёш жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов ҳам бор.
Мусобақа рапид йўналишида ўтказилиб, дастлаб иштирокчилар 15 турдан иборат саралаш босқичида ўзаро куч синашади.
Шахматчилар тўплаган ҳар бир очкоси учун 250 доллардан мукофот олишади.
Саралаш босқичи якунига кўра энг яхши натижа қайд этган 8 нафар шахматчи эса плей-офф босқичида ғолиблик учун кураш олиб боради. Бу босқичда ҳар бир ўйин муҳим аҳамиятга эга ва ютқазган шахматчи учун мусобақа тугайди.
Қуръа натижасига кўра саралаш баҳсларида Нодирбек Абдусатторов кимларга қарши дона суриши ҳам маълум бўлди.
Унга кўра, 1-турда Абдусатторов нидерландиялик машҳур шахмат устаси Аниш Гири билан куч синашса, иккинчи раундда жаҳон тождори, ушбу мусобақанинг амалдаги ғолиби Магнус Карлсенга қарши дона суради.
Саралаш босқичида Абдусатторовга қарши дунё тан олган шахмат усталари – Ян Непомняший (Россия), аёллар ўртасида 12-жаҳон чемпиони Александра Костенюк (Россия), дунё рейтинги пешқадамларидан Дин Лижен (Хитой), Ян Кшиштоф Дуда (Польша), Левон Аронян (Арманистон), Шахриёр Мамадиёров (Озарбайжон) ва бошқалар дона суришади.
Янгиликлар лентаси
0