Жамият

Божхона, "коррупциядан холи" тизим: Мирзиёев қандай кўрсатмалар берди

© Фото: пресс-служба президента Республики УзбекистанСовещание при Президенте Шавкате Мирзиёеве по вопросам дальнейшего совершенствования таможенного администрирования в 2022 году и приоритетным задачам преобразования сферы в систему, свободную от коррупции.
Совещание при Президенте Шавкате Мирзиёеве по вопросам дальнейшего совершенствования таможенного администрирования в 2022 году и приоритетным задачам преобразования сферы в систему, свободную от коррупции. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 17.02.2022
Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Президент ҳузурида 2022 йилда божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш бошланди.

“Сўнгги беш йилда мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмаси 2 баробарга - 2016 йилдаги 24 миллиард доллардан 2021 йилда 42 миллиард долларга ошди. Божхона тизими мамлакатимизни жаҳон иқтисодиётига боғлайдиган кўприк ҳисобланади. Бу тизим тўғри ва очиқ-ошкора ишламаса, тадбиркорлик, инвестицияга тўсиқ бўлади ҳамда аҳолининг норозилигини келтириб чиқаради. Шунинг учун бу соҳада 2019 йилда катта ислоҳотларни бошладик”, деди президент йиғилиш бошида.

Жумладан:
божхона постларида “яшил йўлак”лар жорий этилиб, ҳозирда улар орқали 95 фоиз йўловчи ва 75 фоиз юк ўтмоқда;
аввал 12 та идорадан олинган 60 турдаги рухсатномалар “ягона дарча” орқали электрон шаклга ўтказилди;
натижада божхонада юкларни расмийлаштириш вақти 10 баробаргача қисқарди.
“Божхона тизими пастдан бошлаб, энг юқори бўғингача ўзгариши керак” – Президент.
Беш йиллик Тараққиёт стратегиясида экспортни 30 миллиард долларга, хорижий туристлар сонини 7 миллионга етказиш белгилаб олинган.
“Бу катта марралар. Бунинг учун, божхона тизими пастдан бошлаб, энг юқори бўғингача ўзгариши керак. Топшириғимга кўра, қўмитанинг янги раиси бевосита постларда ходимлар, аҳоли ва тадбиркорлар билан юзма-юз гаплашиб, ҳар бир масалани ичига кириб ўрганди. Вилоят ҳокимлари бир нарсани аниқ тушуниши керак. Божхона постлари давлатимиз юзи, биринчи таассурот ҳам айнан божхонадан бошланади. Божхона постига қараб, ҳар бир ҳокимнинг маданиятига баҳо берилади. Улар атрофида равон йўллар, экилган манзарали дарахт ва гуллар, аҳоли учун қулай шароитлар бўлиши шарт”, деди давлат раҳбари.
Йиғилишда мамлакатдаги айрим божхона постлари ичимлик ва электр энергияси билан таъминланмагани, уларга олиб борувчи йўллар таъмирталаб эканлиги, бу аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Шу муносабат билан президент ҳар бир чегара божхона постида манзилли ишларни амалга ошириш вазифасини қўйди.
Ҳокимларга авваламбор йўловчиларнинг 90 фоизи, юк автомобилларининг 70 фоизи ўтадиган 22 та чегара постига олиб борувчи йўллар ва бошқа инфратузилмани яхшилаш юзасидан кўрсатма берилди.
Шунингдек:
“Дўстлик” ва “Яллама” постлари олди ҳудудларида ташқи савдо марказларини ишга тушириш;
“Олот” постига туташ ҳудудда логистика, сервис ва бошқа инфратузилма объектларини ташкил этишни бошлаш;
1 апрелга қадар Самарқанд халқаро аэропортида, кейинчалик барча аэропортларда “божхоначисиз назорат” тизимини ишга туширишга топшириқ берилди.
"Божхона бошқа давлат идораларига намуна бўлиши керак" - деди президент.
Шунингдек, Мирзиёев божхона тизимида “коррупциядан холи” дастурини амалга ошириш соҳа раҳбарларининг энг устувор вазифаси бўлиши шартлигини кўрсатиб ўтди.
Авваламбор, топшириққа кўра соҳада замонавий комплаенс тизими жорий қилинади. Бунда:
1 майдан бошлаб юк декларациясини расмийлаштириш постлардан чиқарилади ва тадбиркор билан бевосита мулоқотсиз, масофавий амалга оширилади;
1 июлдан товарлар коди ва қийматини белгилаш, божхона кўригини ўтказиш, имтиёзли декларация расмийлаштиришда коррупцион хавфлар автоматлашган тизим орқали аниқланади;
1 сентябрдан бошлаб барча электрон божхона хизматлари “ягона дарча” тизими орқали кўрсатилади;
йил якунига қадар божхона кўриги жараёнларини тўлиқ қамраб олган электрон тизим ишга туширилади.
Умуман, божхона хизматларини рақамлаштиришни 2022 йилда 70 фоизга, 2023 йилда 100 фоизга етказиш бўйича дастур қабул қилиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда божхона ходимларининг ҳалол ишлашини таъминлаш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш - коррупцияга қарши курашишда энг муҳим масала эканлиги таъкидланди.
Шу муносабат билан:
бир ой муддатда битта постда 3 йил ишлаган ходимлар ротация қилинади;
1 мартдан барча божхона ходимлари фақат очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади;
божхона тизимида ходимлар даромади ва мол-мулкини декларация қилиш жорий этилади;
божхона ходимларининг фаолияти самарасига қараб, иш ҳақига 50 фоизгача қўшимча устама тўланади. Бу устамалар аниқ кўрсаткичлар (KPI) асосида белгиланади;
олис ва шароити оғир постларда ишлаётган ходимлар иш ҳақига қўшимча устамалар жорий этилади;
божхона ходимларига махсус унвон учун устамалар миқдори оширилади.
Йиғилишда, шунингдек, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш чора-тадбирлари белгилаб берилди:
- Олот, Гулистон, Термиз ва бошқа ҳудудлардаги олис постларда ишлайдиган ходимлар учун хизмат уйлари барпо этилади;
- жорий йилда уй-жойга эҳтиёжи бор 100 нафар ва ҳар йили камида яна шунчадан ходим имтиёзли ипотека билан таъминланади;
- божхона ходимлари ва уларнинг фарзандлари учун олий ўқув юртларига киришда алоҳида квота ажратилади.
Яна бир масала – бугунги кунда божхона органларида аёлларнинг улуши бор-йўғи 8 фоизни ташкил этади.
"Соҳада адолат, ҳалоллик ва тартибни жорий қилишни хоҳлар эканмиз, тизимга аёл ходимларни жалб қилиш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишимиз шарт", деди давлат раҳбари.
Шу муносабат билан келгуси икки йилда аёллар улушини камида 2 баробарга ошириш бўйича ишларни ҳозирдан бошлаш вазифаси қўйилди.
Президент мамлакат минтақа марказида бўлгани боис, контрабандага қарши курашиш ўта муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Бу борада бир қатор ишлар амалга оширилаётгани, мисол учун:
- 2018 йилда 13 мингта уяли телефонлар қонуний олиб кирилган бўлса, 2021 йилда бу рақам 3 миллиондан ошгани;
- йил бошидан 364 килограмм гиёҳвандлик воситалари, 88 минг дона психотроп дорилар ҳамда 181 миллиард сўмлик товарлар ноқонуний кириб келиши олди олингани қайд этилди.
Йиғилишда соҳада қилинадиган ишлар ҳали кўплиги қайд этилди.
Президент имзолаган қонунга кўра, божхона органларининг ваколатлари кенгаяди.
80 фоиз товар кириб келадиган 22 та асосий постни 3D-сканер, рентген аппарати, видеокузатув камераси, сервер, транспорт тарозиси каби ускуналар билан жиҳозлаш топшириғи берилди.
Ушбу мақсадлар учун 370 миллиард сўм йўналтирилади.
Бундан ташқари, темир йўл орқали келадиган товарлар бўйича маълумотларнинг электрон алмашинувини йўлга қўйиш вазифаси қўйилди.
Тегишли мутасаддиларга халқаро жўнатмалар бўйича ахборот алмашиш тизимини жорий этиш топширилди.
Йиғилишда божхона тизимида кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ишларни кучайтириш вазифаси қўйилди.
Эндиликда Божхона институти курсантлари 2-курсда бир ой, 3-курсда уч ой ва 4-курсда олти ой божхона постларида амалиёт ўтайди.
Институтда божхона ходимлари ва курсантларга хорижий тилларни ўргатиш, уларнинг маданияти, савияси, IT кўникмаларини тизимли ошириш кераклиги қайд этилди.
Шунингдек, институтда стандартлар ва метрология, назорат ускуналарини бошқариш каби йўналишлар бўйича ҳам мутахассисларни тайёрлашни йўлга қўйиш лозим.
"Божхона институтини тўлиқ трансформация қиламиз", деди президент.
Уч ой муддатда Бирлашган Араб Амирликлари тажрибасини чуқур ўрганиб, қўшма қадр тайёрлаш дастурини жорий қилиш топширилди.
Божхона ходимлари учун рақамли технологияларга ўқитиш курсларини ташкил этиб, жорий йилда 500 нафар ходимни ўқитиш топширилди.
Божхона қўмитасига кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликни кенгайтиришга кўрсатма берилди.
Янгиликлар лентаси
0